Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:31

Тошкент ҳокими бузилишлар ҳақида хориж дипломатлари ва ҳуқуқ фаоллари ўтказган тадбирга келмади


Гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниев (марказда) 15 апрель кунги тадбирда чиқиш қилмоқда.
Гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниев (марказда) 15 апрель кунги тадбирда чиқиш қилмоқда.

15 апрель куни Ғарб дипломатик ваколатхоналари¸ халқаро ва маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари¸ тадбиркор ва журналистлар иштирокида ўтказилган тадбирда кейинги йилларда ўзбекистонликлар орасида энг кўп эътироз ва норозиликка сабаб бўлаëтган бузилиш ва қурилишлар жараëни муҳокама қилинди.

Иштирокчиларга кўра¸ Мирзиëев даврида Қорақалпоғистондан то Андижонга қадар Ўзбекистон ҳудуди улкан қурилиш майдонига айланган ва бугунги Ўзбекистонда инсон ҳақлари энг кўп шу майдонда топталмоқда.

Оддий мулкдор ва тадбиркорларнинг ноқонуний бузилишлар¸ компенсациясиз уйидан ҳайдалишлар ҳақидаги шикоятларини ҳокимият масъуллари билан муҳокама қилиш¸ халқ норозилигига ечим топиш механизмларини биргаликда излашни мақсад қилган бу тадбирга бирорта ҳокимият вакили келмади.

Ташаббусчиларнинг Озодликка айтишича¸ 15 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева номига ëзилган таклифнома расмий йўл билан топширилган¸ аммо улардан бирор бир шаклда жавоб бўлмаган.

Айни пайтда¸ ўзбек расмийлари ва аксар маҳаллий нашрлар келмаган бу тадбирда АҚШ ва ЕИ дипломатлари¸ БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти намояндаси¸ Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилотининг Марказий Осиë бўйича вакили ва айрим хориж матбуоти вакиллари иштирок этди.

Тошкентдаги давра суҳбари иштирокчилари.
Тошкентдаги давра суҳбари иштирокчилари.

15 апрель куни Тошкентда ўтказилган тадбир ташаббусчиларидан бири - Гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича¸ ўз ташкилотига тадбиркор ва оддий ўзбекистонликлардан тушаëтган шикоятларнинг қарийб 80 фоизи¸ айнан бузилишлар билан боғлиқ:

- Кейинги уч йил давомида ўтказган мониторинг натижасида келган хулосамиз шуки¸ қонун бузилиш ҳолатларининг 78 фоизи айнан бузилишлар билан боғлиқ. ”Ноқонуний бузилишлар¸ бузилаëтган мулкка мутаносиб компенсация тўламай туриб¸ одамларни уйидан чиқариб юборишлар халқ орасида норозиликка сабаб бўлмоқда. Биз фуқаролик жамияти шу муаммоларни ҳал қилиш учун механизм яратиш мақсадида давлат ҳокимияти вакилларига мулоқот таклиф қилдик. Лекин улар бу таклифимизни инобатга ҳам олмади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:00 0:00
Бевосита линк

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиë бўйича етакчи тадқиқотчиси Стив Свердлов¸ Ўзбекистонда сўз эркинлиги майдони кенгайиб бораëтган бир пайтда¸ оддий аҳоли¸ мулкдор ва тадбиркорлар ҳақларининг бузилиши масаласида жиддий гаплашиш вақти келганини айтади:

- Бизга келаëтган шикоятларнинг ҳам аксарияти одамлар яшаб турган уй-жойларнинг огоҳлантиришсиз¸ тегишли компенсациясиз бузиб ташланаëтгани ҳақида. Биз гаплашаëтган ўзбекистонликлар президентнинг гаплари¸ хусусан¸ мамлакатни ривожлантириш учун хориж инвестицияларини жалб қилиш ҳақидаги баëнотларини диққат билан эшитаëтганларини айтмоқда. Улар давлат ҳокимиятидан ана шу гапларига масъул бўлиш¸ берилаëтган ваъдаларини амалга ошириш¸ ўз ҳақлари ҳимояланишини кутмоқда. Биз бугун давлат ҳокимияти¸ фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг халқ талаб ва истагига эътибор қаратишига умид қилаяпмиз. Биз бу борада муаммога ечим бўлиши мумкин халқаро тажриба билан ўртоқлашишга тайëрмиз.

Ҳуқуқ фаоллари бузилишлар оқибатида мол-мулкидан ажраган оддий аҳоли ва тадбиркорлар сонига оид аниқ рақамларни тўплаш билан шуғулланаëтганлари¸ ўз суриштирувлари давомида бу жараëнда одамларнинг юрак хуружи ва инсультдан вафот этганига оид фактларни ҳам ўрганаëтганини билдирди.

15 апрель куни Тошкентда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон бўйлаб қизғин бораëтган бузиш ва қуриш жараëнида ҳокимият номидан йўл қўйилаëтган қонун бузилишларига ëрқин мисол тариқасида тошкентлик инвестор Муҳаммадбобур Хўжаевнинг Тошкент шаҳар¸ хусусан¸ Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги билан давом этаëтган кураши тилга олинди.

Ўз чиқишида Муҳаммадбобур Хўжаев шаҳар ҳокимлиги масъуллари билан давом этаëтган ҳуқуқий можаро тафсилотларини ҳикоя қилди.
Ўз чиқишида Муҳаммадбобур Хўжаев шаҳар ҳокимлиги масъуллари билан давом этаëтган ҳуқуқий можаро тафсилотларини ҳикоя қилди.

Ўзининг "ҳокимият томонидан уюштирилаëтган муттасил дезинформация кампанияси қурбонига айланганини" таъкидлаган Хўжаев¸ ўз муаммолари ҳақида хориж ахборот воситалари¸ хусусан¸ Озодликка гапирганидан сўнг тазйиқ ва таҳдидларнинг кучайганини билдирди:

- Тошкент шаҳар ҳокими матбуот анжумани ўтказиб¸ Хўжаевни танимайман¸ лекин у билан алоҳида учрашиб¸ гаплашишга тайëрман¸ деб баëнот қилаяпти. Лекин мени ҳокимлик эшигидан ҳам киритишмайди. Мен президентнинг чақириғига ишониб¸ қонун доирасида бизнес қилдим¸ қонун доирасида белгиландек уй қурдим. Аммо ҳозир буларнинг ҳаммасини ҳар хил ëлғон ва алдовлар билан буздириб¸ мени қурилиш бизнесидан чиқаришмоқчи. Жаноб Ортиқхўжаев гаплашишга тайëр бўлса¸ бир тадбиркор ва инвесторга ëрдам бериш нияти бўлса¸ марҳамат¸ мен саҳарда бўладими¸ ярим тундами¸ гаплашишга тайëрман. Лекин кўриб турганингиздек¸ шу ниятда уюштирилган тадбирга на Ортиқхўжаев ва на унинг вакили келди.

Тошкент тадбири иштирокчилари¸ Муҳаммадбобур Хўжаев каби маҳаллий инвесторлар сармояси ҳавога совурилаëтганини кўриб¸ қайси хориж инвестори Ўзбекистонга пулини олиб киради¸ деган саволни кун тартибига қўйди.

Айни пайтда¸ ҳуқуқ фаоллари ҳокимият олдига аҳоли норозилигини тўхтатиш учун бузилиш ва қурилишлар лойиҳасини бундай ҳудудда яшаб-ишлаб келаëтган мулкдорлар билан олдиндан муҳокама қилиш¸ улар фикрига қулоқ солиш каби таклифларни қўйди¸ аммо ҳозирча бу таклифларга ҳам бирор шаклда муносабат билдирилмади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маҳаллий фуқаролик жамияти фаоллари ва халқаро ҳамжамият вакиллари иштирокидаги оддий халқ ва тадбиркорларнинг долзарб муаммосига бағишланган давра суҳбатида нега ўз намояндаси қатнашмагани ҳақидаги Озодлик саволига ҳозирча жавоб қайтармади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG