Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2022, Тошкент вақти: 23:34

Ўшлик Дилноза ярим йилдан буён Екатеринбург болалар уйида қолмоқда


Дилноза Жўрабоева

Ота-онаси Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан бўлган Дилноза Жўрабоева ярим йилдан буён, Екатеринбург шаҳридаги балоғат ёшига етмаган болалар уйида сақланмоқда. Екатеринбург расмийларига кўра Дилноза шахсиятини аниқловчи бирор расмий ҳужжат йўқ ва бўлмаган. Ҳозирда уч давлат – Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистон омбудсменлари Дилнозанинг она юрти Ўш вилоятига юборишга уринишмоқда.

Свердлов области омбудсмени Татьяна Мерзлякованинг Озодликка айтишича¸ Дилноза ҳеч бир ҳужжатсиз қариндошлари билан Қирғизистон орқали Россияга келган ва полиция ушлаганига қадар Екатеринбургда ноқонуний яшаб юрган:

- Россия томони Дилнозани ватанига юборишни жудаям истайди. Лекин Қирғизистон томони ҳозирча Дилнозанинг онасини олдига, Ўш шаҳрига қайтишига йўл бермаяпти. Чунки Дилноза шахсини тасдиқловчи бирор расмий ҳужжат йўқ. Қизнинг онаси Ҳалима Жўрабоеванинг айтишича¸ Дилноза 19 ёшга кирган. Биз Дилнозанинг ўта озғин ва гавдаси кичик бўлганини ҳисобга олиб, уни депортация марказига эмас, балоғат ёшига етмаган болалар уйида сақлашга қарор қилдик. Чунки бу ерда шароит нисбатан яхшироқ. Лекин рус тилини билмаган қиз бола учун жуда оғир, у руҳан эзилган. Биз ҳозир Дилнозани ватанига юборишга ёрдам беришни сўраб Қирғизистон ва Ўзбекистон омбудсменларига мурожаат қилдик. деди Татьяна Мерзлякова.

Свердловск омбудсмени идораси Дилноза шахсиятини аниқлаш учун керакли ҳужжат юборилишини сўраб, икки ой олдин Ўзбекистон омбудсменига мактуб юборган. Екатеринбург омбудсмени идораси расмийларига кўра¸ Ўзбекистон томони бу масалада ёрдам беришини билдирган.

Ўз навбатда Қирғизистон омбудсмени идораси расмий вакили Чинара Белекова, Озодлик билан суҳбатда расмий Бишкек Дилнозани ватанига қайтариш учун зарур ҳужжат тўплаётганини билдирди.

Айтилишича¸ Дилнозада туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг йўқлиги бу жараëндаги асосий муаммо бўлиб қолмоқда:

- Биз Дилнозанинг Фарғона шаҳри туғруқхонасида туғилганига оид справка Ўзбекистондан юборилишини кутаяпмиз. Бу борада Ўзбекистонга расмий сўров юбордик. Ўзбек томони, ушбу масалада ёрдам беришга ишонтирди. Кеча Дилнозанинг онаси Ҳалима Жўрабоева Қирғизистон паспортини олди. То шу пайтгача унда эски паспорт бўлган. Ўйлайманки, биргаликда Жўрабоевалар муаммосини ҳал этамиз, деди Чинара Белекова.

Озодлик билан суҳбатда Ҳалима Жўрабоеванинг айтишича¸ Дилноза 2010 йилги Ўшдаги қонли воқеалар ортидан Россияга келиб қолган:

- Дилноза 1997 йилда Фарғона вилоят туғруқхонасида туғилди. Ўшанда Фарғона туғруқхонасида қизимнинг туғилганига оид справка беришган эди. Лекин справкани йўқотиб қўйдим. Ўшга қайтиб келганимдан кейин, қизимга гувоҳнома олиш учун анча югурдим, бироқ ҳужжат ололмадик. Кейин 2006 йилда, эримнинг саломати яхши бўлмагани сабабли, Россияга ишга кетишга тўғри келди. Болаларимни уйда отаси ва қариндошларим қарамоғига қолдиришга тўғри келди.

2010 йилда, Ўш воқеалари ортидан, Дилнозани танишларим олдимга Екатеринбург шаҳрига келтиришди. Россияда қизим асосан уй ишларига ёрдам бериб яшади. Шу йилнинг май ойида менда регистрация муҳлати тугади. Полиция ходимлари мени кўчада ушлаб полиция бўлимига¸ кейин депортация марказига келтиришди. У ердан мени Қирғизистонга депортация қилишди. Мен ушлангандан бир неча кундан кейин Дилнозани ҳам полиция ушлади, дейди Ҳалима Жўрабоева.

Ҳалима опа рус тилини яхши билмаган қизининг Екатеринбург шаҳри болалар уйида қолиб кетганидан қаттиқ хавотирда эканлиги ва қизининг уйга тезроқ қайтарилишини орзиқиб кутайтганини айтади:

- Жуда соғинганман қизимни. У билан телефонда гаплашиб турибман. Соғлиғим яхши, дейди. Телефонда гаплашганда йиғлайди, “Mени қачон олиб кетасизлар?” деб сўрайди. Бизга қизимни келишини ваъда беришaяпти, бироқ ҳануз натижа йўқ. Ярим йил бўлди, қизимнинг Екатеринбургда қолганига”¸ дейди Ҳалима Жўрабоева.

XS
SM
MD
LG