Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2020, Тошкент вақти: 01:36

COVID-19: Европада кунига 240 мингдан зиёд одам коронавирусга чалинмоқда


Коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланган Британия карантин чоралари муддатини узайтиришни режалаштирмоқда

Британия COVID-19 туфайли ҳалок бўлганлар сони энг юқори бўлган Европа давлатидир. Бугунга қадар мамлакатда 46 мингдан ошиқ одам коронавирус инфекцияси туфайли нобуд бўлди. Айни дамда кунига 20 мингдан ошиқ одам вирусга чалинмоқда.


1 ноябрь куни Британия Вазирлар кабинети котиблиги расмийси Майкл Гоув мамлакатда жорий қилинган чекловлар бир ойдан узоқроқ муддатга чўзилиши мумкинлигини тасдиқлади.

«Ҳозир чора кўрмасак, вазият [Миллий саломатлик хизмати] бирортамиз тоқат қила олмайдиган даражада мушкул аҳволга тушиб қолади, деб аниқ айта оламиз», - деди Гоув Sky News телеканалига берган интервьюсида.

Аҳолига фақат муҳим молларни харид қилиш, муҳтожларга ғамхўрлик қилиш, мактабга ёки тиббий муассасага бориш, ёинки ишлаш ёки жисмоний машқ қилиш учун уйдан чиқишга рухсат берилади.

Муҳим дўконлар, мактаблар ва университетлар ишлашда давом этади, аммо паблар ва ресторанлар ёпилади. Барча муҳим бўлмаган чакана савдо марказлари ҳам ёпилади.

Вирус яна тез суратда тарқала бошлагани учун Франция, Германия ва бошқа Европа давлатларида ҳам шунга ўхшаш чекловлар жорий қилинди.

Португалия, Греция ва Австрияда келгуси ҳафтадан Британиядаги каби карантин чоралари жорий қилинади.

Коронавирус статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотида қайд этилишича, жаҳонда коронавирус юқтирганлар сони 46 миллиондан ошди ва улардан 1,2 миллиондан ортиғи вафот этди.

Францияда 30 октябрь куни умуммиллий карантин жорий қилинди.

Европада кунига 240 мингдан ошиқ вирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда. 14 та Европа давлатида шифохонага ётқизилаётган беморлар сони рекорд даражага етди.

Бельгияда 2 ноябрь куни карантин бошланади. Айни кунда Германияда ҳам чекловлар кучга киради.

Бельгия вазият энг оғир Европа давлати бўлиб, мамлакат шифохоналари беморларга тўлиб кетгани хабар қилинмоқда. Ҳафта бошида ҳукумат барча бар, кафе ва ресторанларни ёпишни буюрди тунда комендант соатини жорий қилди.

Чекловларни кучайтирган давлатлар қаторида Италия, Испания, Чехия ва Польша ҳам бор.

Ҳафта давомида Италия ва Испанияда янги чекловлардан норозилар полиция билан тўқнашди.

Словакия пандемияга қарши янги тактикани бошлади ва бир неча ҳафта ичида 4,5 миллион аҳолисининг ҳар биридан анализ олган биринчи мамлакат бўлишга ҳаракат қилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун 45 мингга яқин тиббиёт ходими ҳамда армия ва полиция ишчилари жалб қилинди.

Хабарларга кўра, 31 октябрь куни Словакияда 2,6 миллион тест ўтказилган. Анализ топширганларнинг тақрибан 1 фоизида вирус аниқланган.

Россияда эса янги антирекорд қайт этилди. Мамлакатда 1 ноябрь куни 18 655 нафар одамда коронавирус аниқланди. Бу билан Россия бўйлаб коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 1,6 миллиондан ошди. Мамлакатдаги вирусга чалиниш ҳолатларининг чораги Москвада қайд этилган.

Вирусга чалинганлар сони бўйича биринчи ўринда бораётган АҚШда эса кунига 1 мингга яқин одам нобуд бўлмоқда. 30 октябрь куни мамлакатда вирус юқтирганлар сони 9 миллионга етди. Бу АҚШ аҳолисининг 3 фоизига тенг келади. Расмий маълумотларга кўра, АҚШда бугунга қадар 230 мингдан ошиқ одам COVID-19 туфайли нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG