Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:38

Ер талашув. Нега ингушлар Чеченистондан дарғазаб бўлмоқда?


Норозилик акцияларида қатнашаётганларга кечки овқат тайёрланмоқда. Ингушетия, Магас шаҳри.
Норозилик акцияларида қатнашаётганларга кечки овқат тайёрланмоқда. Ингушетия, Магас шаҳри.

Россия жанубидаги Ингушетия Республикаси шусиз ҳам нотинч бўлган Шимолий Кавказ минтақасидаги янги зиддият марказига айланиб қолди.

Бир ҳафтадан бери одамлар Ингушетия раҳбари Юнус-Бек Евкуров билан унинг чеченистонлик ҳамкасби Рамзан Қодиров 26 сентябрда имзолаган ер алмашиш бўйича битимдан норози бўлиб митингларга чиқмоқда.

Кўплаб ингушлар энг сара ерни узоқ тоғ ерига алмаштириш номақбул эканини айтмоқда. Норози бўлаётган кишилар Евкуровнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Улар республика раҳбарини битимга қўл қўйганликда ва халқ манфаатини ҳимоя қила олмаганликда айбламоқда.

Бир ҳафтадан бери давом этаётган норозиликларнинг охири кўринмайди. Намойишчилар икки кун олдин чодир ва ўриндиқларини шаҳарнинг марказий майдонидан радио ва телевидение компанияси олдига кўчирди. Шаҳар ҳокимияти намойишчиларга 15 октябрга қадар ўтирган ҳолда намойишни давом эттиришга рухсат берди.

Қанақа битим ўзи у?

Битимнинг мақсади икки республика ўртасидаги чегара баҳсига нуқта қўйишдир. Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг орадан бир йил ўтиб, 1992 йили Чечен-Ингуш Автоном Совет Социалистик Республикаси иккига бўлинган эди. Иккаласида мусулмон аҳоли кўпчиликни ташкил қилади.

Ҳудуд алмашишга қаратилган ушбу битим икки республика ўртасида чегарани демаркация қилишга оид йирик битимнинг бир бўлагидир.

Ўтмишда ҳам чегара билан боғлиқ чалкашликларни аниқлаштириб олишга уринишлар бўлган эди. 1993 йили Ингушетия билан Чеченистоннинг ўша пайтдаги раҳбарлари Руслан Аушев билан Жоҳар Дудаев ўртадаги чегарани демаркация қилиш бўйича келишувни имзолаган эди, аммо ўртадаги вазият таранглигича қолаверди. Яна бир битимга 2000- йилларнинг бошида қўл қўйилди, бироқ унинг ижроси таъминламади.

Энг сўнгги битимни Ингушетия парламенти 4 октябрда маъқуллади, бироқ баъзи депутатлар овозлар сохталаштирилганини иддао қилиб чиқди.

Республика Конституцион суди ҳам ер алмашиш бўйича битим асосий қонунга зид экани ҳақида қарор чиқарди.

Зиддият сабаби нимада?

Ингушлар ерни беришга оид ҳар қандай битимни “оғриқли масала”, деб билади, дейди Грузиянинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар жамғармаси эксперти Александр Квахадзе.

Ингушетия 1992 йили талаш бўлган Пригородний туманини Шимолий Осетияга бой берди. Можарода тахминан 600 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти ингушлар эди.

“Кавказский узел” сайти Чеченистон ер алмашишни ерни босиб олишга айлантирди, деб ёзди. Сайтнинг 9 октябрдаги мақоласида Чеченистон Ингушетиядан кўра 26 баробар кўп ерга эга бўлгани айтилади.

Нега ингушлар раҳбари бунга рози бўлди?

Хабар қилинишича, август ойида қурувчилар Чеченистон хавфсизлик кучлари ҳимоясида Ингушетиянинг Сунжен туманига йўл қурган. Қурилиш жараёнида табиат қўриқхонасидаги ноёб дарахтлар кесилган, тупроқ қатламига зарар етган. Ингушетия чегарасидан 2 километр ичкаридаги Аршти қишлоғида Чеченистон чегарасини ўрнатишга уриниш бўлган.

2013 йили Чеченистон Ички ишлар вазирлигининг “қодировчилар” деб аталадиган 300 нафар махсус аскари Ингушетия ҳокимият идораларидан рухсат олмай туриб, ўша ингуш қишлоғига кириб борди ва ўша ердаги полиция кучлари билан тўқнашди.

“Қодировчилар”нинг бунақа хатти-ҳаракатлари Ингушетия раҳбарларини чўчитиб қўйган кўринади. Шу сабабли улар вазият кескинлашиши олдини олишга ҳаракат қилган. Евкуров сентябрь ойи ўрталарида чегарадаги вазиятни “назорат остида” деб айтган эди.

Ер алмашув ҳақидаги битим Қодировни қониқтирадими?

Экспертлар Қодиров ўз таъсирини ҳам, Чеченистоннинг ҳудудини ҳам кенгайтиришга интилмоқда. Келгусида Доғистондан ҳам ер олишга уриниш бўлиши мумкин. Қодиров Доғистоннинг Новолак туманини ҳам тилга олиб келади, чунки у чеченлар бошқа жойга мажбуран кўчирилишидан олдин Чеченистонга қараган.

Москванинг жавоби

Ингушетия расмийлари баҳсга Москва аралашиб, воситачи бўлишини истамоқда. 2012 йили Қодиров билан Евкуров икки республика ўртасидаги чегара масалаларини федерал даражада музокара қилишга рози бўлган эди. Аммо Кремль баҳсга аралашмади.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков “Кремль вазиятни диққат билан кузатаётгани”ни айтди. Лекин унинг фикрича, икки республика айни масала юзасидан ўзлари келишувга эришиши лозим.

Квахадзега кўра, Қодировнинг Россияда юқори мавқега эга экани Кремль қарор чиқаришида унга ён босишини англатади.

XS
SM
MD
LG