Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Деновдаги портлаш: Қурбонлар ва "Инденим" савдо мажмуаси ҳақида нима маълум?


"Инденим"даги портлаш. Газета.уз фотоси.
"Инденим"даги портлаш. Газета.уз фотоси.

Денов шаҳридаги “Инденим” савдо мажмуасида 7 декабрь куни эрта тонгда содир бўлган портлаш оқибатида, расмий хабарга кўра, икки киши ҳалок бўлган, тўққиз одам жароҳатланган.

Норасмий манбалар ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Деновлик тадбиркорлар иддаосига кўра, собиқ “Юбилейний” савдо мажмуаси Сурхондарёда қилган жиноятлари билан ном чиқарган МХХ зобити Нодир Тўрақуловнинг яқин одами Эркин исмли одамга тегишли бўлган ва аввалроқ ундан "тортиб олинган" эди.

Жорий йилнинг бошида бу савдо мажмуаси Ўзбекистондаги “Oq Oltin Mega Textil”, “ZIF Tehtile” каби олтита масъулияти чекланган жамият эгаси, “Инденим” савдо дўконлари тизими соҳиби Шерзод Шоймардоновга ўтказилган.

Сурхондарё вилоят, Денов шаҳрининг Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли “Инденим” савдо мажмуасидаги портлаш 7 декбарь куни эрта тонг соат 03.57да содир бўлди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, портлаш кучи шу даражада кучли бўлганки, теварак-атрофдаги бошқа бинолар ва уйларнинг ойналари ҳам тўкилиб тушган.

“Ярим кечаси соат тўртга яқин нимадир жуда қаттиқ портлади. Ҳамма ширин уйқуда эди, гўёки ярим тунда охирзамон бошлангандек бўлди. Биринчи кўзимни очган вақтимданоқ жуда қўрқинчли даражада ер қимирлагандай, деразалар синиб кетди. Стадион томондан таҳминан 300метр нарироқдан жуда қуюқ оқ тутун тарқай бошлади. Қўрқиб ташқарига чиқдик”, - дейди портлаш гувоҳларидан бири.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарига кўра, портлашга йиғилиб қолган газнинг чақнаши сабаб бўлган ва чақнашдан вужудга келган ёнғинни ўт ўчирувчилар 20 дақиқада ўчириб бўлишган.

ФВВ хабарига кўра, портлашда икки киши ўлган, тўққиз киши жароҳат олган. Аммо портлашгувоҳларининг айтишича, ўлганлар сони бундан кўп бўлиши мумкин:

“Супермаркетнинг ичидаги одамлардан ташқари, “Инденим” ёнида новвойхона ва сомсахона ҳам бор эди. Орадаги масофа ўн метр ҳам чиқмайди. Улар соат учдан бориб иш бошлайди. Мен аниқ ўзим кўрганим йўғу, лекин одамларнинг айтишларича ўлганлар сони ўндан ортиқ. Лекин ҳукумат вакиллари буни яширяпти”.

Денов тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка ҳодисада ўлганлар сони фақат икки киши бўлганини таъкидлади.

“Юбилейний” савдо мажмуасининг эгаси жорий йил бошида ўзгарган ва унга “Инденим” номи берилган.

“Инденим” Ўзбекистондаги савдо дўконлари тизими бўлиб, мамлакат бўйича турли вилоят ва шаҳарларда ўттиздан ортиқ айни номдаги дўкон ва савдо маркази бор.

Ўзбекистонда газ портлаши оқибатида дўкон ва уйларнинг вайрон бўлиши, одамларнинг қурбон бўлиш ҳолатлари кўп содир бўлиб туради. Аммо шу пайтгача бундай ҳодисаларни ўрганиш учун Тошкентдан махсус ҳукумат комиссияси юборилмаган эди.

ФВВ хабарига кўра, 7 декабрь куни ҳодиса жойига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилган, мазкур комиссия таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.

Деновдаги “Инденим” савдо мажмуаси Ўзбекистондаги “Oq Oltin Mega Textil”, “ZIF Tehtile”, “Termiz kancelariya mollari”, “Aka Meliqurilish”, “Faravon tekstil export import”, “Termiz ideal Tekstil” МЧЖлар эгаси, ўттиздан ортиқ “Инденим” савдо дўконлари тизими соҳиби Шерзод Шоймардоновга тегишли.

Шерзод Шоймардонов МЧЖлари.
Шерзод Шоймардонов МЧЖлари.

Исми сир қолишини сўраган деновлик тадбиркорлардан бирининг иддао қилишича, бу савдо маркази "жанжалли" бўлган:

“Индиним”нинг Деновдаги филиали ҳам Шерзод деган йигитга тегишли. Бу савдо мажмуаси “Юбилейний” эканлиги пайтида уни ўша Шерзоднинг ҳамқишлоғими, танишими Эркин деган йигитники бўлган. Эркин эса илгари Сурхондарёда қилган жиноятлари билан ном чиқарган собиқ МХХ зобити Нодир Тўрақуловнинг одами бўлган. Айтишларича, савдо мажмуасининг эгаси алмашаётганда ўртада норозилик келиб чиққан. Яъни Эркин бу мажмуани ўз ихтиёри билан сотган ёки берган эмас, дейишади. Хуллас, жанжалли савдо маркази бўлган. Ҳозир энди портлаш ҳақида одамлар орасида ҳар-хил гаплар урчиб кетди”.

Озодликда тадбиркорнинг иддаоларини тасдиқловчи ҳужжат йўқ.

Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Агар сизда бу ҳақда қўшимча маълумотлар бўлса, Озодликка юборинг.

Мессенжер ва имейл

420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG