Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2018, Тошкент вақти: 06:10

“Конвертация очилса¸ бир доллар 10 минг сўмга сакраши мумкин”


Август ойидан бошлаб қора бозорда арзонлай бошлаган АҚШ доллари нархи 14 август куни 7000 сўмга тушди. Айни шу куни мамлакат тижорат банклари юридик шахсларга сотилаëтган бир АҚШ доллари нархини 8500 сўмдан белгилади. Марказий банк 22 август куни 50 минг сўмлик янги банкнота чиқарилишини эълон қилди. Бу жараëнларнинг бир-бири билан боғлиқлигини айтган Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар¸ яқин келажакда долларнинг қайтадан кескин кўтарилиш босқичига ўтишини тахмин қилдилар.

Банклар ширкатларга 8500 сўмдан доллар сотмоқда¸ аммо улар долларини сотиб олмаяпти

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 30 июнь кунги қарори билан тижорат банкларига “биржадан ташқари валюта бозоридаги операцияларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида бозор курси бўйича амалга ошириш” ваколати берилган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Бош вазирнинг бу қарорига берилган ички йўриқномага кўра¸ тижорат банклари ҳозирда ўз мижози бўлган юридик шахсларга фақат валюта сотмоқда¸ аммо уларга мижоздан валютасини сотиб олиш ваколати¸ ҳозирча¸ берилмаган.

Юридик шахсларга бугун 8500 дан тижорий нархда сотаяпмиз¸ бемалол. Фақат сотамиз¸ олмаймиз. Юридик шахслар биздан 8500 дан доллар сотиб олиши мумкин¸ лекин уларнинг долларини бозор нархида сотиб олмаймиз. Бизга Кабминдан фақат шунақа бир томонлама савдо ҳақида қарор тушган. Фақат сотиш бўйича топшириқ берилган. Юридик шахснинг маҳсулоти¸ по факту¸ келган бўлса¸ Ўзбекистон ҳудудида 40-режимга ўтган бўлса¸ шунга тўлаб бериш мақсадида биздан валюта сотиб олса бўлади. Олдиндан тўловга конвертация йўқ. Бош вазирнинг қарорига асосан тижорат банкларига фақат сотишга рухсат берилди¸ олишга эмас. Қўлимда¸ сотгин¸ деган қоғоз бор. Лекин олгин¸ деган қоғоз йўқ”¸ деди Ўзбекистондаги йирик тижорат банкларидан бирининг валюта бўлими мутахассиси Озодлик билан 14 август кунги суҳбатда.

Ўзбекистонлик банкирлардан бирининг Озодликка айтишича¸ бу бир томонлама операцияга мувофиқ¸ ўзбекистонлик импортëрга банкдан расман 8500 сўмдан сотиб олишга рухсат берилгани ҳолда¸ экспортëрнинг ўз валютасини 8500 сўмга яқин нархда банк орқали сотишига рухсат йўқ.

Ҳозир пишиқчилик пайти. Президент экспортëрларнинг ўз валюта тушумининг бир қисмини давлатга расмий курсда сотиш мажбуриятини бекор қилди. Дейлик¸ Россияга мева-сабзавот сотганлар қўлида доллари бор¸ лекин банк уни бозор курсида сотиб олишни истамаяпти. Экспортëр нима қилади – табиийки¸ қора бозорда сотади. Эътибор беринг¸ бу конвертация очиш олдидан қилинаяпти¸ яъни қора бозорда доллар кўпайиб¸ нарх тушаяпти. Марказий банк эса¸ расмий курсни кўтариб бораяпти. Улар қора бозорни шу йўл билан вақтинча тушириб¸ расмийни эса¸ ошириб¸ бир нуқтада бирлаштирмоқчи бўлаяпти. Лекин бу вақтинча чора ва узоқ давом этиши мумкин эмас”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган банк мутахассисларидан бири.

Ўзбекистонлик молиявий таҳлилчи Александр Давлетовнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган изоҳига кўра¸ доллар нархининг қора бозордаги арзонлаши “сунъий бошқарилаëтган” жараëн.

“Қора бозор”да валютанинг 8 минг сўмгача тушиши норма ва бу иқтисодий омиллар доирасида юз бериши мумкин эди. Кечадан бошлаб спекуляция бўлаяпти. Буни иккита сабаб билан изоҳласа бўлади:

1) ё инсайдерлар курсларни унификацияси бўйича қандайдир алоҳида ахборотга эга ва улар доллардаги маблағларини сўмга ўтказишаяпти.

2) ё кимдир ёхуд қандайдир йирик валюта маблағларига эга гуруҳлар ўзаро келишган ҳолда “пасайтиришга” ўйнашаяпти. Бунинг учун 10-15 млн.доллар керак. Гуруҳ бир неча майда гуруҳларга бўлинади, улардан 9 таси фақат сотади — айнан улар снижение ажиотажини яратади, биттаси эса хотиржам сотиб олади. Эрталабдан пасайтиришга ўйналади, кечга яқин қайта сотиб олиш бошланади. Кундузи ваҳима қилинади, кечқурун ҳосил йиғиб олинади”¸ деб шарҳлади қора бозордаги доллар нархининг сўнгги ҳафтадаги пастлашини шарҳлаган Давлетов ва ўз тахминини қўллаш учун қора бозордаги доллар нархининг “ўйнаши” акс этган жадвални илова қилган.

Ўзбекистон валюта қора бозорида сўнгги ҳафта кузатилган доллар нархи динамикаси.
Ўзбекистон валюта қора бозорида сўнгги ҳафта кузатилган доллар нархи динамикаси.

Озодлик суҳбатлашган мустақил иқтисодчилардан бири ҳам бу тахминда жиддий асос борлиги ва курсларни қайси нархда бирлаштиришга оид ҳукумат қароридан хабари бор шахс ва гуруҳлар доллар кескин кўтарилиши олдидан¸ унинг нархини сунъий пасайтириб¸ доллар сотиб олаëтганини айтади.

Бу гуруҳларнинг ҳукумат тепасида қарор бераëтганларга бевосита алоқадорлиги кўриниб турибди. Улар курснинг айнан қайси нархда унификация бўлишидан хабар топган. Зотан¸ Марказий банк муомаладаги нақд пул массаси ва унинг айланиш тезлигидан пул таклифи қанчалигини тахминан ҳисоблайди ва шундан реал курснинг қанча бўлишини хомчўт қила олади. Қора бозордаги бугунги “ўйинлардан” бу курснинг ҳозирги 7500 сўмдан баландроқ бўлишини тахмин қилиш мумкин. Тижорат банкларига фақат доллар сотиб¸ уни сотиб олишга рухсат бермаслик қарори ортида ҳам қора бозордаги доллар нархини тушириш мақсади ëтибди. Бу жараëнни манипуляция қилаëтганларнинг битта гуруҳ эканини тушуниш қийин эмас”¸ дейди бу таҳличли.

50 минг сўмлик купюранинг чиқарилиши - конвертацияга яна бир тараддуд

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги собиқ мулозими Саодат Нишонова¸ Марказий банкнинг 22 августдан бошлаб 50 минг сўмлик купюрани муомалага киритиш ҳақидаги қарорини ҳам айни иқтисодий жараëннинг таркибий қисми сифатида изоҳлади.

- Янги купюра чиқарилади¸ дегани¸ пул станоги ишга тушди¸ деганидир. Янги банкноталар шунчаки аҳолига тарқатиш учунгина босиб чиқарилмайди. Янги пул¸ биринчи навбатда¸ дебитор-кредиторлик қарзлари ўртасидаги фарқни ëпиш учун чиқарилади. Нормал иқтисодда нарх таннархдан баланд бўлиши ва орадаги фарқдан ишлаб чиқарувчига озгина бўлса ҳам фойда қолиши керак. Лекин конвертация йўқлиги учун Ўзбекистонда нарх таннархдан паст бўлиб келди. Эртага конвертация очилса¸ қарздорлар мутлақ хонавайрон бўлади. Станокни ишга тушириш¸ ана шуларнинг муайян қисмини қутқариш уриниши.

Иккинчиси¸ пул станоги бюджет дефицитини қоплаш учун ишга туширилади. Конвертацияни очишдан олдин ҳамма қарзларни ëпишади¸ ойликлар тўланади. Айланмадаги нақд пул кўпаяди¸ нархлар ошади¸ доллар нархи ҳам кўтарилади. Конвертация очилса¸ доллар курси тахминан 10 минг сўм атрофида бирлашади. (Ҳозир қора бозордаги спекулацияни уюштираëтганларнинг айни шу ахборотга эгалиги тахмин қилинмоқда – таҳр. )Агар улар қўшимча пул босиб чиқаришни тезда тўхтатиб¸ инфляцияни назоратга ола олса¸ яхши мувофиқлаштирилаëтганга ўхшаëтган бу жараëнлар оқибатида мамлакатда макроиқтисодий мувозанат ўрнатилиши ва Ўзбекистонда нарх бўйича рақобатбардош иқтисод туғилиши¸ пул тўғри иқтисодий ахборот ташийдиган бўлиши мумкин¸ дейди Нишонова.

Июль ойи давомида 8500 сўм атрофида бўлиб келган бир АҚШ доллари нархи¸ Ўзбекистон қора бозорида деярли кузатилмаган бир тарзда¸ кейинги ўн кун ичида пастга шўнғиб бормоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG