Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Данғара ҳокимлиги Германиядан қорамол келтирган илғор чорвадорни синдирди (ВИДЕО)


"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Мамадалиев
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Мамадалиев

Фарғона вилояти, Данғара туманидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган “Тўлқин Данғара Равнақи” фермер хўжалигининг 37,5 гектар ери¸ "100 гектардан кам"¸ деган асосда бошқа фермерга қўшиб берилди.

Фермер хўжалиги раҳбари 69 яшар Муроджон Мамадалиевнинг Озодликка айтишича¸ бунинг ортидан даласи ва пишлоқ ишлаб чиқариш цехидаги 30 нафар одам ишсиз қолган¸ Германиядан келтириб, 160 бошга етказган зотли моллари тақдири хавф остида қолган.

Озодлик боғланган Данғара туман ҳокими Саидмурод Аминжонов бу муаммо ўрганилиб, ижобий ҳал қилинишини билдирди.

30 одамга иш берган чорвадор фермерни ҳокимият синдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:17 0:00

Муроджон Мамадалиев 1994 йилда ўзи бошқарган совхоз фермасини аукционда ютиб олиб, чорвачиликка ихтисослаштирилган “Зилола” хусусий фермер хўжалиги ташкил қилган ва унга чорва озуқаси учун 61 гектар ер берилган.

"Тўлқин Данғара равнақи" фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Мамадалиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк

2009 йилда фермер сутни қайта ишлаб, пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва ўндан ортиқ одамни иш билан таъминлаган.

2016 йилда 150 бош қорамоли борлигига қарамасдан ўша пайтдаги Данғара тумани ҳокими Ш. Абдусаломов қарори билан қисқариб-қисқариб 37,5 гектарга тушиб қолган ер пахта, ғалла экиш учун давлат захирасига қайтарилган.

Мамадалиев яна тендерда ўз ерини ютиб олиб, “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалигини ташкил қилган ва ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экиб, чорвачилигини ривожлантирган.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

"Планлар доим 100 бўлган!"

Озодлик билан суҳбатда Муроджон Мамадалиев кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этиб, ғалла ва пахта режасини ҳам доим ортиғи билан бажариб келганини айтади.

Мамадалиев таъкидича¸ 2019 йил январь ойидаги мақбуллаштиришга оид ҳукумат қарори чиқиши ортидан ўз ери бирор расмий ҳужжат тақдим қилмасдан¸ огоҳлантирувсиз бошқа фермерга қўшиб берилган:

- Ғалладан чиққан сомонию макка экиб молларни эплаб турган эдик. Мақбуллаштиришга келганида, билмай қолдик гуноҳимиз нима эканлигини? Энг илғор фермер бўлсам, маблағим ҳам бор, техникам ҳам бор, фермам ҳам бор, 160 бош қорамолим бор, ҳеч бир жойда оқсаб қолган жойимиз йўқ. Пахта ва ғаллани доим 130-140 қилиб бажариб келган бўлсам. Ҳоким бир марта фермага бош суқиб кўрмадиям, ўзларича қарор чиқариб, бошқа фермерга бериб юборибди.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

Фермернинг айтишича, унинг вилоят ҳокимига ёзган аризаси бўйича қишлоқ хўжалиги бошқармасидан вакил ҳам келиб кўрган:

- Ҳозир бошқармадан жавоб хати келди, ҳаммаси тўғри, эътирозингиз бўлса бошқа жойга арз қилаверинг, дебди. Булар менга мана бу ерда нотўғри иш қилибсан, бу планни бажармабсан, деб дангал айтиб қўя қолса экан, мен тақдирга тан берсам. Мен нима гуноҳ иш қилдим. Мен обод қилган ерлар бутунлай шўр босган эди. Илгари у жойга совхоз пахта экмас эди. Пахта бўлмасди у ерда. Мен гўнг солавериб, у ерни одам қилдим. Ҳозир 50 центнердан пахта беради ўша ерлар. 25 йил давомида етти ҳокимни кўрдим. Бирортасига панд берганим йўқ. Мана бу ҳоким эса индамай ерни тортиб олаяпти.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

Зотли молларни Германиядан келтирган эдим

Муроджон Мамадалиев ери тортиб олиниши ортидан Германиядан келтирилган зотли моллари тақдири мавҳум қолаëтганини айтади:

- Бундан ўн йил олдин Германиядан 12та бўғоз сигир олиб келган эдим. Ҳозир шулар 160та бўлди. Ҳаммаси бир зотдан, қора-ола. Илгари бедапояларимиз бор эди, ҳар бир сигир 15 литргача сут берарди. Ҳозир эса 7-8 литрга тушиб қолди. Чунки бедазорлар энди йўқ, сомонга кепак аралаштириб беряпмиз. Бу раҳбарлар молларнинг уволига қолади.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

Пишлоғимиз "ходовой" товар

Фермер агар ери қайтариб берилмаса, зотли молларини сотишдан бошқа иложи қолмаслигини айтади:

- 2009 йилда пишлоқ ишлаб чиқарадиган цех ташкил қилдик. Ўзимизнинг ва бошқа фермалардан сут келтириб қайта ишлаймиз. Бутун вилоят бўйича ҳамма дўконларда бизнинг пишлоқ бор. Энг ходовой товар. Ўндан ортиқ одам ҳам ишсиз қоладиган бўлди. Бошим қотиб қолди, нима қилишга ҳайронман. Молларни сотиб юборишдан бошқа чорам қолмади. Сомон ғарамимизнинг ҳам охири кўриниб қолди. Энг ичим ачигани, молларга. Кимнинг қўлига тушади, аҳволи нима бўлади. Тоза, бир хил зотли қилиб, кўпайтираётган эдик. Икки йилда 400 тага етарди.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

Ҳокимлардан ҳам, прокуратурадан ҳам нажот йўқ

Муроджон Мамадалиев ҳокимият ва прокуратурага қилган мурожаатлари ҳозиргача натижасиз қолаëтганини айтади:

- Туманда ҳам, вилоятда ҳам чорвачилик бўйича нечта мутахассислар ўтирибди. Мақбуллаштириш комиссияси аъзолари ўшалар ҳам. Биттаси бир нарса демаяпти. Туман ҳокими Саидмурод Аминжоновга ўн марталаб бордим. Ерлари олинган фермерларнинг бирортасини ҳам яқинлаштирмайсан, деб айтиб қўйган экан. Учрашиб бўлмайди, у одам билан. Туман прокуратурасига ёздим. Келиб кўришди, лекин ҳеч нарса бўлмади.

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

“Орқасида тирговичи бўлмаганлар ерсиз қолди”

Исми сир қолишини сўраган данғаралик фермерлардан бири мақбуллаштириш тадбиридан аксар фермер ерсиз¸ ишсиз қолаëтгани¸ жараëндан фақат ҳоким ва унинг ўринбосари манфаат кўраëтганини таъкидлади.

“Бизда мақбуллаштиришни асосан туман ҳокимининг қишлоқ ҳўжалиги бўйича ўринбосари Азиз Мирсодиқов туман ҳокими билан келишиб ўтказди. Комиссия хўжа кўрсинга тузилганди, депутатлар ҳам шунақа! Азиз Мирсодиқовнинг ўзи ва кўплаб қариндошлари, дўстлари фермерлик қилади. Мақбуллаштиришда А.Мирсодиқовнинг биронта қариндоши ердан маҳрум бўлмади. Данғарада асосан орқасида тирговичи йўқларнинг ери олинди. Кимники ортида биронта раҳбар, амалдор бўлса, унинг ерига тегинилмади.

Данғарадаги мақъбуллаштириш давлат фойдасига бўлмади. Бу тадбирда ҳокимият раҳбарларининг шахсий манфаати аралашгани боис давлат ҳам, яхши фермерлар ҳам зарар кўрди! Энг қизиқ жойи, мақбуллаштиришда ҳокимиятнинг ўзи бир қатор фермерлар номидан ерни захирага қайтариш ҳақида сохта ариза ёзгани бўлди. Бу факт! Кейин, яна бир қизиқ ҳолат бўлди. Аввал ери олиб қўйилган айрим фермерлар, гарчи ери кам бўлса ҳам, кейинроқ ерларини қайтариб олишди. Фермерларнинг айтишича, маълум ҳақ эвазига уларга ерларини қайтариб беришган!”

"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги
"Тўлқин Данғара равнақи" чорвачилик фермер хўжалиги

"Менинг қабулимга келмаган"

Данғара тумани ҳокими Саидмурод Аминжонов Озодлик билан суҳбатда, “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалиги раҳбари ўзига бирор марта мурожаат қилмаганини иддао қилди:

- Фермерлар менинг олдимга келишса, ҳар биттасини қабул қиламан. Илтимос, мен бир шуғулланай, агар ҳал қилмасам, кейин бошқа нарса денг. У фермер мени олдимга келсин. Қабул қиламан. Ҳаммасини гаплашиб, аниқлаштириб оламиз, муаммо бўлмайди, деди туман ҳокими Саидмурод Аминжонов.

Озодлик бу ваъда ижросини кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG