Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 13:55

МИБ мулкини мусодара қилган 33 яшар фермер ўзини осиб ўлдирди


Жиззах вилояти Дўстлик тумани Наврўз шаҳарчасида яшаган фермер 33 яшар Санжар Баратов 7 ноябрь куни ўз омборхонасида осилган ҳолда топилганидан сўнг, бу воқеа юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бормоқда.

Озодлик суҳбатлашган фермернинг отаси, 58 яшар Рабим Баратовга кўра, ўғли банк кредитини ёполмагани учун МИБ ходимлари мол-мулкни мусодара қилиш мақсадида уйга бостириб кирган ва уй эгаларига ғайриинсоний муомала қилган.

Кечқурун ишдан келган Санжар Баратов бу воқеаларни эшитганидан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

Дўстлик тумани МИБ бошлиғи ўринбосари Озодлик мухбирига фермер Баратовнинг мол-мулкини мусодара қилиш жараëни қонуний бўлганини иддао қилди.

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Наврўз шаҳарчасида(халқ тилида 27-совхоз дейилади – таҳририят) яшаган 33 яшар фермер Санжар Баратов 6 ноябрь куни кечқурун уйининг ёнидаги омборхонасида ўзини осиб ўлдирган.

Дўстлик тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими 17 ноябрь куни Озодликка Санжар Баратовнинг жасади орадан бир кун ўтиб, 7 ноябрь куни топилганини билдирди.

“Олтинчида осган, 7 ноябрь куни топилаяпти. Уйдагилари бирор жўрасиникига кетган бўлса керак, деб ўйлашган. Туман прокуратураси бу иш билан шуғулланаяпти”, деди мулозим.

“МИБ ходимлари ўғлимнинг онасини масхара қилган”

Марҳум фермернинг отаси 58 яшар Рабим Баратов, бу воқеадан олдин туман МИБ ходимлари ўғли ўзи билан бирга яшаб келган ҳовлига мол-мулкни мусодара қилиш учун бостириб кирганини айтади:

- Ўша куни уйда фақат хотиним қолган эди. Мен ҳам уйда йўқ эдим. Санжар ўғлим далада бўлган. Келинимиз пахта тергани кетган. МИБ ходимлари бирданига бостириб кириб, уйдаги нарсаларни олиб кетамиз¸ деган. Санжарнинг онаси эса, “уйда эркак киши йўқ, менинг эса мазам йўқ, касалман, эркаклар келишсин, кейин гаплашасизлар” деса, улар дўқ-пўписа қилишган. Бу ҳам етмагандай хотинимни “сени мазанг йўқми, ҳозир скорий чақириб, сени реанимацияга ётқизиб қўямиз”, деб, масхара қилибди. Кейин ўзлари уйга бостириб кириб, битта гиламни олиб чиқиб кетишган, дейди Рабим Баратов.

Отанинг айтишича, МИБ ходимлари фермернинг уйидаги бошқа анжомлар ва тракторини хатлаб, кейинги сафар олиб кетишларини таъкидлаб кетишган:

- Билмадим. Қандай бўлди, ўзим ҳам ғафлатда қолдим. Бу уйни сотиб олганимизда эгаси уйнинг ёнидан кичкина бир дўкон қурдириб ишлатган экан. Биз уни ишлатмадик. У бу нарса сақланадиган омборхона қилиб қўйдик. Ўғлим ўша жойга кириб..., дейди Рабим Баратов.

“Уйдаги мулкда ҳамманинг ҳақи бор!”

Отанинг сўзларига кўра, ўғлининг ўз жонига қасд қилишига банк кредитини мажбуран ундиргани келган МИБ ходимлари тажовузи сабаб бўлган:

- Қонуний олганда¸ қанча қарзи бўлса ҳам¸ уйдаги нарсага тармашмаслиги керак эди. Уйдаги нарсалар фақат Санжарнинг бир ўзиники эмас, меники, хотинимники, қолган болаларимники, невараларимники, ҳаммасиники. Агар қонуний бўлса эди, банк шартнома бўйича 14 ой кутиши керак эди, кейин фақат қонуний чора кўриши керак эди. Мени кеча прокурор чақирибди, бормайман дедим. Ахир, бориб нима қиламан? МИБ прокурорнинг қўлидаку! Ўшаларнинг буйруғи билан қилинаяптику ҳаммаси, дейди Рабим Баратов.

“Ходимларимиз қонуний ҳаракат қилган”

Дўстлик тумани Мажбурий ижро бюроси бошлиғининг ижро бўйича ўринбосари Акмал Назаров Озодлик билан суҳбатда ўз ходимлари қонундан ташқари ҳаракат қилмаганини иддао қилди:

- Фермернинг банкдан олган кредитини қайтариш учун суднинг қарори ҳам, ажрими ҳам бор. Ҳозир бу ҳужжатлар прокуратурада. Санжар Баратовнинг уйидан мулк ўтган йилдан қолган ижро варақаси учун олиб чиқилган. Ходимларимиз холислар иштирокида унинг уйига кирган, лекин масхара қилиш ва бошқа таҳқирловчи ҳолатлар бўлмаган. Уйда фақат онаси бўлган, фермер хўжалигининг раҳбари бўлмаган. Ҳозир туман прокуратураси бизда хизмат текшируви ўтказаяпти, дейди Акмал Назаров.

МИБ бошлиғи ўринбосарининг айтишича, фермернинг банкдан ўтган йил ҳисобидан 57 миллион сўм, бу йил ҳисобидан 83 миллион сўм ёпилмаган кредити бўлган.

Фермер нега банкдан олган кредитини ёпа олмади?

Марҳум фермер отаси Рабим Баратовнинг айтишича, бу йил пахтанинг кўп ҳосилини кўсак қурти нобуд қилганидан кейин, пахта яхши бўлмаган:

- Қишлоқ хўжалиги бу оғир масала, биз ҳам ишлаганмиз. Беш марта пахтани бузиб, беш марта эккан вақтларимиз ҳам бўлган. Лекин ўша вақтлар план бўлмаса, вазият тушунилар эди. Ўтган йили ўғлимнинг пахтасига ўргимчаккана тушган эди. Бу йил эса кўсак қурти деган бало пайдо бўлди. У лаънатига қарши ишлатмаган доримиз, химикатимиз қолмади. Фойдаси бўлмади, барибир ҳосилни еб ташлади. Битта менинг ўғлим эмас, аксарият фермерларнинг пахтасини кўсак қурти еб ташлади. Бу табиий офат, бу ҳаводан келиб тушаяпти. Бу йил ҳосил яхши бўлиб, биринчи теримдаёқ планни бажараман¸ деб турган эди, ўғлим. Ҳавас қилиб турган эдик. Планлар 100 бўлади¸ деб турган эдик. Бирдан бу офат келдию, ҳаммасини барбод қилди, дейди Рабим Баратов.

Озодлик фермер Санжар Рабимовнинг ўз жонига қасд қилгани юзасидан суриштирув ўтказаëтган Дўстлик тумани прокуратурасидан бу воқеага муносабат ола олмади. Туман прокуратурасининг Озодлик боғланган расмийси бу ҳақда маълумот бера олмаслигини билдирди.

Бу йил Ўзбекистонда пахта ҳосили яхши бўлмагани учун баъзи фермерлар банкдан олган кредитини қоплаш имкониятидан маҳрум бўлган.

Ўзбекистон Марказий банкининг жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган ходимининг Озодликка айтишича, гарчи банкдан олинган кредитни ёпиш учун яна олти ой муҳлат борлигига қарамасдан, республика бўйлаб барча банкларга фермерлардан кредитни муддатидан олдин ундириш ҳақида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи селектор йиғилишида топшириқ берган.

Озодлик Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси пахта териш кампанияси давом этаётган бир пайтда, банкдан кредит олган айрим фермерларнинг мол-мулкини хатлаш ва мусодара қилишга киришгани ҳақида хабар берган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG