Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2021, Тошкент вақти: 20:09

Ўзбекистон хабарлари

Сурхондарёда газли автобаллон портлаши оқибатида УАЗ автомобили ва АЁҚШ томига шикаст етди

Музработдаги АЁҚШда портлаган УАЗ автомобили (ФВВ фотоси)

Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани “Юртим жамоли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Автомобилларга газ қуйиш шохобчасида 28 июль тонгида “УАЗ” русумли автомобилга ўрнатилган газ баллони портлаган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, портлаш натижасида автомобиль ва шохобчанинг том қисми зарарланган.

УАЗ автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида шикастланган АЁҚШ томи (ФВВ фотоси)
УАЗ автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида шикастланган АЁҚШ томи (ФВВ фотоси)

Вазирлик рўй берган ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмагани ва қурбон бўлмагани, айни пайтда портлаш сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланаётганини билдирган.

Хабарномада воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли идоралар воситалари жалб қилиниб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари бажарилгани қўшимча қилинган.

Кун янгиликлари

24 йил олдин бекор қилинган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди

Ўзбекистонда 28 сентябрдан 3 октябргача XIII Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” деган ном остида ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги 21 сентябрда хабар берди.

Бу йилги кинофестивал “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ва “Фестиваллар фестивали” форматида ўтказилади.

Кинофестиваль доирасида 13 та давлатнинг кино кунлари ўтказиш режалаштирилган. Фильмлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги кинотеатрларда намойиш этилади. Хориж давлатлари ҳозирга қадар намойишлар учун 150 та фильмни тақдим этди. Бундан ташфари фестивалда чет мамлакатлардан келган 150 нафар машҳур киночилар иштирок этади.

1968 йилда ташкил этилиб 1997 йилгача ўтказилиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорга асосан қайта тикланмоқда.

1997 йилгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали номи эндиликда “Ипак йўли дурдонаси”, деб ўзгартирилади.

Мазкур кинофестивал Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28-сентябрь – 3-октябрь кунлари ўтказилади.

Қашқадарёда эшак гўшти сотган шахс аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди

Х.Ж., суд жараёнида эшак гўштини итлар учун сотгани тўғрисида кўрсатма берган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг 21 сентябрда билдиришича, Қарши шаҳар суди эшак гўшти сотиш билан шуғулланган фуқарога 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари унинг иш ҳақисидан ҳар ойда 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинади.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот органлари 5 апрель куни Қарши шаҳар “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Янгибоғ кўчасида яшовчи фуқаро Х.Ш.,нинг ҳовлисида фуқаро Х.Ж., эшакларни сўяётганини аниқлаган ва уларни қўлга олган.

“Текширув давомида хонадондан бўғизланган эшаклар ва ажратилган терилар, уйнинг хоналаридан бирида эшак гўшти деб гумонланган сўйилган лаҳм гўшт маҳсулотлари, 20 дона тирик эшак ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган”, -дейилади билдирувда.

Х.Ж., суд жараёнида эшак гўштини итлар учун сотгани тўғрисида кўрсатма берган. Бироқ айблов томони судланувчи эшак гўштини одамлар истеъмоли учун ҳам сотганини исботлаган.

Ўзбекистонда 26 май куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманида эшак сўйган 4 нафар эркак ушлангани, аввалроқ эса қатор ҳудудларда истеъмолга яроқсиз гўштни сотиш учун олиб кетаётган айрим “тадбиркорлар” аниқлангани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар берган эди.

Жиззах, Самарқандда прокурорлар, Наманганда МИБ бошлиғи пора олаётганда ушланди

Иллюстратив сурат.

ДХХ ўтказган махсус амалиёт пайтида Жиззах, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги айрим туманларнинг прокурорлари пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.

Билдирилишича, Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг прокурори қурилиш фирмаси раҳбаридан уни қамоққа олмаслик учун 2 минг доллар сўраган ва келишилган пулни олган вақтида ушланган.

Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари эса 3 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган фермердан 10 минг доллар пора сўраган. Акс ҳолда у апелляция судидан фермерга оғирроқ жазо тайинланиши талаб қилишини билдирган.

Наманган вилоятида туман МИБ раҳбари Қирғизистонда ўқиётган ўзбекистонлик талабадан унинг ўқишини Андижон давлат тиббиёт университетига кўчириб беришни ваъда қилиб 700 доллар олаётганда ушланди.

Болаларни полиомелитга қарши оммавий эмлаш бошланди

Болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза вакцина етказиб берилди.

Ўзбекистонда 20 сентябрдан 30 сентябргача 4-5 ёшдаги болалар полиомелитга қарши оммавий эмланади.

Санитария-эпидемиология хизматининг билдиришича, мазкур эмлаш Тожикистон ва Афғонистонда болаларда полиомелит аниқлангани ортидан ўтказилмоқда. Болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза инактивланган полиомиелит вакцина етказиб берилган.

Ўзбекистонда полиомелитга қарши миллий эмлаш календари мавжуд. Бунинг ортидан мамлакатда мазкур касалликка чалинган болалар деярли учрамайди. Сўнгги марта Ўзбекистонда полиомелит ҳолати 1995 йил Қорақалпоғистонда аниқланган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, Афғонистон ва Тожикистонда сентябрь ойида полиомиелит билан касалланган 31 бола аниқланган.

Мутахассиларнинг билдиришича, полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.

Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Касалликнинг яширин даври ўртача 5-12 кун бўлиб, баъзида 35 кунгача давом этиши мумкин.

Ўзбекистонда АИ-98 бензинини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билдирилди

Иллюстратив сурат.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори октанли АИ-98 бензинини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани тўғрисида “Ўзбекнефтгаз” маълум қилди.

Ширкатнинг иддао қилишича, “АИ-98 маркали бензинини ишлаб чиқаришда хорижий мутахассисларнинг кўмагисиз изланишлар олиб борилган”.

Айни пайтда АИ-98 бензинининг 380 тонна ҳажмдаги дастлабки партияси ишлаб чиқарилди ва унинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилган.

“Ўзбекнефтегаз”нинг билдиришича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи сентябрь-декабрь ойларида 36,5 минг тонна АИ-91, 13,1 минг тонна АИ-92 1,4 минг тонна АИ-95 маркасидаги юқори октанли бензин ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда.

Мирзиёев сайловчилар билан учрашишни Қорақалпоғистондан бошламоқчи

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ҳамда жорий йил 24 октябрида ўтказилажак президент сайловига номзод Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни Нукусга жўнаб кетди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, Мирзиёев сайловчилар билан учрашувни Қорақалпоғистондан бошлашга қарор қилган.

Амалдаги давлат раҳбари Нукусга сафари давомида турли масканларга ташрифи ҳам режалаштирилгани айтилмоқда.

МСК қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда шу йил 20 сентябридан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланган.

COVID-19: Коронавирусга чалинганлар сони 169 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, 169 минг 467 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча Қорақалпоғистондан ташқари мамлакат ҳудудлари бўйлаб 529 киши коронавирусга чалинган.

Душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари ҳудудларда 614 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 163 минг 298 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 5 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 197 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 20 сентябрь куни 84 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 356 киши пневмонияга чалинган. Булардан 23 минг 138 нафари соғайиб чиққан, 217 нафари эса вафот этган.

Яккабоғдаги ўқувчилар полга чўккалаб дарс ўтган мактабда мутасаддилар жазоланди

Полга ўтирган ҳолда дарс ўтаётган 39-мактаб ўқувчилари (видеодан скриншот)

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги 39-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг полга ўтириб дарс ўтаётганига оид ҳолат прокуратура вакиллари ва тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Яккабоғлик ўқувчилар полда ўтирган ҳолда дарс ўтаётгани акс этган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда ёйинланган эди.

Прокуратура ўрганишлар натижасига кўра бу ҳолатнинг юзага келишига ўқитувчилар Н.С ва О.С. ларнинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабаб бўлганини қайд этган.

“Ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 “а”-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, ўрганишлар ортидан ўқитувчилар Н.С ва О.С.лар таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

Айни пайтда текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида автомобиль ва темир йўл қатнови тикланади

Ўзбекистон Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл қатновини тиклайди. Бу ҳақда, ТАСС агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 20 сентябрь куни Тошкентда маълум қилган.

“Албатта биз Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл алоқасини тиклаймиз, мазкур йўллар орқали бу мамлакатга пандемия даврида афғонистонликлар жуда муҳтож бўлиб турган озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилмоқда, бу иш гуманизм нуқтаи назаридан амалга оширилади”, деган И. Эргашев.

Мулозим Афғонистон билан чегара бошқа сабабларга кўра эмас, балки коронавирус пандемияси туфайлигина ёпилганини урғулаган.

Эргашевга кўра, шу кунда мазкур чекловлар яна қанча давом этишини айтиш қийин, чунки бу эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишига билангина эмас, балки Афғонистонда ҳокимият органлари қанчалик тез шакллантирилиши билан ҳам боғлиқ.

“Вазирлик ва бошқа органлар шакллантирилиши лозим, тузилган идораларни эса толибларнинг ўзлари муваққат деб атамоқда”, деган мулозим бу идоралар давлат йиқилмаслиги учунгина тузилганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили расмий Тошкент қўшни ўлкада барча жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ҳукумат тузилишига умид қилаётганини қўшимча қилган.

Икки мамлакат ўртасидаги автомобиль ва темир йўл алоқаси Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолати илк бор кузатилган 2020 йил март ойидан тўхтаган эди.

Daryo bo’yi Business City Тошкентда Чирчиқ дарёси соҳилини сота бошлади

Daryo City Business лойиҳаси.

Daryo bo’yi Business City дирекцияси Чирчиқ дарёсининг пойтахт Тошкентдан ўтган 16 километрлик қисмининг дастлабки 5 километридаги ер майдонларини сотувга қўйди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 20 сентябрда билдиришича: “Аукционга қўйилган ер майдонларида савдо марказлари, логистик корхоналар, ресторан ва кафелар, енгил саноат корхоналарини қуриш таклиф қилинмоқда. Сотув учун таклиф қилинган лотларда турар жой қуриш кўзда тутилмаган”.

Ҳокимлик илк 9 та лот e-auksion.uz портали орқали сотувга қўйилгани, бу эса “ер майдонларини сотиб олишда шаффофлик ва очиқликни таъминлаши”ни иддао қилмоқда.

Daryo bo’yi Business City лойиҳасини амалга ошириш лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевнинг Сергели ва Зангиота туманларига 2020 йил 29 май кунидаги ташрифи давомида маъқулланган эди.

Молия вазирлиги мазкур лойиҳа учун президентнинг “Республика ҳудудларида Business city замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз ссуда беради.

Мирзиёев Назарбоев билан ўзбек-қозоқ ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Қозоғистоннинг Биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди”,-дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати расмий билдирувида.

Бундан ташқари, суҳбат давомида, “кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юқори суръати” ва “ўзаро савдо ва юк ташишлар ҳажми ортиб бораётгани, авиақатновлар тўлиқ тиклангани” мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда халқаро ва минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Тупроққалъада содир бўлган автоаварияда 4 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда юз берган автоавариялардан бири.

Хоразм вилоятининг Тупроққалъа тумани Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 493-километрида 19 сентябрь куни соат 23:35 ларда содир бўлган автоаварияда 4 киши ҳалок бўлди.

ИИВ ЙҲХББнинг 20 сентябрда билдиришича, "Tacuma" ва "Isuzu" автомобиллари тўқнашуви оқибатида "Tacuma" ҳайдовчиси воқеа жойида, йўловчилар С.М., шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж., ва А.Қ.,лар шифохонада вафот этган.

Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Газета уз”нинг хабар беришича, автоаварияда ҳалок бўлганлардан бири “Халқ сўзи” газетасининг 36 ёшдаги мухбири Саид Махсумовдир.

“Саид Махсумов бошқа журналистлар билан биргаликда Нукусда бўлиб ўтган II Халқаро бахши фестиваль-танловининг ёритилишида қатнашган”,- деб ёзди нашр.

Расман: Ҳокимликлар ҳар йили юз нафар хотин-қизнинг ўқиш пулини тўлаб беради

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафар ва 2 -4-курсларда ўқиётган 75 нафар хотин-қизларнинг тўлов-контракт пулини улар ўқишни битиргунларига қадар тўлаб беради.

Адлия вазирлигининг 20 сентябрда билдиришича, бу борда Вазирлар Маҳкамаси 17 сентябрь куни 577-сон қарорни қабул қилди.

Талабгорлар отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар орасидан танлаб олинади.

“Бунда юқоридаги мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномани ҳар йили 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига тақдим этади. Давлат ОТМ 5 кун мобайнида рўйхатни шакллантириб, ҳокимликларга ёзма равишда маълумотларни юборади”,- дейилади Адлия вазирлиги билдирувида.

Талабгорларни танлаб олиш натижалари “Aziz-ayol.uz” Ягона интерактив миллий платформаси орқали эълон қилинади.

Тошкент метросида яна поезд тўхтаб қолди

Тошкент метросида бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда.

Тошкент метросининг “Ғафур Ғулом” бекатидан “Чорсу” бекатига ҳаракатланаётган 41-йўналишдаги поезд 20 сентябрь куни соат 09:10да тўхтаб қолди. Расман билдирилишича, поезднинг тўхтаб қолишига ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

“Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар бекатда туширилган ва ортда ҳаракатланган 43-йўналишдаги ҳаракат таркиби ёрдам сифатида келиб, носоз ҳаракат таркибини техник кўрик пунктига олиб кетган. Техник носозлик соат 09:25да бартараф этилган”, - дейилади “Тошкент метрополитени” тарқатган хабарда.

Тошкент метросида бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда. Бундан олдин 28 август соат 14:35 атрофида "Ойбек" бекатидан "Тошкент" бекатига ҳаракатланаётган поёзд тўхтаб қолгани ҳам хабар қилинган эди. Июнь, апрель ойларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юз берган.

18 март куни эса Тошкент метрополитенида тўхтаб қолган поездга унинг ортидан келаётган поезд келиб урилган. Йўловчилар эвакуация қилинган. Ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги билдирилган.

Президент сайлови олдидан ёпиқ мажмуаларда тадбир ва йиғилишлар ўтказишга рухсат берилди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 20 сентябридан томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари), оммавий тадбирлар ва йиғилишларни очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур қарор Республика махсус комиссияси томонидан “тегишли мутасадди ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда” қабул қилинган.

Қайд этилишича, маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказишда қуйидаги карантин чекловларига риоя этиш талаб қилинади:

маданий-кўнгилочар объектлар (театр, кинотеатр, концерт заллари) ишчи ва ходимлари ҳамда оммавий тадбирлар ташкилотчилари ва хизмат кўрсатувчилари бўлган шахслар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлиши лозим;

маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари фаолияти) ва оммавий тадбирларни ўтказишда ташриф буюрувчилардан тиббий ниқобда бўлиш талаб этилади, шунингдек, бу жойларда антисептик воситалардан фойдаланиш, кириш жойларида тана ҳароратини ўлчаш каби муҳим санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши шарт.

Қарор билан маданий-кўнгилочар ва оммавий тадбирларни ўтказиш объектларига фақатгина коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчилар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатмалар бўлган фуқаролар бундан мустасно) киритилиши тавсия этилган.

Айни пайтда Республика махсус комиссиясининг қарори билан тўй ва оилавий маросимларни ўтказиш бўйича илгари белгиланган чекловлар юмшатилиб, 20 сентябрдан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан (аввал 50 киши эди) кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилишига рухсат берилган.

Комиссиянинг галдаги мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 сентябридан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифи ҳам кўриб чиқилган ва маъқулланган.

Коронавирус қурбонлари сони 1190 нафардан ошди, пневмония қурбонлари сони 215 нафарга етди

Ўзбекистонда 19 сентябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган, шу тариқа пандемия қурбонлари сони 1 минг 192 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 501 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 168 минг 938 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда якшанба куни Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 629 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 162 минг 684 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 95 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 272 киши пневмонияга чалинган. Булардан 22 минг 757 нафари соғайиб чиққан, 215 нафари эса вафот этган.

Меҳнат вазирлиги: Сурхондарёда банк ходимлари пахтага олиб чиқилганига оид ҳолат ўрганилмоқда

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сурхондарёнинг Ангор туманида банк ходимлари ҳордиқ кунлари пахта теришга жалб қилинганига оид маълумотни текширяпти. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.

Аввалроқ Телеграмдаги “Банкир кундалиги” каналида тумандаги банк ходимлари шанба куни раиснинг топшириғи билан “Тўққиз ой якуни” дея ишга жалб қилингани, якшанба куни эса уларга, ҳоким топшириғига мувофиқ, пахта теримига чиқиш тайинланганига оид хабар тарқатилган.

Меҳнат вазирлиги мазкур ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилаётгани, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилишини билдирган.

Тиббий маълумотга эга бўлган шахсларга мустақил ҳамширалик билан шуғулланишга рухсат берилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “ҳамширалик иши” фаолияти билан шуғуллланишга рухсат берилади. Бунга оид низом, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, ўтган ҳафта сўнгида ҳукумат қарори билан тасдиқланган.

Низомга мувофиқ, мустақил ҳамширалик билан шуғулланмоқчи бўлган шахс махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтиши керак.

Қайд этилишича, ҳамширага маълумотнома расмийлаштирилади ва шу асосда у Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятини бошлайди.

Низомда мустақил ҳамширанинг шифокор кўрсатмасисиз ҳамда унинг тавсияси асосида аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича ҳуқуқлари белгиланган.

Мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий буюмлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларини бажаришига, дори воситалари қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди.

Ҳужжатда мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланиши қайд этилган.

Халқ таълими вазирлиги мактабларда дарслик етишмаслиги кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни янги ўқув йили бошида баъзи мактабларда дарслик етишмовчилиги кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Вазирлик матбуот хизматига кўра, бу каби муаммо “айрим ўқувчиларнинг мактабдан-мактабга ўтиши, жумладан таълим тилини ўзгартириши натижасида” юзага келиши мумкин.

“Жойлардаги бундай муаммоларни ўша мактаб раҳбарияти ҳамда ҳудудий халқ таълими бўлими ва бошқармалари ҳудуддаги китоб ортиқча бўлган бошқа мактаблардан китоб етишмаётган мактабларга ўтказиш орқали зудлик билан ҳал этиш чораларини кўриши белгиланган”, дейилган ХТВ хабарномасида.

Мурожаати ижобий ҳал этилмаган ўқувчиларга вазирлик махсус Телеграм-бот орқали маълумот юборишни тавсия қилиб, ҳар бир мурожаатни ўз назорати олишни ваъда қилган.

Беш ярим ойда эмланиши режалаштирилган 21 миллион кишининг 16 фоизи эмланди

Вирусга қарши тўлиқ босқичларда вакцина олганлар сони 3,4 миллион нафардан ошган.

Ўзбекистонда 15 сентябргача 10 миллион 200 минг киши 1 доза вакцина билан эмланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдирилишича, бу эмланиши режалаштирилган аҳолининг 47,6 фоизини ташкил қилади.

Вирусга қарши тўлиқ босқичларда вакцина олганлар жами эмланадиган аҳолининг 16 фоизини ташкил қилиб, уларнинг сони 3,4 миллион нафардан ошган.

Вазирлик жами 21 миллиондан кўпроқ киши эмланиши режалаштирилганини маълум қилди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш кампанияси шу йил 1 апрелидан бошланган. Шу кунда ўзбекистонликлар Россиянинг “Спутник V” ва Хитойдан келтирилган ZF-UZ-VAC 2001 вакциналаридан ташқари AstraZeneca, Moderna ва Pfizer/BioNTech вакциналари билан ҳам эмланмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 168 мингдан ошди

Янги касалланиш ҳолатларининг 249 таси Тошкент шаҳрида аниқланди.

Ўзбекистонда 18 сентябрь куни яна 579 кишида коронавирус аниқланди, 4 бемор вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 168437 кишига етди. Беморлардан 1188 нафари вафот этди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 249 таси Тошкент шаҳрида, 106 таси Тошкент вилоятида, 42 нафари Фарғона вилоятида аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 162055 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

18 сентябрь куни 109 кишида пневмония аниқланиб, жами беморлар сони 26177 нафарга етди. Кеча уларнинг 478 нафари соғайиб, умумий соғайганлар сони 22314 нафарни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, 1 нафар бемор вафот этиб, шу кунгача пневмониядан вафот этганлар сони 214 нафарга етди.

Туризм ва спорт вазирлиги пиёда юрганларга пул тўлаш тўхтатилгани тўғрисида ўзи берган хабарни ўзи рад этди

Бир кунда 10 минг қадам юрганларга 3000 сўмдан берилади.

Туризм ва спорт вазирлиги “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти ва 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларга пул тўлаш вақтинча тўхтатилгани тўғрисида ўзи тарқатган хабарга ўзи раддия берди.

Билдирилишича, Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати ходими маҳаллий матбуотда бу борада чоп этилган мақоласида жамоатчиликка асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот берган.

Вазирлик ахборот хизмати мазкур хабарни етказишда хатоликка йўл қўйгани учун узр сўраган ва “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишлашда давом этишини маълум қилган. Матбуотга нотўғри хабар етказган ходимга эса огоҳлантириш берилган.

Расман билдирилишича, мазкур платформа бўйича 2021 йил 10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағ тўлаб берилган.

Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси шу йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.
Мазкур платформани ишлаб чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрида махсус фармонни имзолаганди.

Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2020 йилда ҳам 2019 йилда бўлгани каби 3500 тонна уран қазиб олди. Бутунжаҳон ядро ассоциацияси – WNAнинг билдиришича, бу билан Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади.

WNA ҳисоботида билдирилишича, 2011 йилда Ўзбекистон 2500 тонна уран қазиб олган. 2012 йилдан бошлаб мамлакатда уран қазиш камайган. Масалан, 2012 -2015 йилларда 2400 тонна ва ундан озроқ уран ишлаб чиқарилган бўлса, 2016 йилдан бошлаб уран қазиш деярли 1000 тоннага кўпайган ва 2019 йилга келиб 3500 тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг ўзида уран қайта ишланмайди, шунинг учун у тўлиғича экспорт қилинади. Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Уран захираси бўйича Ўзбекистон жаҳонда 11-ўринда туради.

Уран қазиш бўйича 2020 йилда 1-ўринни Қозоғистон (19,5 минг тонна), 2-ўринни Австралия (6,2 минг тонна), 3- ўринни Намибия (5,4 минг тонна) ва 4-ўринни Канада (3,9 минг тонна) эгаллаган.

Мирзиёев Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларини қайтаришни таклиф қилди 

Толибон вакиллари Тошкентда, Ўзбекистон.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларида музлатиб қўйилган афғон активларини қайтаришни таклиф қилди.

Гап август ўртасида "Толибон" қўлига тушмаслиги учун АҚШ томонидан музлатилган Афғонистон Марказий банкининг миллиардлаб долларлари ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидича, пулларнинг қайтарилиши Афғонистондаги гуманитар инқироз, қочқинлар оқимининг кўпайишига чек қўяди, шунингдек, мамлакатга ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.

Қўшма Штатлар Афғонистон ҳукуматининг Америка банк ҳисобларида сақланаётган захираларни музлатгани, бундан ташқари маблағлар толиблар қўлига тушмаслиги учун Афғонистонга катта миыдорда доллар етказишни тақиқлаган.

23 август куни Жаҳон банки ҳам Афғонистондаги лойиҳаларини молиялаштиришни вақтинча тўхтатган эди.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, Афғонистон Марказий банки 9,4 миллиард долларлик захира активларига эга бўлган.

Толибон ишғоли ортидан чет элга қочган Афғонистоннинг Марказий банки бошқарувчиси Ажмал Аҳмадий "Твиттер"да банкининг деярли барча захиралари чет элда жойлашган ва улар 9 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади деб ёзган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Толибон қўлига ўтишидан саноқли кунлар ўтиб, ўзбек халқининг тинчлиги учун, "ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирганди.

Пиёда юрганларга Мирзиёев ваъда қилган пуллар тўхтади

Ўзбекистонда бир суткада камида ўн минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан бериш 14 сентябр кунидан тўхтади. 

Ўзбекистонда бир суткада камида ўн минг қадам юрганларга 3 минг сўмдан бериш 14 сентябр кунидан тўхтади.

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича “Соғлом турмуш тарзи” платформаси 1hls.uz мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилганини айтмоқда.

Вазирлик буни ғазна ҳисобварағига тушадиган тегишли даромадлар манбаларининг бир меъёрда доимий тушиш имконияти чекланганлиги билан изоҳлаган.

Мазкур шахсий ғазна ҳисобварағида 500,0 млн сўмдан кам маблағ қолса, мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар, ушбу шахсий ғазна ҳисобварағида 5,0 млрд сўмгача маблағ йиғилгунга қадар автоматик тарзда тўхтатилиши белгилаб қўйилган.

“Бунда, шахсий ғазна ҳисобварағидаги маблағлар 5,0 млрд. сўмга етгунга қадар мобил иловада ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга тўланадиган тўловлар тўланмаслиги кўрсатиб ўтилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Тўловлар қачондан қайта тикланиши ҳақида вазирлик баёнотида ҳеч нарса айтилмаган.

Ўзбекистонда юриш ва югуришни рағбатлантирувчи 1hls.uz иловаси шу йилнинг 10 июнида ишга туширилган эди.

Мазкур платформани ишлаб чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг ноябрида махсус фармонни имзолаганди.

Режага кўра, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўм, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши кўзда тутилганди.

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлигига кўра, ўшандан буён бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағлар тўлаб берилган.

Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн. сўм тўланиб, жорий йил июнь-август ойлари давомида жами 206,7 млн. сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳисоб рақамига ўтказилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG