Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2018, Тошкент вақти: 23:48

Марказий банк доллар расмий курсини қора бозор курсига тенглаштириши кутилмоқда


Ўзбекистон банк тизими мулозимларининг Озодликка билдиришича¸ “бугун-эрта” Марказий банкнинг расмий курсни девальвация қилиб¸ мамлакатдаги валюта алмашинув курсларининг унификацияланиши – бир хиллашуви тўғрисидаги муҳим қарорни эълон қилиши кутилмоқда. “Бозор механизмлари асосида белгиланадиган” ягона доллар курсининг қора бозордаги жорий курс – 8000 сўм атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Марказий банкдан “марказий” қарор кутилмоқда

Тижорат банкларидан айримларининг 29 август куни Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги бош офиси мулозимлари¸ ўз банкларининг аҳолидан валюта сотиб олишга ҳозирлик кўраëтганини билдирди.

“Бизга Марказий банкдан шунга оид Низом (12 август кунги қарор назарда тутилмоқда - таҳр.) келганидан бери¸ иш бораяпти. Аҳолидан ҳозирча валютани бозор нархида сотиб олиш бошлангани йўқ¸ чунки Марказий банкдан бу ҳақда ҳали қарор берилгани йўқ. Марказий банк бу курсни белгилаши билан¸ аҳолидан валютани нақдда сотиб олишни бошлаймиз¸” деди Озодлик суҳбатлашган тижорат банкларидан бири ходими.

"Кутилаëтган қарор - расмий ва қора бозорни бирлаштириш ҳақида"

Ўзбекистон банк тизими мулозимларидан бирига кўра¸ Марказий банкдан кутилаëтган қарор расмий курснинг кескин девальвация қилиниши ҳақида бўлади ва бу қарорда Марказий банк валюталар бозор курсининг қайси нисбатда бошланишини ва ундан кейин қандай белгиланишини аниқлаштириши керак бўлади.

“Долларнинг Марказий банк белгилаган бугунги (29 август кунги) расмий курси 4200 сўм, қора бозор курси 7800 сўм атрофида. Энди Марказий банк расмий курсни девальвация қилиши ва бозор нархи билан бир хиллаштириши керак бўлади. Шунда курслар¸ кўпдан кутилгандек унификация бўлади¸ эркин конвертацияга эшик очилади. Марказий банк ягона бозор курсини 8000 сўмлар нари-берисида белгиласа керак. Шундан кейин¸ валюта курслари¸ бозордаги талаб ва таклифга қараб¸ кунда ўзгариб туради”¸ дейди ўзбекистонлик банк мулозими.

"Марказий банк - конвертацияга тайëр. Молия вазирлигичи?

Озодлик суҳбатлашган айрим мутахассислар¸ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг 12 август куни имзолаган ва матбуотга куни-кеча маълум қилинган қарорини эркин конвертацияга ҳозирликнинг сўнгги қадамларидан бири сифатида изоҳлади.

Нурмуратов имзолаган бу қарор “Тижорат банкларига жисмоний шахслардан нақд чет эл валютасини сотиб олиши учун Марказий банк томонидан мадад пуллари бериш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” деб аталади.

Номидан кўриниб тургандек¸ бу қарорда аҳолидан нақд долларни сотиб олишга резервида нақд сўми йўқ тижорат банкларига мадад пуллари бериш механизми ишлаб чиқилган.

“Бу низом¸ эртага курслар бирлашиб¸ одамлар долларини сўмга алмашлаш учун қора бозор эмас¸ тижорат банкларига борганида¸ сўм йўқ эди¸ деган ҳолатнинг олдини олиш учун қабул қилинди. Мамаризо Нурмуратов унификация¸ яъни мамлакатда доллар (бошқа хориж валюталари ҳам – таҳр.)нинг ягона бозор курси бўладиган эркин конвертацияга ўтиш учун Марказий банк қилиши лозим ишларни қилаяпти. Менимча¸ Марказий банк томонидан қўйилаётган қадамлар тўғри. Гап энди¸ бу ўзгаришларни иқтисодий-фискал сектор¸ биринчи галда¸ Молия вазирлиги билан уйғунлаштиришда қолаяпти. Эркин конвертация очилгандан кейин унинг қанча давом этиши ана шу жараëн натижасига қарам бўлади”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик мустақил иқтисодчилардан бири.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 30 июнь кунги қарорига мувофиқ, тижорат банкларининг ўз мижози бўлган корхоналарга - юридик шахслар - бозор нархида валюта олиб-сотишига рухсат берилган эди.

Тижорат банкларининг юридик шахслардан бозор нархида валюта олиб-сотишни тажриба сифатида бошлагани¸ мутахассислар томонидан Ўзбекистон ҳукуматининг эркин конвертация жорий қилиш йўлида бошлаган жиддий қадамларидан бири сифатида қабул қилинган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG