Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 23:02

Facebook Қирғизистондаги сайловларда ташвиқот олиб борган юзлаб тролл аккаунтларни ўчириб ташлади


Facebook  Қирғизистон сегментида ҳақиқатан ҳам кўплаб сиёсий троллар ишлашини тасдиқлаган

Facebook Қирғизистондаги сўнгги сайловлар туфайли юзлаб аккаунтларни ўчириб ташлади. Аккаунтларнинг бир қисми ҳукуматга яқин мансабдор шахслар билан боғлиқ бўлган.

Kloop нашрининг журналисти Аида Иргебаевани фейк хабарларни фош этувчи асосий мутахассис, дейиш мумкин. Тахминан икки йил ичида у ёлғон хабарлар ва тролларнинг бутун маълумотлар базасини тўплади. Уларнинг барчаси Қирғизистондаги турли сиёсатчилар учун ишлаган.

“ Менга " Мекеним Кыргызстан " партияси учун тарғибот қилган сохта аккаунтлар жуда қизиққарли туюлди. Улар Facebookда ўзига хос бир олам яратдилар, деярли барчасида суратлар бор эди. Уларнинг ортида турганлар, компьютер ўйинлари, реал ҳаёт симулятори ва шу каби машғулотларга муккасидан кетган", - дейди журналист.

Журналистлар тролларни овлашни бошлаганларидан бери уларнинг яратувчилари янада ҳийла-найрангга бой, зуккога айланишди.

“Сохта эволюция мавжуд. Агар биз фотосуратларни ўғирлайдиган сохта аккаунтларни тақиқласак, улар фотосуратларни ўғирламайди. Агар яқинда яратилган аккаунтларни тақиқласак, улар кимнингдир эски аккаунтини сотиб олишади", - дейди Иргебаева.

Журналистга кўра, Facebookдаги тайёр саҳифани 10 қирғиз сўмига сотиб олишингиз (бу атиги 12 сент) ёки ўз номидан бирон партия, сиёсатчи ва ҳатто, Қирғизистон президенти учун ишлайдиган тирик одамга 3 минг доллар тўлашингиз мумкин. Бу маълумотлар Kloop.kg томонидан ўтказилган суриштирувдада келтирилди.

"Энг муҳими, бу карантинда намоён бўлди, чунки биз карантинда эдик ва президентнинг ҳаракатсизлигига нисбатан турли муносабатлар билдирилар эди. Кимдир президентга жаҳл билан изоҳ ёзади, ортидан "у мажбур эмас, у давлат муаммоларини ҳал қилмоқда", деган ёзув пайдо бўлади”, - дейди нашрнинг яна бир журналисти Александра Титова.

Ўша пайтда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бўлган. Терговчиларнинг манбаларига кўра, унинг ижобий имижини яратишга уринган троллар, президентнинг укаси, депутат Асылбек Жээнбеков томонидан назорат қилинган. Facebook Қирғизистон сегментида ҳақиқатан ҳам кўплаб сиёсий троллар ишлашини тасдиқлаган.

"Тергов давомида Қирғизистондаги оммавий ахборот воситалари ва ҳукуматда тажрибага эга одамлар, шунингдек Media Center деб номланган медиа-компания билан алоқаларни аниқладик. Уларнинг фаолияти 2020 йилги парламент сайловлари ва 2021 йилги навбатдан ташқари президентлик сайловлари атрофида бўлиб ўтган", дейилади баёнотда.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати журналистлари Facebook ҳисоботида тилга олинган Media Center ҳақиқатан ҳам Жээнбековнинг собиқ матбуот котиби Нуркан Керимбоевга тегишли эканлигини аниқладилар.

“Facebook ҳисоботи менга сир бўлиб қолди. Биз тўртта партия билан ишладик ва веб-сайтимиз орқали материалларини бериб бордик. Бу партияларнинг ўз пиар-ширкатлари бор. Уларнинг SMM (Ижтимоий Медиа Маркетинг) жамоаси эса ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот материалларини тарқатишди. Балки шунинг учун бизнинг рўйхатга киришган. Ҳа, Асылбек Жеенбеков билан мулоқот қиламан, аммо тролл- фирмалари билан шуғулланмайман", - дейди Керимбаев.

Қирғизистонлик таниқли пиар мутахассис Азим Азимовнинг айтишича, деярли барча йирик сиёсатчилар тролл ширкатларидан фойдаланади. Чунки улар "самарали, қулай ва арзон".

“Троллар армияси ёки сохта саҳифага эга бўлиш- бу котиб, ҳайдовчи ёки матбуот котибига эга бўлиш билан бир ҳил харажат талаб қилади”, - дейди Азимов.

Унинг ўзи сайлов кампанияларида турли сиёсий тахаллуслар остида машҳур сиёсий форумларда шарҳлар ёзганини эслайди. Бу Қирғизистонда ижтимоий тармоқлар оммалашиб кетишидан анча олдин бўлган. Ҳозир сиёсий троллинг уюшган ва анча тажовузкор тус олган.

"Авваллари ишлатиладиган одатий усул - мақола буюртма қилиш эди. Аммо мақола бир марта чоп этилади ва катта ахборот оқимида кўзга ташланмайди, ваҳоланки троллар ҳар куни иш бериши мумкин", - дейди Азимов.

Журналистларнинг тинимсиз ҳаракатига қарамай, Қирғизистонда тролларга доимий талаб мавжуд. Мутахассисларнинг фикрича, ҳаммаси медиа саводхонлигининг етишмаслиги билан боғлиқ. Чунки қирғизистонликларнинг аксарияти сохта аккаунтларни ҳақиқийсидан, сохта янгиликларни эса ҳақиқатдан қандай ажратишни билишмайди",- дейди Азимов.

XS
SM
MD
LG