Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 15:28

Фарғонада ўғил отасини кетмон билан чопиб ўлдирди


Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилган 56 яшар отани ўз фарзанди кетмон билан чопиб ўлдирди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, далада картошка чопаётган ота-бола ўртасида жанжал чиққан ва ўғил кетмон билан отасининг бошини чопиб ташлаган. Қотилликда гумонланган ўғил қочиб кетган. Ёзёвон туман ички ишлар бўлими мулозими бу воқеа бўлганини тасдиқлади.

Фожиа 10 апрель куни тушга яқин содир бўлган.

Марҳумнинг қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, бошидан қаттиқ жароҳат олган 56 яшар Дадажон Қўчқоров касалхонада вафот этган:

“Ота-бола 10 апрель куни томорқасидаги картошкани чопишга чиққан. Ўша ерда иккисининг ўртасида қандайдир жанжал чиққан. Ўттиз ёшлардаги ўғил (исм-фамилияси Озодликка маълум – таҳр.) отаси бошининг орқасига кетмон билан шундай қаттиқ урганки, кетмон теккан жой ўйилиб кетган. Қотил ўғил воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳозир уни излашяпти. Дадажон ака касалхонада ўзига келмай жон берган. Бугун жанозаси бўлди”, деди марҳумнинг маҳалладошларидан бири.

Ёзёвон туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси Озодликка бу воқеа бўлганини тасдиқлади, лекин воқеа тафсилотларини очиқламади.

Ички ишлар мулозими, шунингдек, қотилликда гумонланаётган ўғилнинг ҳибсга олинганми-йўқлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб бермади.

Таркибига Навбаҳор маҳалласи кирувчи Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинининг исми сир қолишини сўраган фаолининг Озодликка айтишича, марҳум жуда қаттиққўл одам бўлиб, ўғлини доим калтаклаб келган:

“Энди биз шу маҳалладамиз, ҳаммасини кўриб турибмиз. Дадажон аканинг бир ўғли, икки қизи бор. Қизлари Россияда ишлайди. Ўғлини болалигидан кўп урарди, ҳатто бу калтаклардан бола салгина ҳардамхаёл бўлиб қолган эди”,- деди маҳалла фаолларидан бири.

Ёзёвон туман ички ишлар бўлимидан Озодлик олган маълумотга кўра, бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-(Қасддан одам ўлдириш) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда маиший муаммолар сабаб, яқин қариндошларнинг бир-бирини ўлдириш ҳолатлари учраб туриши ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 35 ёшли эркак 22 март куни 2-гуруҳ ногирони бўлган 57 ёшли отасини бўғиб ўлдирган.

Жорий йилнинг 26 март куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 35 яшар ака 33 ёшлик туғишган укасини пичоқлаб ўлдирган эди.

14-март куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманида ука уй устида талашиб акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган эди.

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG