Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2020, Тошкент вақти: 18:54

Мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб ташлади


11 синф ўқувчиси Анвар Маматмуродов ҳарбий бўлишни орзу қилади

Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани, Полвонлар юрти маҳалласида яшайдиган Нодира Эргашева унинг дарсга кеч қолган ўғлини 4-умумтаълим мактабининг директори уриб, қулоқ пардасини йиртиб юборганидан арз қилди.

Онанинг Озодликка шикоят қилишича, 18 яшар ўғлининг қулоқ пардаси йиртилганини маҳаллий врачлар тасдиқлаган ва у бир ҳафта касалхонада даволаниб чиққан.

Она ўғлига қаттиқ жароҳат етказган мактаб директорига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаётганидан шикоят қилди.

Жарқўрғон туманининг Полвонлар юрти маҳалласида яшайдиган, 40 яшар тиббиёт ҳамшираси Нодира Эргашеванинг Озодликка айтишича, 12 январь куни эрталаб дарсга беш минут кеч қолган ўғли, 11-синф ўқувчиси Анвар Маматмуродовни мактаб директори Дилшод Бабанов уриб, қулоқ пардасини йиртиб ташлаган:

- Директор дарсга кечикканларни ҳовлида йиғиб турган экан. Ўғлим шошилиб мактабга кириб кетаётса, директор уни чақириб, бош кийимини ечтириб, қулоқ аралаш қаттиқ урибди. Соат 12ларда менга телефон қилиб, қулоғим қаттиқ оғрияпти, деди. Кейин туман поликлиникасига олиб бориб, текширтирсам, дўхтирлар қулоқ пардаси йиртилган, деган хулоса берди, дейди Нодира Эргашева.

Унинг айтишича, ўғли февраль ойида ҳарбий билим юртига ҳужжат топшириши керак эди:

- Болам мен ҳарбий бўламан деб, беш йилдан бери тайёргарлик кўриб келаётган эди. Энди, у ҳарбий тиббий комиссиядан ўта олмайди. Менга янада алам қилаётгани ҳам шу, дейди Нодира Эргашева.

4-мактабнинг 11-синфида ўқиётган Анвар Маматмуродов, мактаб директори болаларни мунтазам калтаклаб келишини айтади:

- Ҳақиқатан эрталаб беш-ўн минут дарсга кеч қолдим. Қарасам, директор ўқувчиларни йиғиб турган экан. Мен ўтиб кетаётгандим, директор чақириб олдида, шапкангни еч, деди. Ечишим билан қулоқ аралаш чаккамга икки марта қаттиқ урди. Қулоғим шанғиллаб кетди. Кейин оғриқ кучайиб кетди ва онамга телефон қилдим, дейди Анвар Маматмуродов.

Нодира Эргашева 14 январь куни туман халқ таълими бўлимига, ички ишлар ва прокуратурага мактаб директори устидан шикоят ёзиб, почта орқали жўнатганини бироқ шу кунгача ҳеч ким ундан бу ҳодиса ҳақида сўрамаганини айтади:

- Чақириш ҳам йўқ, сўраш ҳам бўлмаяпти. Врачлар ўғлимни туман марказий касалхонасининг ЛОР бўлимига даволангани ётқизишди. Поликлиника врачлари ҳам, касалхона врачлари ҳам ўғлимнинг қулоғини текшириб, пардаси йиртилганини тасдиқлашди. Кейин ўзимизнинг участка нозиридан йўлланма олиб, Термизга бориб экспертизадан ўтказдик. Лекин экспертиза хулосасини айтишмади ҳам, қўлимга беришмади ҳам. Ўшандан бери жим-жит, дейди Нодира Эргашева.

Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори Илҳом Норбоев Озодлик билан суҳбатда бу иш бўйича барча ҳужжатлар туман прокуратурасига топширилганини айтди:

“Мен тўпланган ҳужжатлар ва экспертиза хулосасини олиб, прокуратурага топширдим. Ҳозир прокуратура кўряпти. Мен экспертлар хулосасини ҳам олдим, у ерда ҳеч қандай парда йиртилган йўқ, деб беряпти. Директор бир шапалоқ урганман, деб тан оляпти. У мансабдор шахс бўлгани учун унинг ишини энди прокуратура кўради”, дейди профилактика инспектори Илҳом Норбоев.

Жарқўрғон тумани марказий касалхонасининг қулоқ-бурун касалликлари бўлими шифокори Муяссар Қодирова Озодлик билан суҳбатда Анвар Маматмуродовнинг қулоқ пардаси йиртилганини тасдиқлади:

“Бизга келган пайтда Анвар Маматмуродовнинг қулоқ пардаси йиртилган эди. Бизга келишдан олдин поликлиникага борган экан, у ерда ҳам худди шундай ташхис қўйилган экан. Биз даволаганимиздан кейин у чиқиб кетаётган пайт қулоқ пардаси анча яхши бўлиб қолган эди. Албатта бу битиб кетади, лекин озроқ чандиқ қолади. Бир йилдан кейин ҳам, икки йилдан кейин ҳам у чандиқ кўриниб туради”, дейди врач Муяссар Қодирова.

4-мактаб директори Дилшод Бабановнинг мобил телефони кун давомида ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Дилшод Бабановнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Сайёра Алиназарова Озодлик билан суҳбатда мактаб директорига нега чора кўрилмаганидан хабари йўқлигини айтди.

Жарқўрғон туман прокуратурасидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG