Линклар

Шошилинч хабар
24 сентябр 2018, Тошкент вақти: 14:53

Европа Иттифоқи Эрон билан норозилик намойишларини муҳокама қилмоқчи


Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэл (ўнгда) эронлик ҳамкасби Муҳаммад Жавод Зарифни (чапда) яқинда Эронда рўй берган норозилик намойишларини ЕИ билан муҳокама қилиш учун таклиф қилмоқчи эканини айтди. (архив сурати)

Германиянинг бош дипломати Зигмар Габриэлга кўра, Европа Иттифоқи Эрон ташқи ишлар вазирини 28 декабрдан бери мамлакатни ларзага солган кенг қамровли норозилик намойишлари ҳақида музокара ўтказиш учун таклиф қилади.

Габриэл Германия ҳам, Франция ҳам «Эрондаги ички можародан ўз мақсадида фойдаланишга уринмаслик кераклигидан огоҳлантиргани»ни айтди.

«Фитначилар» тор-мор этилди

Габриэл ушбу баёнотни Эрон Ислом инқилоби сипоҳлари (ЭИИС) аксилҳукумат норозилик намойишлари тор-мор этилганини хабар қилгандан сўнг эълон қилди. ЭИИС чет элликларни фитна уюштирганликда айбламоқда.

ЭИИС 7 январь куни тарқатилган баёнотида, «Эрон инқилоби кишилари ўн минглаб аскари бор Басиж кучлари, полиция ва Разведка вазирлиги билан бирга Қўшма Штатлар, Британия, Исроил, Саудия Арабистони, «жангарилар ва монархиячилар ҳосил қилган исён занжирини чилпарчин қилиб ташлади», дейилади.

Ушбу баёнот Эрон парламенти 7 январь куни ҳукуматга қарши норозилик намойишлари сабабларини муҳокама қилиш учун ёпиқ мажлис ўтказгандан кейин эълон қилинди.

Қонун чиқарувчиларнинг ислоҳотчлар фракцияси ушбу мажлисни хавфсизлик ва разведка раҳбарларидан исён сабаблари тўғрисидаги саволларига жавоб олиш учун чақирган эди. Эрон ҳукумати ушбу исён чет элдан туриб уюштирилганини айтмоқда.

Хабар қилинишича, ҳукумат Инстаграм ижтимоий тармоғига жорий этган чекловини бекор қилди. Аммо Эроннинг «Форс» ахборот агентлиги Телеграм ижтимоий тармоғига чеклов «бутунлай олиб ташланди», деб ёзган бўлса-да, ушбу тармоқ 7 январда ҳам тўсилганича қолаётган эди.

Ҳукумат тарафдорлари намойишлари

– Парламент Телеграмни тўсиб ўтиришни истамайди, бироқ Телеграм эгалари тармоқдан Эрон халқининг душманлари унга қарши қурол сифатида фойдаланмаслигига ваъда бериши керак, – деди парламент раёсат кенгаши матубот котиби Беҳруз Неъматий.

Эроннинг 80 миллион кишилик аҳолисининг учдан бир қисми Телеграмдан хабарлар манбаси сифатида фойдаланади, чунки у кескин чекланадиган давлат матбуотига муқобил манбадир.

Қўшма Штатлар билан Исроил норозилик билдирган кишиларни қўллаб-қувватлашини очиқ айтди, аммо уларни гиж-гижлаганини рад этмоқда.

Ўтган ҳафта охирида ҳукумат тарафдорлари режимни қўллаб, Машҳад шаҳрида намойишга чиқди.

Давлат матбуоти ҳукуматга қарши норозилик намойишлари ҳақида хабар беришни тўхтатди.

Аммо Озод Европа/Озодлик радиосининг форс хизмати 6 январь куни Эроннинг камида 9 та шаҳри, жумладан Теҳронда норозиликлар давом этгани хусусида рад этиб бўлмас хабарлар олди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоматериалларда полиция ходимлари кўплигига қарамай, йиғинлар бўлиб ўтаётгани акс эттирилган.

Бир ҳафтадан кўпроқ давом этган норозиликлар вақтида 22 киши ҳалок бўлди, 1700 киши ҳибсга олинди.

7 январь куни Теҳрон прокурори Аббос Жаъфарий Давлатободийнинг айтишича, сўнгги икки кун ичида 70 нафар ҳибсга олинган киши гаров эвазига қўйиб юборилди.

Ислоҳотчилар чет элдан аралашув бўлганини рад этмоқда

Эронда истиқомат қилаётган 16 нафар ислоҳотчи баёнот билан чиқди. Унда бутун мамлакатга ёйилган норозилик намойишларини чет элликлар ташкил қилгани ёки фитна уюштиргани ҳақидаги Эрон ҳукумати иддаолари рад этилади.

6 январь куни тарқатилган баёнотда айтилишича, «мамлакат душманлари бундай воқеаларда ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб қолишига уринишига қарамасдан, бир нарсани уқиб олишимиз шарт: ички шароит бўлмаса, ҳеч қандай ташқи аралашув фойда бермайди».

Баёнотга қўл қўйган кишиларнинг аксарияти президент Муҳаммад Хотамий даврида (1997-2005) ҳукуматнинг юқори лавозимларида ишлаган ва парламент аъзолари бўлган кишилардир.

Ҳафтанинг дам олиш кунлари эронлик эмигрантлар мамлакатнинг чет мамлакатларидаги элчихоналари олдида, жумладан, Ҳаага, Берлин ва Ҳамбург, Стокҳолм, Лондон ва Парижда ҳукуматга қарши намойишлар ўтказди.

XS
SM
MD
LG