Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2019, Тошкент вақти: 23:27

Самолëтсозликни тикламоқчи бўлган хорижлик инвестор ўзининг Тошкентда алданганини айтмоқда (ВИДЕО)


Евгений Поляк 2018 йил 18 март куни Тошкент вилояти ҳокими уюштирган бизнес форумида ўз инвестицион лойиҳасини тақдим этган.

Озодликка мурожаат қилган Евгений Поляк ўзини Россиядаги «M&K» авиация маркази мулкдори ва Тошкентдаги собиқ авиасозлик заводи базасида вертолëт ва самолëт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режасига 1 миллиард долларга қадар капитал ëтқизиш имконига эга сармоядорлар вакили сифатида тақдим этди.

Ўтган йил президент таклифи билан Ўзбекистонга борган 150 нафар россиялик инвестордан бири бўлган Евгений Поляк¸ орадан бир йил ўтиб, бу 150 та сармоядордан Ўзбекистонда бизнес қилиш режасидан ҳамон қайтмаган ягонаси эканини айтади.

“Тошкентда бизни тинимсиз алдашмоқда¸ турли маъмурий баҳоналар билан бизнинг 4 миллион доллар сарфланган бизнес режамизни бошлаш учун зарур битта ҳужжатни ҳам беришмаяпти”¸ деган Поляк¸ ўз сармояси йўлига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Давлат авиация назорати инспекцияси раҳбарияти тўсиқ бўлаëтганини айтади.

Озодликка берган расмий жавобида бу инспекция раҳбарияти Евгений Полякнинг бу иддаосини рад этди ва инвесторнинг ўзини талаб қилинадиган ҳужжатлар тўпламини тақдим этмаëтганликда айблади.

Тошкентга сафар

Россиядаги «M&K»авиация маркази раҳбари Евгений Поляк 2018 йилнинг 10 март куни Москвадаги “Норбеков миллионерлар клуби”нинг 150 аъзоси билан бирга ўз инвестицион режаси билан Тошкентга борган хорижлик тадбиркорлардан биридир.

Полякнинг Озодликка айтишича¸ бу гуруҳ шахсан президент Шавкат Мирзиëев таклифи билан Ўзбекистонга борган.

Инвесторлар гуруҳи Тошкентда вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов¸ шунингдек, ҳукумат ва президент маъмурияти мутасаддилари иштирокида ўтказилган бизнес форумда ўз бизнес лойиҳаларини расман тақдим этган.

Бу форум ва тақдимотлар¸ маҳаллий давлат телеканалларида мамлакатнинг “хориж инвесторлари учун қанчалик жозибадор экани” кўрсатувчи воқеа сифатида кенг ëритилган.

Полякнинг айтишича¸ у форумда Тошкент вилоятида авиация маркази очиш¸ бу вилоятдаги тоғ-чанғи комплексларига хизмат кўрсатишни йўлга қўйишдан бошланадиган кенг қамровли бизнес лойиҳасини тақдим этган.

- Форумдан кейин яхши зиëфат бўлди¸ едириб-ичиришди. Зиëфат тугаганидан кейин мезбон томон ҳар биримизга биттадан ҳужжат олиб келди. Унда бу лойиҳага фалон пул сармоя ëтқизиш мажбуриятини зиммамга оламан¸ деб ëзилган эди. Англашинув меморандумини мажбурият олинган ҳуқуқий шартномага айлантириб олиб келишипти. Эрталаб ҳоким бизга бундай келишув имзолангунга қадар бизга ажратиладиган ер майдонлари ва иншоотларни кўрсатиш¸ биз ишлаб чиқариш эҳтиëжидан келиб чиқиб¸ ўзимизга қулайини танлаб олганимиздан кейин шартнома имзоланишини айтган эди. Ваъданинг бузилганини кўриб¸ мен билан борганлар қўлини ювиб қўлтиғига уриб¸ Ўзбекистонга қайтиб бормайдиган бўлиб кетишди¸ деди Озодлик билан суҳбатда Евгений Поляк.

Ўзи Россияда туғилиб ўсган бўлса-да¸ ота-боболари ўзбекистонлик эканини айтган Поляк¸ хусусий капитал ëтқизиб¸ Тошкент авиация заводи базасида яна самолëтсозлик саноатини қайта тиклаш пировард мақсади эканини таъкидлайди.

- Бизнинг лойиҳа авиапаркни қайта жиҳозлашга 1 миллиард долларгача сармоя ëтқизишни кўзда тутади. Биз жиддий ташкилотмиз¸ аммо Ўзбекистонда буни ë тушунишмаяпти¸ ëки тушунишни исташмаяпти¸ дейди Поляк.

Муаммо нимада?

Евгений Полякнинг айтишича¸ 18 март кунги Тошкент учрашувидан кейин у Ўзбекистонда бизнес қилиш учун маҳаллий компания очган.

2018 йилнинг 22 май куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманида “Great master airline” деб номланган масъулияти чекланган жамият қайддан ўтказилган.

Бу ширкатнинг фаолият бошлаши¸ хусусан¸ 4 миллион АҚШ долларига сотиб олинган Robinson R44 русумидаги вертолëтларни олиб келиш ва улардан сайëҳларга хизмат кўрсатишда фойдаланиш учун Давлат авиация назоратида инспекциясидан эксплуатант сертификати олиш талаб қилинган.

Бу сертификатни олиш учун бир йил давомида мазкур инспекцияга қилинган мурожаатлар¸ Полякнинг айтишича¸ турли баҳоналар билан қондирилмай келмоқда.

- Бир йилдан бери Давлат авианазорат қўмитаси эшигида сарғайиб юрибмиз¸ бугунга келиб бизни қўмитага киритмай ҳам қўйишди. Биз нормал давлатларда бир ярим ҳафта ичида бериладиган эксплуатант сертификатини Ўзбекистонда бир йилдан бери ололмаяпмиз. Президент виртуал қабулхонасига икки марта ëздим¸ ҳар гал бир хил – сўралган ҳужжатларни тўлиғича топширмади¸ деган жавоб беришаяпти. Аслида эса¸ айтган битта ҳужжатини топширсангиз¸ яна иккитасини сўрайди. Бунақа қоғозбозликнинг охири кўринмаяпти¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Поляк.

"Дававианазорат" Поляк танқидларини рад этди

Ўзбекистонда авиасозлик саноатини қайта тиклашга қаратилган бизнес режасини амалга ошириш йўлида бир йил давомида битта рухсатномани ҳам ололмаган Евгений Полякнинг Озодликка билдирган бу шикоятига Ўзбекистон Давлат авиация назорати инспекцияси раҳбарияти муносабат билдирди.

Авиация маъмурияти ваколатига Ўзбекистонга инвестор жалб қилиш кирмайди. Биз парвозлар хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланамиз. Исталган жисмоний ëки юридик шахс¸ инвестор бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар¸ бу соҳада давлат ўрнатган талабларга жавоб берган тақдирдагина экслуатант бўлиши мумкин. Бугунга қадар жаноб Поляк талаб этиладиган ҳужжатларни тўлиғича тақдим қилмагани боис¸ биз унга эксплуатант сертификатини бера олмаймиз”¸ дейилади Озодликка Давлат авианазорат инспекцияси раҳбарияти томонидан юборилган расмий баëнотда.

Инвестор керакми-йўқми?

Россиялик инвестор¸ Ўзбекистонда бир йилдан бери боши берк кўчага кириб қолган қоғозбозликка барҳам беришни сўраб Озодлик орқали президент Шавкат Мирзиëевнинг ўзига мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтади.

Бу видеомурожаатида Евгений Поляк Шавкат Мирзиëевдан¸ “Ўзбекистонга инвестор керак эмас экан¸ бизни нега чақирдингиз? деган саволга жавоб сўрайди.

Россиялик инвесторнинг президент Мирзиёевга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:10 0:00
Бевосита линк

Шавкат Мирзиëев хориж инвестициясини Ўзбекистонга жалб қилиш орқали иқтисодий аҳволни яхшилаш¸ янги иш ўринлари яратишни ўз ҳукумати олдидаги устивор вазифа қилиб белгилаган; президент ташаббуси билан 2019 йил "фаол инвестициялар йили" деб эълон қилинган.

Президентнинг хориж сафарлари муваффақияти¸ бу сафарлар давомида Ўзбекистонга қанча инвестиция жалб қилингани ҳақидаги рақамлар билан баҳоланади.

Хусусан¸ Мирзиëевнинг кейинги икки йил ичида Москвага қилган ташрифи давомида 16 миллиард долларлик¸ Корея сафари давомида 9 миллиард¸ Туркия сафари давомида 3¸5 миллиард¸ АҚШ сафари давомида 4.8 миллиард ¸ Франция сафари давомида 5 миллиард долларлик "шартномалар" имзолангани хабар қилинган.

Аксарияти истак меморандуми даражасида қолиб кетаëтган бу сармояларнинг Ўзбекистонга кирмаëтганини Мирзиëевнинг ўзи ҳам бир неча бор эътироф этган.

Жорий йил февралида Қонунчилик палатаси депутатларига ҳисобот берган Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов “инвесторларга жой ажратиш борасида сусткашлик қилинаëтгани¸ айрим эркин иқтисодий зоналарда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш ва инфратузилма объектларини қуриш охирига етказилмаётгани, тижорат банкларининг ташаббус кўрсатмаётгани”ни сармоядорларни жалб этиш йўлидаги асосий тўсиқлар сифатида санаб ўтган.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG