Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:12

Самарқандда ўғлини отиб ўлдирган ота қайиноғасини гаровга олди


Ов милтиғи, иллюстратив сурат
Ов милтиғи, иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 47 яшар ота 20 яшар ўғлини отиб ўлдириб, қайиноғасини 7 соат давомида гаровда ушлаб турди. Озодлик манбаларига кўра, туманнинг тоғли ҳудудудаги Пангат қишлоғини ларзага солган жиноятчини қўлга олиш учун вилоятдан ОМОН гуруҳи борган. Озодликка маълум бўлишича, ғирт маст ота оилада жанжал чиқариб, ов милтиғи билан ўғлини отиб қўйган, хотинига узган ўқ нишонга тегмаган.

Озодликка шу кунларда келган мактубда айтилишича, воқеа 16 майдан 17 майга ўтар кечаси содир бўлган:

"... Қўшработ тумани, Пангат қишлоғида 16 май кеч соат 21лар атрофида 40-45 ёшлар атрофидаги одам 20 ёшли ўғлини отиб ўлдириб қўйган, шу пайти хотинининг акаси, яъни ўлган боланинг тоғасини милтиқ тираб, 7 соат давомида гаровда ушлаб турган. 17 май тонги соат 4да вилоят марказидан 5та машинада келган омончилар 1 соатда қўлга олган ва олиб кетган", деб ёзди исмини ошкор этмасликни сўраган манба.

Қўшработ тумандаги маҳаллий ҳокимлик идораларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси тасдиқлашича, шундай воқеа содир бўлган ва ҳозир қотил - 1969 йилда туғилган Т.Н. (маълум сабабларга кўра, бу шахснинг исми ошкор қилинмаяпти - таҳр.) Қўшработ тумани ИИБда сақланмоқда. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси асосида "қасддан одам ўлдириш" гумони билан жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, бу ходим жиноят мотиви "оилавий можаро" дея гумон қилинаётганини ҳам қўшимча қилди:

"Шу озроқ ичиб олган бўлган, хотини билан урушиб қолиб, ўғлини отиб қўйган. Кейин қайиноғасини заложникка олган. Сабаб шу. Вилоятдан ОМОНнинг болалари борди, туман милициясидан бориб, тезда қўлга олишди. Бошқа ҳеч кимга зарар етмаган. Ҳозир прокуратура тергов қиляпти", деди исмини ошкор этмаётганимиз туман расмийларидан бири.

Озодлик билан суҳбатлашган бошқа бир қўшработлик манба бундай воқеа Пангат қишлоғи ва умуман, Қўшработ туманида илгари содир бўлганини эшитмагани, бу воқеа қўшни қишлоқларда ҳам шов-шув бўлаётганини қўшимча қилди.

Манба жиноятчи ота ва унинг ўғилларини яхши таниши, мудҳиш қотилликка ишсиз отанинг ичкиликка ружу қўйгани сабаб бўлиши мумкинлигини айтади:

"Ўзи қишлоқда тўйларга чиқиб юрарди, яхши одам эди кўринишидан. Баъзида ичиб турарди, шу ичиб олганда, ўзидан кетиб қоларкан-да. Жанжал чиқариб, ўғлини отиб қўйгандан кейин уйига эр-хотинни ажратиш учун келган катта ёшли қайиноғасига милтиқни тираб, гаровга олган. У олдин хотининиям отмоқчи бўлган, ўқ тегмаган экан. Ўша пайт уйида хотини, 2та ўғли, яна 1та кичкина қизи бўлган экан, қочиб қолишган", дейди воқеа тафсилотларидан хабардор қўшработлик манба.

Унинг айтишича, можарода отиб ўлдирилган 20 яшар ўғил ишсиз отаю оиласини мардикорлик қилиб, боқиб юрган:

"Ўзи у кишининг 5та боласи бор. Катта қизини турмушга берган, катта ўғли Қашқадарёда ишларди. Шу ўлган боласи ва яна бир ўғли, кичкина қизи ўзи билан эди. Ўлган боласи 1996 йилда туғилган, Фурқат, деган жуда яхши бола эди. Устачилик, мардикорлик қилиб оиласини боқиб юрарди-да! Уйланмаган эди. Болаларда айб йўқ, яхши болалар улар. Эртаси куни соат 4 ларда ўғлини дафн қилишди. Бунақа воқеа бизни қишлоқдаям, умуман Қўшработдаям бўлмаган, эшитмаганмиз", деди қўшработлик манба.

Дарвоқе, айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари Т.Н.нинг уйида сақланган ов милтиғи масаласини ҳам суриштирмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг 2015 йил июлда эълон қилинган 2700-сонли буйруғи билан ҳуқуқ-тартибот идоралари балансидаги ўқотар қуроллар, шунингдек, спорт тўппончалари ҳам бино ичига ўрнатилган махсус темир сандиқларда сақланиши лозим. Айни қоидага мувофиқ Ўзбекистон бўйлаб ов милтиғига расман эга бўлган фуқаролар қайтадан назоратга олинган.

Қўшработлик манбанинг айтишича, ўтган йили яшаб турган ҳудуддаги хонадонларда бўлган ов милтиқлари ва бошқа турдаги спорт қуроллари олиб қўйилган. Аммо, Т.Н. қўлидаги милтиқ изн билан сақланганми ёки яширинми - бу ҳозирча номаълум.

Озодликка Самарқанд вилоятида оилавий зўравонлик ва маиший сабаблар билан содир этилган мудҳиш жиноятларга оид бир неча хабар келган.

Шу йилнинг март ойида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қумоқ қишлоғида яшовчи 43 яшар эркак сув муаммоси устидаги жанжал ортидан уч қўшнисига болта билан ҳужум қилган, 46 яшар аёл вафот этган, яна бир аёл ва эркак оғир аҳволда шифохонага ётқизилган эди.

Айни вилоятнинг Иштихон туманида истиқомат қилувчи 18 яшар қиз ўтган йилнинг июнь ойида 21 яшар йигитини ов милтиғидан отиб ўлдирган эди. Озодлик манбаларига кўра, ошиқ йигит милтиқни пешонасига тираб, қизга "от" деган ва у ҳам ўйлаб ўтирмай тепкини босиб юборган.

XS
SM
MD
LG