Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 09:19

Швеция Эронни киберҳужум уюштиришда айблади


Эронда Швецияга қарши намойиш. Теҳрон, 21 июль 2023
Эронда Швецияга қарши намойиш. Теҳрон, 21 июль 2023

Швеция давлат хавфсизлик хизмати (Sapo) Эрон разведкасини швед мобил алоқа хизматларига киберҳужумлар уюштиришда айблади.

Би-Би-Си хабарига кўра, эронлик ҳакерлар 2023 йил 1 август куни Швециядаги уяли алоқа фойдаланувчиларига Қуръон ёқиш акцияларига жавобан қасос олишга ундовчи 15 мингта хабар юборган.

Швеция тергов идораси Anzu ҳакерлар гуруҳининг мобиль операторларга киберҳужуми 2023 йил июль ойида амалга оширилганини аниқлаган.

Хавфсизлик идораси ҳакерларнинг шахсини аниқлаган, аммо уларни терговга тортиш имконсиз экани айтилмоқда.

Прокуратура хулосасига кўра, киберҳужумлар орқали Швецияни ислом динига тоқатсиз давлат сифатида кўрсатиш ва жамиятда парокандаликни юзага келтириш мақсад қилинган.

Ўтган йили Европа мамлакатлари, жумладан, Швецияда мусулмонларнинг муқаддас китоби саналган Қуръонни намойишкорона ёқиш акциялари ўтказилди.

Швеция ҳукумати Қуръон ёқиш акциясини қоралаган, полиция бу каби тадбирларни ўтказишга тўсқинлик қилишга уринган. Аммо Швециянинг сўз эркинлигига доир қонунчилигига мувофиқ, бу сира акцияларни тақиқлаш мумкин эмас.

Мусулмон дунёси Қуръон ёқиш акциясини ғазабнок қабул қилган. Яқин Шарқ мамлакатларида норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Хусусан, Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида йиғилган намойишчилар Швеция элчихонаси биносига ўт қўйган.

XS
SM
MD
LG