Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2018, Тошкент вақти: 18:09

Президентнинг динга оид фармонидаги топшириқлардан бири Конституцияга зид деб баҳоланмоқда


Ўзбекистон президенти мамлакат Конституцияси гаранти ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиëев 16 апрель куни имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон жаҳолатга қарши маърифат билан кураш ғояси¸ бағрикенглик ва диннинг инсонпарварлик моҳиятини аҳоли¸ айниқса¸ ëшларга етказишга оид дастур ва ҳаракатларни кўзда тутади.

Шу мақсадда президент фармонида мамлакатдаги Диний-ижтимоий жараëнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази тузиш¸ Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этиш ва Ҳадис илм мактаби очиш каби топшириқлар берилган.

Айни пайтда¸ мазкур фармонда диний-маърифий соҳадаги устувор йўналиш мақоми берилган "ëт ғояларга нисбатан тоқатсизлик"ни шакллантириш вазифаси айрим ҳуқуқшунос ва блогерлар томонидан Ўзбекистон Конституцияси ва амалдаги қонунчиликка зид деб баҳоланмоқда.

Мазкур фармон ташаббусчиларидан бири ва асосий ижрочиси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили¸ Озодлик билан суҳбатда бундай эътирозларни рад этишга уринди.

Фармоннинг мунозара уйғотган банди

“Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан этиб белгиланган фармондаги вазифалардан бири “жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш”дир.

На фармон ва на унинг иловасида “миллий ва диний қадриятларимиз” деганда қайси миллат ва қайси дин қадриятлари назарда тутилаëтгани очиқланган.

Айни модда муқаддимасида “ислом цивилизацияси” тилга олинганидан¸ “диний қадриятларимиз” деганда “исломий қадриятлар” назарда тутилаëтгани англашилади.

Ҳуқуқий эътироз

Ўзбекистонлик блоггер Хуршид Йўлдошев¸ биринчилардан бўлиб¸ маърифатпарварлик ва бағрикенглик каби қадриятлар тарғиботи ҳақида бошланган фармонга ўзбек жамиятидаги миллий ва диний қадриятларга "ëт ғояларга қарши тоқатсизлик муҳитини шакллантириш" ҳақидаги банд киритилгани конституция ва қонунчиликка зид эканига эътибор қаратди.

Озодлик билан суҳбатда блоггер президент фармонининг ислом ҳаиқда эканидан¸ "диний қадриятлар" деганда айнан исломий қадриятлар тушунилишини тасдиқлашини таъкидлади.

Хуршид Йўлдошев ижтимоий тармоқларда тарқаган блогида¸ бошқа дин вакиллари ҳам яшовчи Ўзбекистонда исломий қадриятларга ëт деб топиладиган ғояларга давлат томонидан тоқатсизлик муҳитини шакллантиришнинг мамлакат конституцияси ва қонунчилигига зид эканини далилловчи иқтибосларни келтирди.

Хусусан¸ амалдаги Ўзбекистон Конституциясининг 12-моддасига кўра¸ “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.”

Конституциянинг 31-моддасида эса¸ “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”¸ деб ëзиб қўйилган.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 4 моддасида:

“ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради” дейилган.

Айни қонуннинг 5-моддасига кўра¸ “Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди”.

Озодлик 23 апрель куни суҳбатлашган Ўзбекистон давлат тизимида ишловчи айрим юристлар ҳам¸ президент фармонининг тилга олинган бандининг ҳуқуқий жиҳатдан “нопрофессионал ëзилгани” ва эркин талқинга жой қолдириш орқали¸ ўринли эътирозларга йўл очганини эътироф этди.

Фармон муаллифи ва экспертлари ким?

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг 23 апрель куни Озодлик гаплашган бир неча мутахассиси¸ президент имзолайдиган фармонлар бирламчи авторларининг ҳуқуқшунослар экани ва ҳозирланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси ҳуқуқий экспертизадан ўтганидан сўнггина¸ президент столига қўйилишини билдирди.

Айни пайтда¸ Озодлик президент фармонига “жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш” вазифасининг киритилишини ким ҳуқуқий экспертизадан ўтказганини аниқлай олмади.

Адлия вазирлигининг Қонунчилик бош бошқармаси¸ Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси ва Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармасининг Озодлик гаплашган расмийлари 5416-фармоннинг ўз бошқармасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтмаганини билдирди.

Вазирлик мутахассислари¸ фармон ташаббусчи ва муаллифи¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита эканини тахмин қилди.

Қўмита изоҳи

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати¸ фармондаги “жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш” вазифасининг конституция ва қонунчиликка зид экани ҳақидаги эътирозларни рад этишга уринди.

Қўмита матбуот котиби Озодликка билан сухбатда “миллий ва диний қадриятларимиз” дейилганда Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва дин вакиллари қадриятлари назарда тутилаëтганини иддао қилди ва аммо бундай талқинга асос бўлувчи аниқламанинг фармонда йўқлигини жавобсиз қолдирди.

Миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғоялар нима?” деган саволга келсак¸ бугунги кунда ëшлар ҳар хил Европадан¸ бошқа ҳар хил давлатлардан ўзимизда йўқ бир ғояларни олиб келишаяпти. Бу жойда мана шулар назарда тутилаяпти. Мисол учун¸ Валентин (Ўзбекистонда йиллардан бери тақиқланган 14 февраль- Севишганлар куни назарда тутилмоқда - таҳр.) ни олишимиз мумкин. Бу фармонда¸ “Валентинни деяпти¸ тоқатсизлик муҳитини шакллантириш¸ деяпти. Яъни бунга биз тоқат қилолмаймиз¸ демоқчи”¸ деди қўмита матбуот хизматининг Озодлик телефон орқали гаплашган расмийси.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ диний қадриятлар деганда Ўзбекистонда яшовчи барча дин ва мазҳаб қадриятлари назарда тутилаëтган бир пайтда¸ нима учун насронийлар нишонлайдиган авлиë Валентин кунига нисбатан “тоқатсизлик муҳитини шакллантириш” ва бундай муҳит қандай шакллантирилиши ҳақидаги саволларга кун охирига қадар ëзма шаклда жавоб беришни ваъда қилди.

Озодлик бу ваъда ижросини Тошкент вақти билан соат кечки соат 8 га қадар кутди¸ аммо электрон почта орқали йўлланган саволларга жавоб келмади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG