Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2025, Тошкент вақти: 17:48

QR - рецепт: Дорихўрлик тугайдими?


Ўзбекистонда дориларнинг электрон рецепти тизими ишга тушса қалбаки дориларнинг кириб келиши чекланиши айтилмоқда
Ўзбекистонда дориларнинг электрон рецепти тизими ишга тушса қалбаки дориларнинг кириб келиши чекланиши айтилмоқда

Ўзбекистонда дори воситаларини электрон рецепт билан олиш амалиёти жорий этилди. Расмийлар буни тизимида навбатдаги рақамли ютуқ, демоқда.

Аммо шифокорларга кўра, амалиёт - ҳали тегишли инфратузилма яратилмай туриб жорий этилган ва оддий дориларга эҳтиёжи бор хасталар азият чекмоқда.


Ўзбекистон инсон саломатлиги учун қўлланиладиган барча дори-дармонни QR кодлари билан электрон рецептлар орқали сотишни талаб қиладиган янги қоидаларни жорий қила бошлади.

10 декабрдан Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг 15 та туман ва шаҳарида дорилар электрон рецепт асосида берилиши йўлга қўйилди.

Содда қилиб айтганда, энди қоғоз рецептлар бўлмайди. Бемор одам шифокорга мурожаат қилиши, у эса дори рецептини ДМЭД номли тиббий ахборот тизимига киритади. Бемор телефонига юборилган QR код орқали бемор дорини аптекадан сотиб олиши мумкин.

Бу янгилик жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шифокорларнинг айтишича, асосий мақсад тўғри қўйилган.

Агар рецептсиз дори сотиш тақиқланишига эришилса, аҳолини ўзбошимчалик билан дори истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш, антибиотиклар ва гормонал препаратларни суиистеъмол қилишни тўхтатиш ҳамда болалар ва кекса инсонлар соғлиғини асраш мумкин бўлади.

Шифокор Муаззам Иброҳимованинг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, агар бу ислоҳот нотўғри амалга оширилса, у фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.

“Агар дориларни бир кундаёқ, барчасини рецептисиз сотишни тақиқлаб қўйсак:

оддий аҳоли қийналади; навбатлар, асабийлик, норозилик кучаяди;

қора бозор пайдо бўлади; “таниш орқали” рецепт ёзиш авж олади;

энг ёмони — бу ҳолат фармацевтик мафия учун жуда қулай муҳит яратади.

Чунки талаб бор жойда ноқонуний таклиф ҳам бўлади”

Ўзбекистонликлар бу қарор кучга киргач шифокорлардан электрон рецепт ёздириб олиш қийинлашиб кетгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзмоқда. Поликлиникаларда шифокор қабулига кириш навбатлари янада кўпайди.

“Бугун шифокорга бордим. Шифокор сани дардингни тинглаб, санга тўғри назначение бир орасида компьютерда дорини излаш ва рецепт ёзиш билан 2 соат ҳар бир беморни кўряпти. Шу тизим тўғрими энди. Ўзи врачга боришдан безиллар эдик. Энди 3 баравар безиллашни бошладик. Бу яхшиликка олиб келмайди. Одамларни таранг асабини янада зўриқишига олиб келади", деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Гулнора Умарбекова

Шифокор Муаззам Иброҳимова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, бу тадбирни босқичма босқич амалга ошириш керак эди.

Биринчи босқичда, яъни 3 ой мобайнида электрон рецепт фақат антибиотиклар, гормонал препаратлар, психотроп дорилар ва кучли оғриқ қолдирувчи дорилар учун берилиши керак:

"2-БОСҚИЧ (4–8 ой)

Қўшимча равишда:

юрак-қон томир дорилари

қандли диабет препаратлари

қон босимига таъсир қилувчи дорилар

Электрон рецепт тизимини ишга тушириш, поликлиникаларда шифокорларга юкни камайтириш".

Шифокор фикрича, сўнгги учинчи босқич, яъни бир йилда тизим тўлиқ шаклланади, дорихоналар сони табиий равишда қисқаради, дори бозори соғломлашади.

Мутахассисларнинг айтишларича, сўнгги йилларда Ўзбекистон дорихўр мамлакатга айланди. Шаҳар ва туманларда аптекалар шунчалик кўпайдики, одамлар ҳатто дўхтирга ҳам бормай аптекачиларнинг ўзларига касалини айтиб, дори олиб истеъмол қилиш урфга айланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ўтган йилги маълумотига кўра, мамлакатда 15 253 та дорихона мавжуд. Бу ўртача 2 400 кишига битта дорихона тўғри келади, деганидир.

Статистикага қаралса, Ўзбекистонда аҳоли сўнгги ўттиз йил ичида икки баравар кўпайган бўлса, дорихоналар сони етти баравар ошган.

"Чет элда дорихона кўп эмас рецептсиз антибиотиклар сотолмайди, тўғри. Биздачи дори бизнеси кимнинг қўлида. Қадамда дорихона. Халқни дорига ўтқазиб бўлиб, худди ҳавосиз кислородини бўғгандек бўлди. Қора бозор ривожланади энди, хусусий клиникаларни тўлдирамиз, текшириш учун керак-кераксиз анализлар, уқувсиз врачни шартномаси бор аптека, фирмаларнинг дориси сотилиши кўпаяди. Коррупция ривожланади. Амалдорлар олиб кирган, тендерсиз ютиб олган дориларни ёппасига аҳолига ёзиб олдиради, поликлиникалар, хусусий клиникаларни олдида ўладиган беморлар бўлади. Қисқаси бу меҳр ортида мана нима бор. Халқни пулини ечиш, ва бюджет пулини ечиш механизми бу", деб ёзади Фейсбук фаоли Дилбар Набиева.

Ўзбекистонда минглаб аптека ёпилиш хавфи остида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:57 0:00

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов 14 декабр куни журналистларга берган интервюсида «Ўзбекистонда дори воситалари билан боғлиқ коррупцион механизм кўпроқ шаклланган» деди:

"Рецепт билан бериладиган 11 900 турдаги дори-дармоннинг 7600 таси импорт қилинса, шундан 65 фоизи, яъни 4960 таси фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган. Биз ўрганган 10 та давлатнинг ичида бунча дори турлари умуман топилмади. Бу — жуда ҳам ёмон кўрсаткич. Қанақасига дори ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон учун алоҳида дори ишлаб чиқарган? Бу мантиқсиз”, дейди Фармацевтика агентлиги директори Абдулла Азизов.

Ўзбекистонлик шифокор, нейропсихолог Зариф Ибодуллаевнинг айтишича, Ўзбекистон бозорини қалбаки дорилар босиб кетган ва бунга барҳам бериш мақсадида жорий қилинаётган электрон рецепт тизими тўла ишга тушса ижобий ўзгариш бўлади:

"Биринчидан, врачлар далилларга асосланган тиббиёт тизимига ўтишга мажбур бўлади. врачлар даволаш ва диагностика стандарти бўйича ишлашга мажбур бўлади. Кўз олдингизга келтиринг, врач ташхис қўйди, электрон тизим бўйича рецепт ёзди ва бемор бориб аптекадан дорини олди. Эртага Соғлиқни сақлаш вазирлиги жуда катта экспертлар гуруҳини ташкил қилсин ва мана шу ёзилган рецептлар орқали врачларнинг билимини текшириш мумкин бўлади. Уларнинг малакавий билимини баҳолаш имкони бўлади. Чунки менимча, 70 фоиз врачларимиз даволаш, диагностика протоколларига амал қилмайди. Аптека билан ҳатто оддий дўхтирларнинг коррупцион боғланиш тизимлари мавжуд. Тўртта дори ўрнига саккизта дори ёзишларини биз кўп айтганмиз".

Зариф Ибодуллаевнинг айтишича, фармацевтика соҳасидаги коррупцион схемалар илдизлари юқорида турган раҳбарларга, профессор ва соҳа мутахассисларига бориб тақалади:

"Фармацевтика бизнесидаги коррупцион схеманинг энг юқори тизимини мен аввал ҳам айтган эдим. Кафедра мудирлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассисларининг эшигини олдида доимо фармкомпанияларнинг вакиллари туради. Қрамкомпаниялар катта-катта анжуманларга ҳомийлик қилиб баъзи нопок профессорларни сотиб олади. Қайси фармкомпания уни чет элга юборган бўлса, қайси ҳомийлик қилган бўлса ўша дори мақтаб айтилаверади. Агар рецепт тизими йўлга қўйилса, бу нарслара тартибга тушади".

Шифокорнинг фикрича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутақил экспертлар гуруҳини тузиб ҳар уч ойда электрон рецепт бўйича берилган барча дориларни ким ёзиб берганидан қатъий назар экспертизадан ўтказиш керак ва ўшанда ҳамма нарса маълум бўлади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда амалга оширилаётган бу тадбирни мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш хизматларида тенглик ва мавжудликни мустаҳкамлашга хизмат қилишдаги ютуқ деб баҳолади.

Ташкилотга кўра, бу томонларнинг узоқ йиллик ҳамкорлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги мамлакат офиси ҳамда Европа минтақавий офисининг доимий кўмаги натижасидир.

Айни пайтда, бирданига амалиётга киритилган бу тадбир шифокорларни ҳам шошириб қўйди, ҳамда беморларнинг керакли дори харид қилиш имкониятини пасайтирди.

Электрон рецептнинг асосий мақсади — дори воситалари устидан назоратни кучайтириш. Лекин ҳозирча бу назорат биринчи навбатда беморга қийинчилик туғдиряпти.

Илгари шифокор ёзиб берган қоғоз рецепт билан дори олиш мумкин бўлган ҳолатда, эндиликда бемор электрон тизим ишламай қолса ёки код келмаса, дорисиз қолиши мумкин.

Электрон рецепт масаласида яна бир оғриқли нуқта — ёши катта фуқаролар смартфон тутмайди. QR-код, электрон идентификация каби тушунчалар улар учун бегона.

Рақамлаштириш ҳақида гап кетганда, аввало интернет, техника ва ягона стандартлар бўлиши шарт. Аммо амалда айрим қишлоқ врачлик пунктлари ва дорихоналарда, интернет узлуксиз эмас, компьютер ва дастурлар эски, техник мутахассис йўқ.

Бундай шароитда электрон рецепт жорий этиш, шифокорларга кўра тизимни эмас, беморни синовдан ўтказишга ўхшайди.

Яна бир жиддий муаммо шифокорлар юкламаси. Электрон рецепт тўлдириш, тизимга кириш, маълумотни қайта-қайта сақлаш шифокорнинг асосий вазифаси беморни кўрикдан ўтказиш ва даволашдан чалғитмоқда.

Айрим тиббиёт ходимларининг айтишича, битта беморга сарфланадиган вақт қисқариб, навбатлар узаймоқда. Бу эса сифатли тиббий хизмат ҳақидаги гапларни шубҳа остига қўяди.

Электрон рецепт коррупцияга чек қўяди, деган даъволар ҳам бор. Аммо тизим мукаммал бўлмаса, у қўшимча бюрократик тўсиқка айланиши мумкин. Масалан, баъзи ҳолларда бемор шифокор қабулига фақат рецепт олиш учун қайта-қайта боришга мажбур.

Электрон рецепт тизими жорий этилишидан олдин, мутахассислар фикрича, инфратузилма тўлиқ тайёрланиши, шифокорлар иши енгиллаштирилиши аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилиши керак эди.

Акс ҳолда электрон рецепт соғлиқни сақлаш тизимини енгиллаштирмайди, балки бемор учун навбатдаги бюрократик синовга айланади.

Ислоҳотнинг ҳақиқий самараси ҳисоботларда эмас, шифокор қабулига соатлаб навбат кутиб турган ёки оддий бош оғриқ дорисини эркин сотиб ололмаётган бемор тақдирида кўрилиши керак.

Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда, электрон рецептларни жорий қилиш қарори ҳақида мана бу хабар келди.

Вести.уз сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецептлар бўйича ўз буйруғига ўзгартиш киритган.

Вазирликнинг дори воситалари учун электрон рецептларга 2026 йил давомида босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи янгиланган буйруғи эълон қилинди.

Янги қоидалар жамиятда катта муҳокамаларга сабаб бўлгани ортидан баҳсли қарор бекор қилингани айтилади.

Ўзгартишларга кўра, рецептсиз дори сотиб олишга тўла тақиқ бўлмайди, ҳозирча фақат антибиотиклар ва тизимли гормонал дори воситалари рецепт асосида берилади.

Ўтиш даврида тушунтириш ишлари олиб борилади ҳамда сурункали касалликка чалинган беморларни ҳимоя қилинади.


Форум

XS
SM
MD
LG