Линклар

Шошилинч хабар
01 март 2024, Тошкент вақти: 15:26

"Газпром" ҳамма нарсага тўлайди". Тошкентдаги бокс бўйича жаҳон чемпионати бойкот қилинди


АҚШ, Канада, Чехия, Ирландия ва Швеция спортчилари 1-14 май кунлари Тошкентда ўтадиган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини бойкот қилди. Бундай қарорга Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз мамлакатлари байроқлари ва мадҳияси остида қатнашиши сабаб бўлди. Бойкот эълон қилган мамлакатлар Россия ва Беларусни Украинага ҳарбий босқинчилик қилишда иштирок этаётган давлатлар сифатида турли мусобақалардан четлатишни талаб қилиб келмоқда.

Бойкотга АҚШ, Канада, Британия, Чехия, Ирландия, Финляндия ва Швеция қўшилди

8 февраль куни АҚШ бокс федерацияси ташкилотнинг расмий сайтида Америка жамоасининг эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қатнашишдан бош тортгани ҳақида баёнот билан чиқди. Баёнотда бу позиция учун бир қатор далиллар келтирилган, бироқ асосий сабаб Халқаро бокс ассоциациясининг Россия ва Беларусь боксчиларига ўз миллий байроқлари остида мусобақаларда қатнашишига рухсат бериш ҳақидаги қарори бўлди.

Бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати 15—31-март кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида, эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати Тошкентда 1—14-май кунлари бўлиб ўтади. “Газпром” ширкати ҳомийлигида ўтказилиши режалаштирилган Тошкентдаги бокс бўйича жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси 5,2 миллион долларни ($ 200 минг биринчи ўринга, $ 100 минг – иккинчи ўринга ва $ 50 минг – учинчи ўринга) ташкил этади.

USA Boxing раҳбари Майк МакАти фикрича, жаҳон чемпионатларида иштирок этиш "нафақат Халқаро олимпия қўмитасининг 2 февралда тасдиқланган санкцияларини, балки ўйин ва шаффофлик тамойилларини ҳам бузади". Майк МакАти бокс мусобақаларининг боришига Россиянинг "Газпром" компанияси таъсири катта эканига ишора қилди.

- ХОҚ (Халқаро олимпия қўмитаси) томонидан бир неча бор билдирилган хавотирларга ва ХБА (Халқаро бокс ассоцияцияси) раҳбариятининг ўз даромад манбаларини очиқлаш ваъдаларига қарамай, ХБА АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада, Швейцария, Австралия, Янги Зеландия, Украина ва бошқалар томонидан санкция қилинган Россиянинг "Газпром" давлат энергетика компаниясига (ва/ёки Газпромнинг "Газпромбанк" ва "Газпром Нефт" каби шўъба корхоналарига) молиявий жиҳатдан қарам бўлиб қолмоқда ,- деди USA Boxing раҳбари.

ХОҚ Россия ва Беларус давлатларига қарши 2023 йилнинг 2 февралида санкцияларга қўшилганини эълон қилгани туфайли бу мамлакатлар байроқлари, гимнлари ва ранглари ҳар қандай спорт мусобақасида ишлатилиши тақиқланди.

Бу қарорга Россия агрессияси натижасида кўплаб украина бокс тренерлари ва боксчилари ҳалок бўлгани айтилди. Америкалик бокс раҳбари украин мураббийси Михаил Кореновскийнинг рус ракетаси ҳужуми оқибатида 2023 йил январда ўз уйида нобуд бўлганини ёдга олди.

Шунингдек, АҚШ вакиллари судяларни танлашдаги бузилишлар, "шаффоф бўлмаган" бюджетлар, гендер жиҳатдан аёллар ва эркакларга тенг пул мукофотларининг йўқлиги АҚШ ва бошқа мамлакатларни Тошкентда ва Нью-Деҳлида бўлиб ўтадиган нуфузли спорт ўйинларини бойкот қилишга сабаб бўлганини маълум қилди.

АҚШдан сўнг Ирландия бокс федерацияси ҳам у ерга россиялик спортчилар қабул қилингани сабабли эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қатнашишдан бош тортишга қарор қилди.

Чехия бокс ассоциацияси президенти Марек Симак Чехия терма жамоасининг бокс бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилиш ниятини билдирди.

Sport.cz нашрига берган интервьюсида у бу қарорни ушбу жаҳон чемпионати Россия президенти Владимир Путин билан алоқадор шахслар назорати остида қолаётгани ва бевосита “Газпром” босими остида ўтаётгани билан боғлади:

- Олдинги раҳбарликдаги бокс ассоциацияси Украинани қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу узоқ муддатли позиция, чунки IBA халқаро ассоциацияси раҳбари Умар Кремлев Россия президенти Владимир Путин билан жуда яқин алоқада бўлган шахсдир. У ерда кўп нарсани пул ҳал қилади, "Газпром" ҳамма нарсага тўлайди. Қоидага кўра, улар жаҳон чемпионатини Олимпиададан кўра муҳимроқ деб ҳисоблашни хоҳлашади… Ҳа, катта мукофот пули бўлади. Иккита бронза медали учун 25 000 доллар, кумуш учун 50 000 доллар ва олтин учун 100 000 доллар. Кремль жаҳон чемпионатини бизнесга айлантирмоқчи. Бу ёмон эмас, лекин у ХОҚга қарши чиқиш билан муаммони ҳал қила олмайди… Бокс Олимпия ўйинларига тегишли.

Марек Симак ушбу бойкотга бошқа мамлакатлар қўшилиши ва мусобақа ўтказилса, вазият 2028 йилги Олимпия ўйинларидаги бокс мусобақалари ўтказилишига ҳам жиддий зарар етказишини башорат қилди.

Швеция бокс ассоциацияси президенти Пьер-Аксел Сёхолм ҳам Россия ва Беларусь спортчилари мусобақада иштирок этса, Швеция бокс бўйича жаҳон чемпионатида қатнашмаслигини билдирди.

- Бу ерда на демократия, на ошкоралик мавжуд. Биз ХБА аризасини қабул қилмаймиз. Биз ўзгаришларни амалга ошириш учун бир неча йил ишладик, аммо муваффақиятга эриша олмадик. Кейин улар ўзлари Россия ва Беларусга миллий байроқлар остида беллашишга рухсат беришга қарор қилди,деди Пьер-Аксел Сёхолм.

Ўзбекистонда ўтказилажак аёллар ва эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини бойкот қилишга россиялик ва беларуслик спортчиларнинг ўз байроқлари остида иштирокига норозилик сифатида Канада бокс федерацияси ҳам қўшилди.

Финляндия бокс федерацияси март ойида Ҳиндистонда аёллар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига жамоа жўнатмоқчи эмас. Бу ҳақда ташкилот ижрочи директори Марко Лайне маълум қилган.

Буюк Британия бокс раҳбарияти ҳам айни важлар билан Ҳиндистондаги аёллар бокс мусобақаларини бойкот қилишини маълум қилди.

"Буюк Британия келаси ой Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган аёллар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионатида россиялик спортчиларнинг ўз миллий байроғи остида иштирок этишидан хавотирлар туфайли иштирок этмайди. Спорт ташкилоти эркаклар терма жамоасининг Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳам кўриб чиқмоқда", дейилади расмий баёнотда.

Британиялик спортчилар вазият ўзгартирилмаса IBA ва Олимпия қўмитаси ўртасидаги жарлик янада кенгайишидан хавотир билдирмоқда.

Россиянинг бокс бўйича бош мураббийси Эдуард Кравцов юзага келган вазиятда Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўтказилажак спорт мусобақаси бойкотига бошқа Ғарб давлатлари ҳам қўшилиши мумкинлигини билдирди.

МОҚ IBAдан ислоҳотларни кутмоқда

Миллий Олимпия қўмитаси эса Халқаро бокс ассоциациясидан ислоҳотларни кутмоқда.

Маълум бўлишича, Россия ва Беларусдан спортчилар иштирокига IBA - Халқаро бокс ассоциацияси (собиқ AIBA) рухсат берган. Бу ташкилот эса 2020 йил декабридан буён россиялик Умар Кремлев томонидан бошқарилади.

Бунгача у Россия бокс федерацияси бош котиби лавозимида ишлаган. У лавозимга тайинланган пайтда IBAнинг қарзлари 20 млн долларни ташкил қилган. 2021 йилнинг май ойида Кремль барча қарзларнинг тўлиқ қайтарилишини эълон қилди. 2022 йилда у IBA президенти этиб қайта сайланди.

АIBA нинг собиқ раҳбари ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов 2019 йилнинг 22 март куни уюшган жиноятчиликка алоқадорликда гумонланиб, истеъфога чиққан эди. Ғофур Раҳимов АҚШ Молия вазирлиги санкциялар рўйхатига киритилган. Ҳозирда Раҳимов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти лавозимини эгаллаб келади.

Умар Кремлев истеъфога чиққан Раҳимовни қаттиқ танқид қилиб, уни "бокс ҳамжамиятини алдаган шахс" деб атаганди.

Кремлевнинг ҳақиқий исми ва фамилияси Лутфуллоев Умарали Назарович. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, фамилия ва исмнинг ўзгартирилиши судланганлик эҳтимолини яшириш учун қилинган. Миллати тожик бўлган Умарали Москва вилоятида туғилган, 2005 йилда Москва давлат коммунал хўжалиги ва қурилиш академиясини тамомлаган.

2007 йилгача Россия бокс федерациясининг бўлажак раҳбари Лутфуллоев фамилиясига эга бўлиб, бир нечта жиноят ишларига аралашган ва шартли жазога ҳукм қилинган. Никоҳ орқали у тожикча Лутфуллоевдан воз кечиб, русча Кремлёв фамилиясини олган.

Умар Кремлёв-Лутфуллоев
Умар Кремлёв-Лутфуллоев

Спортчи сифатида Кремлев ўзини боксда унчалик кўрсатмаган бўлса-да, бокснинг келажакдаги маъмурий чўққиларига биринчи қадамларини у 2013 йилда Путинни қўллаб-қувватловчи "Тунги бўрилар" мотоклуби сафига киришдан бошлаган. У ерда ўзининг "Патриот" промоутерлик компаниясини рўйхатдан ўтказган, бокс жангларини ташкил қила бошлаган.

Эҳтимол, у ўша ерда Россия Президенти Владимир Путиннинг Хавфсизлик хизмати раҳбари Алексей Рубежний билан танишган ва уни Россия Бокс Федерацияси Олий Кузатув Кенгашининг раҳбарига тайинлаган.

Ҳозирча на Ўзбекистон Бокс федерацияси ва на бошқа бокс ташкилотлари жаҳон чемпионатининг бойкот қилиши масаласида изоҳ берди.

Ўзбекистон спорт ҳамжамияти вакилларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Халқаро бокс федерациясида вазият ўзгармагунча бойкотлардан наф йўқлигини сўзлади.

- Қатор бошқа ўйинларда ҳам худди шундай бойкотлар учрамоқда, аммо халқаро мусобақалар тўхтатилгани йўқ, давом этяпти. Масалан, Қозоғистонда яқинда бўлган Осиё бўйича атлетика чемпионатига АҚШ инспекторлари худди шу важлар билан келмади. Аммо ҳеч нарса ўзгармади: чемпионат ўтди, рейтинглар тарқатилди. Бокс бўйича жаҳон чемпионатига АҚШ, Британия ва бошқа давлатлар қатнашмаслиги ҳам вазиятни ўзгартира олмайди. Кўпроқ ўринларни ўзбеклар ва қозоқлар эгаллайди, холос. Руслар ва беларусларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши масаласида эса халқаро спорт ҳамжамиятида якдиллик йўқ. Сиёсий санкциялар туфайли спорт ўйинлари илгари ҳам бойкот қилинганини кўрганмиз. Бу сафар IBAнинг ўзида вазият ўзгартирилмагунча, унинг “Газпром”га мутелиги йўқотилмагунча ва Кремлёв командаси ташкилотдан чиқарилмагунча санкция ва бойкотлардан катта натижа кутишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Бироқ, қатор кузатувчилар ушбу можаролар ва ички низолар Халқаро бокс ассоциацияси нуфузини йил сайин тушириб юбораётгани, бокс раҳбарияти ҳатти-ҳаракатлари қатор миллий федерациялар норозилигига сабаб бўлаётганини гапирмоқда.

“Биз IBA ҳаракатларига рози эмасмиз. Биз ўзгаришларни амалга ошириш учун кўп йиллардан буён ҳаракат қилдик, аммо муваффақиятга эриша олмадик”, — деди Швеция бокс федерацияси раиси Пьер-Аксел Сёхолм.

2019 йил июнь ойида ХОҚ Ижроия кенгаши қарзлари туфайли ташкилотдаги IBA аъзолигини тўхтатиб қўйишни, аммо боксни Токио-2020 Олимпиада ўйинлари дастурида сақлаб қолишни тавсия қилди. ХОҚ сессиясида ушбу тавсиянома тасдиқланди.

Натижада 2021 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида бокс бўйича мусобақалар ХОҚ томонидан бошқарилди.

2022 йил февралида Халқаро олимпия қўмитаси Украинадаги вазият туфайли россиялик ва беларуслик спортчиларни мусобақаларга қўймасликни тавсия қилган эди. 4 март куни IBA россиялик спортчиларга ташкилот шафелигидаги халқаро турнирларда қатнашишни тақиқлаган эди. 5 октябрь куни IBA россиялик ва беларуслик боксчиларнинг дисквалификациясини бекор қилди, спортчиларга халқаро майдонларда миллий байроқлар ва давлат мадҳиялари остида қатнашишларига рухсат берилди.

Ўтган июнь ойида ХОҚ 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларидаги бокс турнири яна ХБАдан ҳоли тарзда ўтказилишини эълон қилди. Бундан ташқари, бокс 2028 йилги Олимпия ўйинларининг дастлабки дастурига киритилмаган. Декабрь ойида эса қўмита Халқаро бокс ассоциацияси аъзолигини тўхтатиб туришни маъқуллаганди.

Россиянинг 2024 йилги ўйинларда иштирок этишига қарши кампания бошлашга ваъда берган Украина, агар Россия ва Беларус спортчилари мусобақаларда қатнашишига рухсат берилса, Париждаги 2024 ва Лос-Анжелесдаги 2028 йилги Олимпиадаларни бойкот қилиш билан таҳдид қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG