Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Фермерлар президент қарорига зид шартномани имзолашга мажбурланяпти


Қорақалпоғистонлик фермерлар бу йил ҳам буғдой шартномалари ноқонуний тузилаётганини айтишмоқда.
Қорақалпоғистонлик фермерлар бу йил ҳам буғдой шартномалари ноқонуний тузилаётганини айтишмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларга бағишланган йиғилишда 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши ҳақида гапирган эди.

Бу фермерлар ҳаётини яхшилаш томон ташланган катта қадам сифатида олқишланди. Амалдачи?

Қорақалпоғистонда фермерлар дон комбинатлари билан келгуси йил ғалла ҳосили учун эски нархда шартнома қилишга мажбурланяпти.

Фермерларнинг айтишларича, уларга имзолаш учун юборилган электрон шартномада келгуси йилдаги бир килограмм буғдой нархи 3000 сўм қилиб белгиланган, аммо Вазирлар Маҳкамаси қарорида қайд қилинганидек, буғдой нархи ҳосил пишган пайтдаги биржа нархларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши шартномада кўрсатилмаган.

Фермерлар бунинг ортидан яна фермернинг эркин бозорда мустақил ҳаракат қила олиш имконияти бўғилиши, президент фармонида кўрсатилганидек эркин фаолият юритиш имконидан маҳрум бўлишдан хавотир билдирмоқда.

“Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖ раҳбари Рашид Юлдашев шартноманинг бу тарзда тузилиши фермерлар норозилигига сабаб бўлганини айтар экан, шартномани мукамаллаштириш устида иш олиб борилаётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа туманидаги "Гулдурсун Агротаъминот" фермер хўжалиги иш юритувчиси Атаназар Ризаевнинг айтишича, уларга президент қарорига зид шартнома таклиф қилинган:

“Қорақалпоқдон” билан шартнома шартларида келгуси йил буғдойнинг килосини 3 минг сўмдан оламиз дейилган. Бу президент қарорига зид. Чунки қарорда давлат эҳтиёжи учун сотиб олинадиган ғалла ҳам биржа нархларидан келиб чиқиб белгиланади, дейилган. Энди биз айтяпмиз, шартномага 3 минг сўм деб ёздирибсиз. Биз бунга қойилмиз. Лекин президентнинг қарорида бунақаку, десак, нарх фарқини кейин ташлаб бераверамиз, дейди. Сиз буни оғзаки айтяпсиз, шуни шартномага ёзиб қўйинг ҳаммаси қонуний бўлади десак, йўқ бўлмайди, дейди”.

Шартнома нусхаси.
Шартнома нусхаси.

Иккинчидан, дейди фермер, кластер ва дон комбинатлари буғдой омборга тушгандан кейин 14 кун ичида фермернинг пулини тўланиши керак деган бандни ҳам шартномага киртишлари керак:

“Қишлоқ хўжалиги жамғармаси биз ғаллани топширганимиздан кейин дон комбинатларига пул беради. Вазирлар Маҳкамаси қарорида 14 кун ичида берилсин дейилган. Энди, булар жамғарма бизга пулни 14 кун ичида беради ва биз икки кун ичида фермернинг ҳисоб рақамига шу пулни тушириб берамиз, деб ёзишлари шарт. Чунки, бу йил буғдой топширганимиздан кейин икки ойлаб пулимизни ололмай сарсон бўлдик. Булар шуни ёзмаяпти, жамғармадан пул тушганидан кейин икки кун ичида берамиз, деяпти. Жамғармадан пул тушдими ёки йўқ, биз уни қаердан биламиз?”

Атаназар Ризаев кластер ва дон комбинатларининг бу "ўйин"ларига шундай мисол келтиради:

“Булар жамғармадан пул ҳали тушгани йўқ, деб алдаб юраверади. Бу йил кластерга сотган эдик. Саводим борлиги учун жамғарма билан боғландим ва нега бир ярим ойдан буён пулни туширмаётгани сабабини сўрадим. Улар эса биз ғалла қабул қилинганидан кейин эртасига пулни ташлаб беряпмиз, деди. Ҳар кунгиси ҳар куни пули ўтказилаётган экан. Кўрдингизми, ҳамма ўйин кластер ва дон комбинатларида. Кейин кластер раҳбарининг телефонини қўшдимда жамғарма билан гаплаштирдим, кластернинг алдаб юргани маълум бўлди ва эртаси куни пулимни ташлаб берди. Ваҳоланки ўз ҳуқуқини билмайдиган минглаб фермер пулларини улар ойлаб айлантириб, фойда кўриб юради”.

Ғалла 2022: Президент ва ВМ қарорлари яна тўлиқ ижро этилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:17 0:00

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг айтишича, улар шартнома шартлари фермерлар ҳуқуқларига зид эканлиги ҳақида Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари кенгашига шикоят ҳам қилишган:

“Кенгаш раиси Нуримбетов “Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖга шикоят мактуби ҳам чиқарди. Лекин шартнома ўзгартирилмаяпти. Ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари шартномага имзо қўясан деб фермерларни мажбурлаяпти. Президент фермерларга эркинлик берди, лекин қани у эркинлик. Яна мажбурий шартнома, яна улар айтган нарх! “Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖ раиси Юлдашев билан гаплашсак, бу шартномада Тошкентдан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳукуматдан электрон юборилган ва мен уни ўзгартира олмайман, деяпти. Демак, сувни лойқалалаётганлар энг тепада ўтирганлар экан-да. Бўлмаса, президент ва вазирлар Маҳкамаси қарорига қарши чиқармиди?"

Озодлик “Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖ раиси Рашид Юлдашев билан боғланиб, фермерлар иддаоларига муносабат сўради.

Рашид Юлдашев шартноманинг бу тарзда тузилиши фермерлар норозилигига сабаб бўлаётганини тан олар экан, шартномани мукамаллаштириш устида иш олиб борилаётганини айтди:

“Фермерлар бизга ҳам хат билан мурожаат қилишди. Ҳозир раҳбарият билан гаплашиб турибмиз. Менимча, ҳали ўзгартириб беришса керак. Чунки онлайн шартнома бутун Ўзбекистон учун бир хил бўлади. Бу масала бўйича ишлаб турибмиз, раиснинг ўзи шуғулланяпти, резултат бўлади, албатта”.

Озодлик Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги фермерлардан шартнома қандай тузилаётгани ҳақида сўради. Фермерларнинг айтишларича, уларнинг шартномасига буғдой нархи ўша пайтдаги биржа нархи билан ҳисоб-китоб қилиниши кўрсатилган.

Агар Қорақалпоғистонда бу муаммо бўлса, андижонлик фермерлар эса худди аввалгидай бўм-бўш шартномага имзо ва муҳр қўйиб беришган. Бу ҳақда Андижон туманидан бўлган, исми сир қолишини сўрган фермер бундай дейди:

“Бизда юз фоиз фермердан “Андижон дон маҳсулотлари” АЖ билан бўм-бўш шартномага муҳр ва имзо қўйдириб олишди. Ишонасизми, на центнер ёзилган, на буғдойнинг харид нархи. Ҳар йилгидек, ўзлари хоҳлаган нархни ўша пайтда босишади. Бу ишларни ҳаммасига туман ҳокими мажбурлади”.

Президент қарорига кўра, бир тонна буғдой нархи ўтган йилги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилди.

Бундан ташқари, президентнинг 2021 йил 15 ноябрдаги қарорига кўра, фермер ҳар гектар майдон ҳисобидан ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотади.

Бироқ президент ва ҳукумат қарорлари чиққанига қарамай, Ўзбекистоннинг турли туманларида фермерларни президент қарорларига зид тузилган шартномаларни имзолашга мажбурлаш давом этмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG