Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2024, Тошкент вақти: 21:09

Ўзбек шоу-бизнесидаги болалар меҳнати - давлат бу болаларни қачон ҳимоясига олади?


Ўзбек тўйларида пул эвазига доира чалаëтган¸ рақс тушиб қўшиқ айтаëтган 7-8 яшар болакайларни Youtube каналига юкланган юзлаб видеода кўриш мумкин.

Юз минглаб томошабин кўрган бундай видеоларда тасвирланган болаларнинг камера ва саҳна ортидаги ҳаëти¸ уларнинг Ўзбекистон қонунларида кафолатланган ҳақ-ҳуқуқлари ҳозирга қадар на жамоатчилик ва на ҳуқуқ тизимлари эътиборига тушган.

Озодлик биринчилардан бўлиб илдизлари ўтмишдаги баччавозлик анъаналарига бориб тақаладиган бундай "томоша"ларга қонун муносабатини ўрганишга уринди.

Youtubeдаги шундай видеолавҳалардан бирида маст-аласт одамлар орасида раққосалар қуршoвида қўшиқ айтаëтган болакай кўринади. “Анжир лабларингдан тишлаб сўраман” дея қўшиқ айтаëтган боланинг қўйни-қўнжига пул тиқилади.

Озодлик тўйма-тўй юрадиган бу ҳофиз боланинг андижонлик маъмури билан гаплашди. Маъмурнинг айтишича¸ Дилмурод ҳофиз дея танилган 11 яшар боланинг "тўйга бориш расписаниeси 24 июлга қадар тўлиб бўлган".

Маъмурнинг яна айтишича¸ Дилмурод тўй¸ ақиқа¸ туғилган кун ва корпоротив зиëфатлар учун олдиндан 300 доллар аванс тўлаб олиб кетилади; тўйда ўртадан тушган пул қўшиқчининг асосий даромадини ташкил қилади.

Озодлик ўз суриштируви давомида республиканинг Тошкент¸ Бухоро ва Урганч шаҳарларида “фаолият” олиб бораëтган ўнлаб “бола-артист” борлигини ўрганди.

“Ўзбекконцерт” эстрада бирлашмаси вакили Озодлик билан 27 март кунги суҳбатда “16 ëшга тўлмаганларнинг концерт-гастрол фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас”¸ деди.

Исмини очиқламаган бу мулозим таъкидига кўра¸ болаларнинг тўй¸ ресторан ëки тунги клубларда пул эвазига қўшиқ куйлаши¸ рақсга тушиб мусиқа асбоби чалиши 2008 йил 7 январдан кучга кирган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига зиддир.

- Болаларнинг концерт фаолияти учун лицензия берилмаслиги - мана шу қонун талаби. Иккинчидан¸ спиртли ичимлик истеъмол қилинадиган¸ катта ëшдаги аудитория учун мўлжалланган шоу-дастур бўладиган жойда юриш¸ ўша шоуда иштирок қилиш болаларнинг психологиясига салбий таъсир қилади. Мана яқинда тўйларни тартибга солиш ҳақидаги тавсияларда ҳам шунга эътибор берилди¸ дейди мулозим.

Мулозимнинг қўшимча қилишича¸ янги тавсияларда бундан сўнг тўйхоналарда мусиқачилар орасида ҳам¸ меҳмонлар орасида ҳам болаларнинг бўлмаслиги алоҳида кўрсатилган.

Заправкадаги қўшиқчи болалар

Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири бензин қуйиш шохобчалари ва Сергелидаги машина бозорида болаларнинг қўшиқ айтиб тиланчилик қилаëтганига гувоҳ бўлди. Мухбиримизнинг айтишича¸ 8 яшар болакай машиналар олдига бориб қўшиқ айтиб бераяпти:

- Мен қўшиқни телефонимга ëзиб олдим¸ эшитиб кўринг¸ дейди мухбиримиз.

8 яшар бола айтаëтган қўшиқ “ 60 га 90 қизлар билан қандай қилиб секс қилиш” ҳақида эди.

Тошкентнинг Миробод туманидаги АËҚШ ходими Озодлик билан суҳбатда бу қўшиқчи болалар “эшикдан ҳайдасанг¸ тешикдан киради” дея нолинди:

- Бу қўшиқчи болалар туппа-тузук оила фарзандларидек кийинган. Ҳар ҳолда ачавотлик эмас. Кимдир уларни шу ишга ўргатган. Сардор ака деган бор¸ ўша эрталаб Нексиясида ташлаб чиқади бу болаларни заправкаларга. Тушликда хот-док опкеберади. Кечқурун яна териб олиб кетади. Очиқчасига уят қўшиқ айтишади баъзилари. Заправкадаги бензин ҳидига биз катталар зўрға чидаймиз¸ бу кичкинтойларга барибир¸ дейди суҳбатдош.

Туристлар учун аниматор болалар

Бухоро шаҳридаги меҳмонхоналарда чет эллик туристлар учун томоша кўрсатаëтган ўнлаб гуруҳ бор. Бу гуруҳларда ëши 16 га тўлмаган раққоса¸ қўшиқчи¸ ҳўққабоз ва оғзидан олов пуркайдиган бозингар болалар кўзга ташланади. Ана шундай томошалар қўйиладиган меҳмонхонада ҳунармандлик буюмларини сотадиган Асадбек исмли рассомнинг Озодликка айтишича¸ ўтган ой бухоролик 12 яшар бола томоша пайтида қўли куйиб касалхонага тушган:

- Оғзидан олов чиқараëтган пайтда елкаси ва қўли куйди. Ëшгина болакай. Умуман болаларнинг дарсдан қолиб чет элликлар кўнглини овлаб юрганидан уяламан. Ëшгина қизлар кечқурун рақсга тушади¸ ўғил болалар ноғора чалади¸ дейди рассом.

Озодлик 27 март куни суҳбатлашган Бухоро вилоят Маданият ва халқ таълими бошқармаси мулозими бу салбий ҳолат билан кураш бораëтганини айтиш билан кифояланди.

Ўзини Бухоро вилоят Маданият бошқармаси мутахассиси деб таништирган Муҳаммаджон Раҳимов “17 ëшга тўлмаганларнинг аниматорлик қилиши мумин эмас”лигини таъкидлашдан бошлади:

- Болалар дарсдан кейин мусиқа мактаби ва тўгаракларда бадиий ҳаваскорлик билан шуғулланиши мумкин. Уларнинг мактаб саҳнаси ва давлат тадбирларида чиқишлар қилиши ҳам олқишланади. Лекин пул эвазига тўйхона¸ ресторан ва меҳмонхонларда томоша кўрсатиши мумкин эмас. Баъзан катта ëшдаги санъаткор ўзи учун лицензия олиб ëнида болаларни ҳам олиб юриши қонун бузилиши ҳисобланади¸ дейди мулозим.

Бухоролик рассом Асадбек чет-эллик туристларга ëқаман деб ўзини ҳар мақомга солмаслик керак¸ дея фикр билдиради:

- Кечқурун соат 9-10 ларда ëш қизчалар отель ҳовлисида атлас лозим¸ зардўзи ичкича кийиб рақсга тушади. Кейин доирачи доирасини айлантириб туристлардан пул йиғиб чиқади. Шу болалар психологиясига тиланчилик ëпишиб қолдими¸ деб ҳам ўйлайман. Олдин учинчи дунë мамлакатлари¸ масалан¸ Ҳиндистонда шунақамиш деб эшитардик. Энди ўзимиз шу аҳволга тушдик¸ дейди бухоролик рассом.

Ҳиндистонлик фаоллар ўзбек болалари тақдиридан хавотирда

Мақола ëзилаëтган пайтда Озодликка ҳиндистонлик журналистлардан ташвишли мактуб келди. Журналист Сварах Сингх имзолаган бу мактубда Ҳиндистонда “шафқатсиз эксплуатация қилинаëтган ўзбек қўшиқчи болакайлари тақдиридан хавотир” изҳор қилинади.

Гап Ҳиндистон телеканали мусиқий танловида қатнашган тошкентлик болаларнинг “Ҳавас” ансамбли ҳақида. Қаҳрамон¸ Шаҳноза¸ Достонбек ва Робиялардан иборат ўзбек ака-укалар ҳинд фаолларига кўра¸ “шоу-бизнес корчалонлари тарафидан аëвсиз ишлатилмоқда”

"Ҳавас" гуруҳи ҳақида Ҳиндистон матбуотидаги мақола
"Ҳавас" гуруҳи ҳақида Ҳиндистон матбуотидаги мақола

Ҳиндистонлик журналист Сварах Сингх мактубидан иқтибос

“Биз бир гуруҳ журналистлар болалар меҳнатига чек қўйиш масаласида ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз. Ўзбекистонлик тўрт нафар боладан ташкил топган “Ҳавас” гуруҳининг Ҳиндистондаги “фаолиятига” гувоҳ бўлдик. Бизнингча¸ гуруҳ продюсери ва режиссери бу болаларни пул топиш учун ортиқча мажбурлаяпти. Болалар зиммасига ортиқча машаққат юкланган. Меҳнат боис болаликдан жудо қилинган¸ мактабга бормаëтган бу болалар руҳий¸ жисмоний¸ ижтимоий ва ахлоқий таҳдидлар билан юзма-юз келганига гувоҳ бўлдик. Бу кўплаб халқаро ташкилотлар тарафидан болалар меҳнати дея қораланадиган ҳолат. Биз “Ҳавас” гуруҳининг Ҳиндистоннинг турли шаҳарларида 20 кун кетма-кет концерт берганига гувоҳ бўлдик. Ҳиндистон улкан давлат¸ бу давлат бўйлаб саëҳат қилиш катта ëшдагилар учун ҳам машаққат ҳисобланади. Биз “Ҳавас” гуруҳидаги болаларнинг ҳолдан тойгани¸ концерт бераман деб бир йил машаққат чекканлигини ташвиш билан кузатдик.

Бу болалар узоқ давом этган оғир сафар давомида яхши овқатланиш ва мактабга боришдан мосуво бўлганидан хавотир билдирамиз”¸ дейилади мактубда.

Расмий Тошкентга чақириқ

Мактуб муаллифлари расмий Тошкент эътиборини бу муаммога қаратиш истагини билдирган.

"Биз Ўзбекистон ҳукуматидан фарзандларини эксплуатация қилаëтган ота-онага чора кўришни сўраймиз. Болаларнинг қобилиятли эканини тушунамиз. Қобилиятни намойиш қилишнинг болаларбоп воситалари бор. Мусиқа конкурслари¸ ТВ дастурлар ва бошқа. Аммо пул учун қилинаëтган машаққатли ва мунтазам концертлар бу болалар қаддини букмоқда. Ҳатто катта артистлар ҳам кетма-кет концерт қўйганидан кейин дам олишга эҳтиëж сезади. Бу болаларнинг ҳолдан тойганини ҳис қилган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматидан илтимос қиламиз. Бу болалар ҳам бола каби яшашга лойиқ¸ уларни болаликдан жудо қилманг. Илтимос бу болаларнинг ëши каттайиб кетмасдан туриб уларни машаққатдан қутқаринг"¸ дея таъкидланади мактубда.

"Ҳавас" гуруҳи афишаси
"Ҳавас" гуруҳи афишаси

Ëпиқ доира

Озодлик ҳиндистонлик журналистдан келган мактуб мазмунини “Ўзбекконцерт” эстрада бирлашмаси вакилига айтиб берди. Ўз навбатида мулозим бу мактуб мазмунини юқори инстанцияга етказишга ваъда берди.

Ўзбекистонлик санъатшунос Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда “шоу-бизнесдан фойда олаëтган мулозимлар бу соҳадаги мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун бармоғини ҳам қимирлатмайди” дея кескин фикр билдирди:

- Тошкент булбули¸ Шаҳрихон гўзали каби эпитетлар билан гўдак санъаткорлар ҳақида чиройли гапиришдан нари ўтмайди булар. Ҳали 17 га тўлмаган раққоса қизларнинг мулозимлар тарафидан зўрлангани ҳақида ўша мулозимлар устидан бўлаëтган суд мажлисларда эшитаяпмиз. Бу охири тугамайдиган порочний круг¸ дейди Ризаев.

Унга кўра Ўзбекистондаги болалар ансамбллари билан боғлиқ муаммолар бугун пайдо бўлмаган:

- 1978 йили “Пахтакор” футболчилари ҳалокатга учраган учоқ ичида “Пахтаой” деган кичкинтойлар ансамбли ҳам бор эди. "Пахтаой" гўдаклари катталар кўнгилхушлиги учун қурбон бўлди. Ўтган йили Ўзбекистондан Қирғизистонга борган болалар рақс ансамбли Бишкек-Балиқчи йўлида автоҳалокат қурбони бўлди. Ҳар йили мустақиллик ва наврўз байрамларида минглаб ўқувчи ойлар давомида массовкага жалб қилинади. Пахта ëки чопиққа олиб кетилган болаларни айтмаяпман. Умуман¸ ҳукумат ҳам жоҳил ота-оналар ҳам болаларга нисбатан зулмни тўхтатсин¸ деган фикрдаман¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро босим¸ хусусан¸ юздан ошиқ ширкат бойкоти ортидан¸ мактаб ўқувчиларини дала ишлари¸ хусусан¸ пахта йиғим-теримига оммавий тарзда олиб чиқишга 2014 йилдан бошлаб барҳам беришга киришди.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида ўзбек болаларининг шоу бизнес индустрияси манфаати учун эксплуатация қилиб келинаëтгани муаммосининг расмий доираларда муҳокама қилингани¸ ҳуқуқ тизимларининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунни бузиб келаëтган ота-оналар ва продюсерларга нисбатан бирор чора кўрганига оид бирор маълумот йўқ.

Озодлик бу жараëнни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG