Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Эрон парламенти мамлакат ядровий дастури борасида қаттиқроқ мавқе эгалламоқчи


Эрон адровий дастурининг "отаси" деб билинган Муҳсин Фаҳризоданинг дафн маросими - Теҳрон, 30 ноябрь, 2020
Эрон адровий дастурининг "отаси" деб билинган Муҳсин Фаҳризоданинг дафн маросими - Теҳрон, 30 ноябрь, 2020

Эрон парламенти агар 2015 йилда Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни имзолаган давлатлар Эронга қарши санкциялар бекор қилинишига кўмаклашмаса, мамлакатдаги ядро иншоотлари БМТ томонидан назорат қилинишини тўхтатиб туриш ва уранни бойитишни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Эрон парламентининг ушбу қарори таниқли ядрошунос олим ўлдирилганига жавоб ўлароқ кўрилмоқда.

Қонун лойиҳасини қабул қилган депутатлар «Америкага ўлим! Исроилга ўлим!» дея ҳайқиришди. Лойиҳа қонунга айланиши учун уни конституцияни ҳимоя қилиш Муҳофизлар кенгаши тасдиқлаши керак бўлади.

Эрон давлат телевидениесининг хабар беришича, парламент спикери Муҳаммад Бақер Ғалибаф «қонунчилар ушбу қатъий қарор орқали санкциялар бекор қилинишига умид қилмоқдалар», деган.

Бироқ ҳукумат матбуот котиби Али Рабиий бундай қарор Эрон ядро сиёсатини ўзгартирмаслигини, уни ўзгартириш фақат Миллий хавфсизлик олий кенгашининг ваколати эканини айтди.

2018 йилда АҚШ Теҳрон ва қудратли давлатлар ўртасида имзоланган ядровий келишувдан чиқиб, Эронга қарши санкцияларни жорий қила бошлаган эди. Бунга жавобан Эрон битим қоидаларини буза бошлади.

Бунга қарамасдан, БМТнинг ядровий кузатувчиси бўлмиш Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) инспекторлари 2015 йилги келишувга биноан Эрон ядро иншоотларини кузатишда давом этмоқда.

Янги қонун лойиҳасига кўра, 2015 йилги ядровий келишувни имзолаган Ғарб давлатлари, яъни Буюк Британия, Франция, Германия, Хитой ва Россия бир ой ичида Эрон жаҳон банклари ва нефть бозорларидан фойдаланиша йўл очмаса, Эрон ҳукумати ХАЭА текширувларини тўхтатади.

Шунингдек, қонун лойиҳасига биноан Эрон «тинч мақсадларда» уранни 20 фоиз бойитишни бошлаши керак.

Айни дамда Эрон уранни 4,5 фоизгача бойитмоқда. Битимга биноан эса Эрон уранни 3,67 фоизидан оз бойитиши мумкин. Ядровий қуролларда ишлатиш мумкин бўлган уран 90 фоизгача бойитилиши керак.

Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб, ядровий қурол ишлаб чиқишга уринаётганини рад этиб келади.

Қабул қилинган қонун лойиҳаси биринчи марта август ойида парламентда кўриб чиқилган эди. Аммо бу ташаббус 27 ноябрь куни Теҳрон четида мамлакатнинг собиқ яширин ядро дастури марказида бўлган физик Муҳсин Фаҳризода ўлдириб кетилиши ортидан янги аҳамият касб этди.

Эрон расмийлари қотилликда Исроилни айбламоқда. 1 декабрь куни мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф қотиллик Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳамда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу яширин ўтказган учрашув ортидан содир бўлганини иддао қилди.

Бунга жавобан Саудия ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Зариф «Эронда содир бўлаётган ҳар қандай салбий нарса учун қиролликни айблаётганини» айтди.

«Саудия Арабистони қотилликлар содир этиш сиёсатини олиб бормайди», дея қўшимча қилди у.

Исроил расмийлари қотилликни изоҳлашдан бош тортди. Ҳали ҳеч ким ушбу жиноят учун масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

XS
SM
MD
LG