Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2019, Тошкент вақти: 10:01

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан тергов ишлари ниҳоясига етди


Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров.

Ўзбекистон ҳукуматидаги жорий ва собиқ амалдорлардан икки нафарининг Озодликка маълум қилишича, мамлакат собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров ва унинг иши доирасида ҳибсга олинган жами 24 киши устидан тергов жараёни жорий ой бошларида якунига етган.

Айни пайтда, айбланувчилардан бирининг адвокатига кўра, "Қодиров иши" доирасида айбланаётганлар адвокатлари айблов хулосаси билан танишиб чиқмоқда. Айблов хулосаси билан танишиб чиқиш учун 25 декабрга қадар муҳлат берилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка "тергов сири нуқтаи назаридан" бу масалада шарҳ берилмаслигини билдирди.

Ўзбекистон бош прокуратурасини 15 йил давомида бошқарган ва 2015 йил апрелида ишдан олинган 66 яшар Рашитжон Қодиров жорий йилнинг 22 февралида Тошкентда товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Бош прокуратурага кўра, “Қодиров иши” иши доирасида асосан собиқ прокуратура мулозимларидан иборат жами 24 киши қамоққа олинган.

Суд биноси қидирилмоқда

Тошкент вилоятидаги пойтахтдан 20 километр радиусдаги суд бинолари суратга олинмоқда. Мақсад бош прокурор ва собиқ прокуратура амалдорларини суд қилиш учун лойиқ бинони топишдир.

Бу ҳақда Озодликка Рашитжон Қодиров ва унга алоқадор собиқ амалдорлар устидан олиб борилаётган жиноят ишларидан хабардор Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозим маълум қилди.

Айни пайтда, "Қодиров иши" доирасида айбланаётганлар адвокатларидан бирига кўра, адвокатларга айблов хулосалари билан танишиб чиқиш учун 25 декабрга қадар муҳлат берилган.

"Бир тийинга қиммат тергов"

Тергов ишидан хабардор ҳукумат мулозимининг исми сир тутиш шарти билан Озодликка айтишича, собиқ бош прокурор ҳибсга олинган даврдан буён ўтган салкам 10 ой давомида тергов гуруҳи раҳбари бир неча марта алмашган.

У терговчиларнинг давомли ўзгартирилганини "тергов ишлари ўта заиф" ўтказилгани билан изоҳлади.

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров бошчилигидаги мажлис қатнашчиларининг аксари ҳозир қамоқда
Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров бошчилигидаги мажлис қатнашчиларининг аксари ҳозир қамоқда

Озодликнинг аниқлашича, Рашитжон Қодиров устидан тергов Бош прокуратура Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Шавкат Умурзоқов (Умурзоқов кейинчалик "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси бошқаруви раислигига тайинланган) ва сўнгра тергов Мақсуд Ўралов, Мурод Ҳакимов, Олим Набиев ва Баҳром Қобилов томонидан давом эттирилган.

Ҳозирда эса, тергов ишларининг якуний жараёнини Улуғбек Анваров олиб борган​. Анваров Чилонзор туманининг собиқ прокуроридир.

Озодлик суҳбатлашган адвокатлардан бири "Қодиров иши" доирасида айбланаётганлардан баъзиларининг ишлари алоҳида кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилди.

Тергов гуруҳининг бундай қарорни олишига, адвокатнинг таъкидлашича, баъзи гумондор шахсларнинг қидирувда экани ва "кўплаб илгари сурилган айбловларни исботлаш қийинлиги" сабаб бўлган.

"Делоларнинг бир қисми алоҳида кўрилади. Баъзи шахслар қидирувда бўлгани ва қисман айбловлар исботланмагани учун," деди адвокат.

19 май куни Андижон вилоят, Улуғнор туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда маъруза қилган президент Шавкат Мирзиёев собиқ прокурорни "икки-уч ой ичида телевидение орқали гапиртириш"ини ​айтганди.

Рашитжон Қодиров, Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG