Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2018, Тошкент вақти: 01:26

Eр жанжали оқибатида Фарғонада тўрт одам пичоқланди


Фермернинг ери¸ пахта режасини бажармаганлик айблови билан¸ заҳирага олинган.

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги ери заҳирага олиб қўйилган фермер ва бу ернинг янги эгалари орасида 8 март куни бўлган жанжал ва пичоқлашиш оқибатида ўндан ортиқ одам тан жароҳати олди. Бу хабарни тасдиқлаган ички ишлар мулозимига кўра¸ тўрт киши пичоқ жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

"Биз буғдойни суғораётган эдик..."

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги “Ҳасан-Ҳусан-Нурли замин” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусанбой Ориповнинг Озодликка айтишича, у акаси билан буғдойга сув қўяётган пайтда ернинг янги эгалари келиб уларга ҳужум қилган:

- 8 март куни эди, ака-укалар тўрт киши ўзимиз эккан буғдойни суғораётган эдик. Бир пайт бизнинг еримизни янги эгалари, ака-ука Алиқуловлар бегона йигитлар билан 14 киши бўлиб келишди. Сен дадамни нима дединг деб, ака-укалар бизни уриб кетишди. Ҳасанбойнинг бош томони орқасига пичоқ уришди. Менинг оёғимга ҳам пичоқ санчган эди, пичоқ оёғимнинг у ёғидан чиқиб кетиб, тиқилиб қолди. Кейин мен ҳам пичоқни суғуриб, Нуриддиннинг оёғига санчдим. Роса уруш бўлди. Улар кўпчилик бўлиб бизни уриб ташлашди. Тўполонда улардан ҳам икки киши оёғидан пичоқланди, дейди Ҳусанбой Орипов.

Ҳусанбой фермернинг айтишича, уларнинг ери боғ қилиш учун заҳирага ноқонуний олиб қўйилган.

“Бу ер аввал ана шу Алиқуловларга тегишли эди. Улар 2006 йилда олиб, 2011 йилда эплолмай ташлаб кетишган. Сув чиқиши қийин бўлган, шағал ер. Бу ер шундай қолиб кетган эди. Кейин бу ерни дадамнинг номига 2015 йилда фермер хўжалиги қилиб олган эдик. Ўтган йили буғдойни бажардим. Лекин пахта бўлмай қолди. Чунки менга чигитнинг Андижон-36 навини беришди, мен айтдимки даштда бу яхши бўлмайди, менга Наманган-77 беринглар десам, унашмади. Шунга пахта бўлмади. 2017 йилнинг январида мени ҳокимликка чақириб, муҳр ва штампни янгилаймиз¸ деб мажбуран ариза ёздириб олишганди, ваҳоланки фермер хўжалиги дадамнинг номида эди. Мен ҳокимга кириб, шикоят қилганимда, бўпти ишлайвер, деган эди. Кейин бизга яна ресурс беришди, ишимизни давом эттирдик, лекин ўтган йилнинг кузида яна еримиз заҳирага олинганини айтишди”, дейди Ҳусанбой Орипов.

Ҳозирги кунгача ер солиғи ва бошқа тўловларни тўлаб келганини таъкидлаган бу фермер мазкур ҳудудни боғ қилиш ҳақида ҳокимлик қарори чиқарилганидан сўнг¸ Алиқуловлар бу ерни тортиб олишмоқчи бўлаëтганини айтади:

- Бу ер боғдорчилик бўлади деб, энди талашишяптида. Биз ташландиқ ерга қанча меҳнат қилдик, харажат қилдик. Энди янги хўжайинлар пайдо бўлаяпти. Алиқуловлар бой одамлар, истаган нарсасини қилишади. Ҳоким ва унинг ўринбосарлари ҳам унга қайишаяпти, дейди Ҳусанбой Орипов.

Ҳусанбой фермер юзага чиққан пичоқлашувдан сўнг акаси Ҳасанбой билан касалхонада бир ҳафта даволаниб чиққанини айтади:

- Мен ҳали ҳам оёғимни босолмайман, акамнинг жароҳати битмаган, боши айланиб юрибди”, дейди Ҳусанбой Орипов.

Фермер ўз ери ноқонуний олиб қўйилгани устидан судга мурожаат қилишини айтди.

Алиқуловларга фермернинг ери нега керак бўлиб қолди?

Ака-ука Ориповлар билан урушган йигитларнинг отаси, Россия фуқароси, 58 яшар Тожиқул Алиқулов хорижга экспорт юк ташийдиган катта транспорт фирмасининг раҳбари.

20 дан ортиқ юк автомобили бор бу тадбиркорнинг ўғли Нуриддин Алиқулов “Алиқул-Аброр обод” фермер хўжалиги раҳбари ҳисобланади.

Тожиқул Алиқулов Озодлик билан суҳбатда, ўғилларининг далага алдов йўли билан чақириб олиниб, Ориповлар томонидан калтаклангани ва пичоқлангани иддао қилди:

- “Ҳасан-Ҳусан-Нурли замин” фермер хўжалиги неча йиллардан буён плани тўлмасдан, ишчи ўрин яратмасдан фаолият юритиб келган. Шунинг учун унинг ери заҳирага олинган экан. Бизга ўшандан 13 гектар биркитиб беришди. Президентимиз ташаббуси билан бу ерни ёнғоқзор қилмоқчи бўлишибди. Ҳали қарор чиққани йўқ эди. Кейин мен маҳалла оқсоқоли билан Ҳасан-Ҳусанни олдига бориб, шунақа бўлаяпти, хоҳласанг 3-4 гектар бераман, ё ўзинг ишла, ё бизга қўшил, десам йўқ деди. Кейин ҳокимият қарори чиқди. Бундан ғазабланган ака-укалар менинг ўғилларимни ариқдан сув тошиб кетди, деб алдаб чақириб, пичоқлашган ва калтаклашган. Катта ўғлим Нуриддиннинг чап оёғи ва ўнг қўлига пичоқ санчийди. Гаражимда ишлайдиган оддий бир болани орқасидан пичоқ уради. Кичик ўғлимнинг бурни синди. Хуллас¸ биздан етти киши жароҳатланди, улардан тўрт киши”, дейди Тожиқул Алиқулов.

Расмийлар: Ернинг заҳирага олинишини қонуний!

Олтиариқ тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Нодирбек Маҳмудов Озодликка Ориповлар ерининг заҳирага олиб қўйилишида қонунбузарлик бўлмаганини иддао қилди:

- Унинг ери қонуний олиниб, тендер билан икки фермерга бўлиб берилган. Унинг ерини бутун медицина, халқ таълими бориб чопиқ қилиб берган, планларни бажармаган, хуллас ишламаганда у фермер. У ерни олган фермер билан пичоқлашдида. Ер шунчалик ширин экан, ишламайдими?- деди Нодирбек Маҳмудов.

Қариндошлар нимани келишмади?

Озодлик билан суҳбатда Ҳусанбой Орипов пахтага мослашмаган ерини¸ президент боғдорчиликни рағбатлантириши ортидан¸ Россияга мева-чева экспорт қиладиган бадавлат одам тортиб олаëтганини иддао қилади.

- Тожиқул аканинг қўли ҳамма жойга етади, пулдор одамда. Ҳоким ўринбосари Нодирбек Маҳмудов билан жуда яқин одам. Ўзлари пахтада эплолмаган ерни энди боғ қиламиз¸ деганда яна талабгор бўлиб қолишди. Биз ҳам қиламиз ўша боғни, нега биздан тортиб олишлари керак? Мен кечиримли одамман, ҳаммасини кечиришим мумкин. Фақат бизни тинч қўйишсин, тит қопмасдан камбағалнинг ҳам оғзи ошга етсин, дейди Ҳусанбой Орипов.

Тожиқул Алиқулов эса,Ориповлар билан қариндошлиги боис уларнинг устидан шикоят ёзмаганини айтади:

- Ҳеч кимга ариза ҳам ёзганим йўқ, даъво ҳам қилганим йўқ. Худога шукур болларим омон қолди. Ҳозир буғдойимга сув олаяпман, сув таратиб юрибман, дейди Тожиқул Алиқулов.

Ечим?

Озодликнинг Олтиариқ тумани ички ишлар бўлимидан олган маълумотига кўра, томонлар бир бири устидан расман шикоят аризаси ëзмаган бўлса-да¸ тўқнашувда бир-бирини айбламоқда. Ҳозирча бу иш юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Ҳусанбой Ориповдан заҳирага олиб қўйилган ерда кузда экилган буғдой ўсмоқда. Фермер ҳозирча ўз ерида ишлаётганини айтмоқда. Ҳусанбой Орипов ишга суд қарори билан нуқта қўйилмагунча¸ ердан воз кечмаслигини таъкидлайди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG