Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2022, Тошкент вақти: 21:28

“Жонидан ўтказиб юборишди”. Фарғона НҚИЗда аёл нега ўзига ўт қўйди? 


Ўзбекистондаги энг йирик заводлардан бири бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи даромади мустақилликдан сўнг биринчи оила назоратида бўлиб келган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи(ФНҚИЗ)нинг ишчиси, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова 2 август куни эрталаб завод биноси ичида устига бензин сепиб ўзини ёқиб юборган.

Аёл шу тариқа ўзининг ишдан бўшатилганига норозилик билдирган.

Бош прокуратура баёнотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.

ФНҚИЗ расмийлари Санобархон Ҳайдарованинг ишдан бўшатилмагани, рухсатномасини унутиб қолдиргани оқибатида уни ишхонага киргизилмагани ва аёлнинг оилавий можаролар туфайли стресс ҳолатига келиб ўзига ўт қўйганини иддао қилмоқда.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Ҳайдарованинг яқинлари корхона қоровуллари уни иш жойидан мажбурлаб ташқарига олиб чиқиб қўйгани, аёл ўзимга ўт қўяман деса ҳам бефарқ бўлганини айтмоқда.

Ўзбекистон Бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов бу воқеа юзасидан ўзининг расмий Телеграм-каналида қисқа хабар қолдирди:

“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишловчи 47 ёшли аёл ўзининг устига бензин сепиб, ёқиб юборганлиги ҳолати юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Аёлнинг ўзини ёқиб юбориши сабаблари аниқланмоқда. Жабрланувчи аёлга очиқ оловдан куйиши оғир даражаси ташхиси қўйилган”.

ФНҚИЗ расмийларининг Podrobno.uz. сайтига берган хабарига кўра, “аёл ишдан бўшатилмаган, унинг оиласи билан муаммоси бўлган”.

Хабарда айтилишича, 2 август куни эрталаб соат 7.37да 32-цехнинг 2-разрядли сувоқчиси бўлиб ишлаётган Санобархон Ҳайдарова рухсатномаси бўлмагани сабабли қоровуллар уни заводга киритмаган.

“Санобархон Ҳайдарова ўзининг ҳайронлигини агрессив ҳолатда қоровулларга айтган ва бинодан чиқиб кетган. Бир соатдан сўнг қайтиб келиб, устига бензин қуйиб ўзини ёқиб юборган”.

ФНҚИЗ расмийларининг айтишича, Санобархон ишлаётган цех модернизация қилиниши сабабли, унга Таъмир-қурилиш механик бошқармасига шу маош билан ишга ўтиш таклиф қилинган ва уни ишдан бўшатиш кўзда тутилмаган.

“Бошқармага ўтказиш ҳақидаги аризани Санобархон шахсан ўзи ёзган. Шунинг учун ҳам баъзи ОАВнинг уни ишдан қисқартирилгани ҳақида ёзганлари ёлғон. Шу ариза асосида у бошқармага ишга қабул қилингани ҳақида буйруқ берилган”, дейилади ФНҚИЗнинг Podrobno.uz.га берган хабарида.

Хабарда айтилишича, Ҳайдарованинг ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бундан аввал ҳам кузатилган:

“У ишга қабул қилинмасдан олдин ҳам аввалги иш берувчиларига ўз жонига қасд қилишга яқин бўлган ҳолатларда таҳдид қилган. Лекин таҳдидлар оғзаки шаклда бўлган. Бу ҳақда тегишли органларга хабар берилган”.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Санобархон Ҳайдарованинг исми сир қолишини сўраган қариндошларидан бири, бу иддаоларнинг барчасини ёлғон дейди:

“Биз уни олдидамиз. 70 фоиз куйиш жароҳати олган. Кўзлари кўрмаяптию, лекин ҳуши жойида, ҳаммасини эслаб гапиряпти. Опамиз ҳеч қачон ўзига ўт қўядиган аёл эмас. Жонидан ўтказиб юборишди. Менга ўзи воқеа қандай бўлганини айтиб берди. Ўтган куни бошқа ишга ўтказамиз, аризангизни ёзинг дейишган. Хўп деб, ёзган. Лекин у ишга борса, қабул қилишмаган, рўйхатда йўқсиз дейишган. Ўртада тамоман ишсиз қолган. Кейин замдиректор Феруза опанинг олдига келган. У ерда ҳам сиз сокрашенияга тушдингиз деб айтган. Йиғлаб - сиқтаб қайтиб кетган. Кеча эски иш жойига келиб, аввалгидай ишлайверган. Лекин, ишлагани қўйишмаган ва қоровуллар судраб ташқарига олиб чиқиб ташлашган. Опамизни алдашган”.

Суҳбатдошнинг айтишича, шундан сўнг у ўзига ўт қўйиши ҳақида огоҳлантирган:

“Ўзимни ёқвораман деса қўлингдан келганини қил, бизнинг сендан бошқа ишимиз йўқми, дейишган. Сумкасига бир баклажкада бензин соволган экан, аччиқ устида қуйиб ёқиворган”.

Яқинларининг айтишича, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова Қува туманининг Акбаробод туманидан қатнаб ишлаган. Тўрт қизи бор, уч нафарини узатган. Кенжа қизи 9 синфга ўтган. Қариндошининг сўзларига кўра, икки ой олдин эри ҳам йиқилиб, ногирон бўлиб қолган:

“Ҳар куни иккита Дамас алмаштириб ишга келарди. Саккиз йилдан буён шу заводда ишлаётганди. Мукофотга фахрий ёрлиқ, телевизорлар олган. Оиланинг ягона боқувчиси эди. Ўзини ёқворишига сабаб бўлган завод раҳбарлари энди унинг атрофида гирдикапалак, ҳамма нарсани таъминлаб турибди. Бироқ ёнғин бўлиб ўтганидан кейин сувнинг нима кераги бор?”

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишчилари штатлар қисқартирилиши, маошларни озлигидан доим шикоят қилиб келганлар.

Ўтган йиллар давомида заводда бир қанча норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган.

Ушбу завод узоқ йиллар Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қайинсинглиси Тамара Акбарова ва унинг ўғли Акбарали Абдуллаевлар орқали биринчи оила назоратида бўлгани айтилади.

2019 йилда Президентнинг махсус қарори билан заводнинг 100 фоизлик улушига эгалик ҳақини Индонезиянинг «РТ Trans Asia Resources» ширкати эгалари асли ўзбекистонлик Аслановлар олган эди.

Бироқ 2021 йилнинг май ойида завод яна сотувга қўйилди.

ФНҚИЗ фондидаги 100% улуш “Sanoat Energetika Guruhi” (собиқ Jizzakh Petroleum) компаниясига сотилди. Давлат активларини бошқариш агентлигига кўра, келишув нархи 100 млн АҚШ долларини ташкил қилган.

Аммо очиқ савдо деб эълон қилинган жараёнда “Sanoat Energetika Guruhi”дан бошқа яна қайси талабгорлар иштирок этгани ва уларнинг таклифлари ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган.

Битим доирасида “Sanoat Energetika Guruhi” заводни модернизация қилиш учун 380 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Харидорга икки йил мобайнида корхонадаги иш ўринлари ва ишчилар сонини сақлаб қолиш, ходимлар иш ҳақини камайтирмаслик каби ижтимоий мажбуриятлар ҳам юкланган эди.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ушбу олди-сотдига муносабат билдирар экан, қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80 фоиз нефть конлари ўзини “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК деб номлаб олган офшор илдизли контора балансига ўтиб қолгани”ни савол остига олади.

“Ғалати хусусийлаштириш хусусийлаштириш легитимлигини сўроқ остига қўйиши, истиқболда режим ўзгариши билан национализация хатари ва рейдерлик эҳтимолларини юзага чиқаришини қўшни давлатлар мисолида кўп кўряпмиз, майли, кўп узоққа бормай, ўзимизнинг қора ўтмишимизга назар ташланг.

Ҳозир савол заводнинг ғалати хусусийлаштирилиши ҳақида эмас, қандай қилиб Ўзбекистоннинг 80% нефть конлари ва газ конларининг 20%дан кўпи “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ҚК балансига ўтиб қолгани ҳақида”, – деб ёзган иқтисодчи.

Форум

XS
SM
MD
LG