Линклар

Рамзан Қодиров Тошкент зиёрати чоғида Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди

  • Озодлик

16 октябрда Ўзбекистонга Россиянинг Чеченистон Республикаси раҳбари Рамазон Қодиров келди

Маҳаллий нашрларга кўра, Чеченистондаги "Ахмат" клуби президенти, Чеченистон бокс федерацияси раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистонга сафари давомида турли тадбирларда иштирок этиши режалаштирилган.

info.islom.uz сайтининг хабар қилишича, Рамзан Қодиров 16 октябрь куни «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидига бориб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилди, «Ҳилол-нашр» нашриёт уйининг раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф билан учрашиб, Қуръони Карим тиловатидан сўнг шайх ҳазратларининг, барча ўтган мўмин-мусулмонларнинг ҳақига дуо қилди.

Айтилишича, Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад хожи Қодиров 1980-йилларда Тошкент ислом олий маъҳадида ўқиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан таҳсил олган ва умрининг охиригача содиқ шогирдлардан бўлиб қолган эди.

info.islom.uz сайти Рамзан Қодировнинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат этаётгани акс этган суратларни ҳам чоп этди.

Президент қабулида

Расмий нашрлар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 16 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинганини ҳам хабар қилдилар.

Учрашувда Ўзбекистон билан Чеченистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини кенгайтириш, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Қодиров Мирзиёевга самимий қабул ҳамда отаси Аҳмад ҳожи Қодиров таҳсил олган ислом цивилизациясининг тарихий марказларини зиёрат қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилишга кўмаги учун чуқур миннатдорлик билдирган ҳамда уни Чеченистонга таклиф қилган.

“Президент [Мирзиёев] Грознийга келишга ваъда берди”, деб ёзди Рамзан Қодиров ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида.

Путиннинг "содиқ аскари"

Рамазон Қодиров – Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодировнинг ўғлидир.

Аҳмад Қодиров 2004 йил, 9 май куни Чеченистон маркази Грозний шаҳри стадионида байрам тадбири ўтказилаётган пайтда амалга оширилган террористик ҳуруж қурбони бўлган.

1976 йил, 5 октябрда туғилган Рамзан Қодиров 2007 йил 5 апрелидан буён Чеченистон раҳбаридир.

Ўзини президент Путиннинг “содиқ аскари” деб атайдиган Рамзан Қодиров турли баёнот ва акциялари туфайли мусулмонпарвар сифатида танилган.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоллари Қодировни Чеченистонни инсон ҳуқуқларини ўта қўпол тарзда бузиш эвазига бошқариб келаётганликда, айблаб келади. Уларнинг фикрича, журналист Анна Политковская, сиёсатчи Борис Немцовларнинг ўлдирилиши изи ҳам айнан Чеченистон ва Рамзан Қодировга олиб бориши мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG