Линклар

Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатилган миллионлари устида бир неча давлат тортишмоқда

  • Озодлик

2012 йил ëзида Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган банк ҳисобидаги 800 миллион доллардан ошиқ пулни музлатиб қўйган Швейцария прокуратураси беш йилдан ошиқроқ давом этган терговни якунлаш босқичига кирди. Айни пайтда¸ Швейцария тарихидаги энг йирик коррупция иши ҳали судга ошмай туриб¸ бу пулни ким олиши борасида жиддий легал кураш қизғин паллага киргани айтилмоқда.

"Гулнора Каримова иши" бўйича 19 та давлат бирга ишламоқда

Коррупция¸ пул ювиш каби жиддий молиявий жиноятларни содир қилишда гумонланаëтган Гулнора Каримова ва унинг беш нафар шериги устидан Швейцария федерал прокуратураси 2012 йил июль ойида очган жиноий ишнинг ҳозирда айнан қайси босқичда эканига оид расмий ахборот эълон қилинмади.

Швейцария прокуратураси матбуот хизмати 25 октябрь кунги Озодлик сўровига¸ тергов ҳали давом этаëтгани боис¸ қонунчиликда кўзда тутилган каби¸ бу жараëн тафсилотларини очиқлай олмаслигини билдирди.

"2012 йил июлида олти шахс¸ Гулнора Каримова улардан бири¸ устидан жараëн бошланган. Улар хусусан коррупцияга алоқадор пул ювиш каби жиноятларда гумонланмоқда. Ҳозирда Швейцария Бош прокуратураси 800 миллион франк миқдоридаги пулни ҳибсда ушлаб турибди. Жиноий иш очилганидан бери Бош прокуратура 19 давлат¸ хусусан¸ Швеция¸ Ҳолландия ва АҚШ билан ҳуқуқий ëрдам амалиëтларига етакчилик қилиб келмоқда"¸ дейилади Швейцария Бош прокуратураси 25 октябрь куни Озодликка йўллаган расмий жавобида.

Айни пайтда¸ прокуратура матбуот хизмати¸ терговнинг қачон тугаб¸ ишнинг қачон маҳкамага оширилиши юзасидан берилган Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Легал жумбоқ

Olivier Longchamp Швейцариядаги корпорациялар¸ банк ва ҳукумат агентликлари фаолиятини мониторинг қилувчи 20 мингдан ошиқ мутахассисни бирлаштирган Берн декларацияси деб аталган мустақил ноҳукумат ташкилотининг реституция масалалари бўйича эксперти.

25 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Longchamp Гулнора Каримова ишининг халқаро юриспруденция тарихидаги энг чигал ишлардан бири эканини айтади:

- Бу жараëн учта босқичдан иборат. Биринчи босқич - тергов. Иккинчиси¸ маҳкама. Маҳкама пулларни мусодара қилса¸ учинчи – реституция жараëни бошланади. Гулнора Каримова иши Швейцария тарихидаги энг йирик коррупция можароси ва бу иш доирасида музлатилган пул ва бойликлар умум қиммати 1 миллиард доллардан ошади. Бу ниҳоятда катта маблағ. Иккинчидан¸ айни ишни 19 та давлат юриспруденцияси кўриб чиқмоқда. Бу давлатлар орасида жамоатчилик билган АҚШ¸ Франция¸ Швейцария¸ Ҳолландия¸ Швециядан ташқари кўп ҳам гапирилмаëтган Буюк Британиядан тортиб Ҳонг-Конг ва Британия Виргин ороллари каби оффшор ҳудудлар ҳам бор. Бу эса ўта мураккаб легал жараëн деганидир. Бундай вазиятда турли давлат юриспруденциялари ўртасида конфликт юзага чиқмай қолмайди¸ дейди Olivier Longchamp.

Амалда бундай можаронинг бошланганини айтган бу кузатувчи¸ Швейцария федерал прокуратураси ана шу конфликт кенгаймай туриб¸ уни тезроқ маҳкамага оширишдан манфаатдор¸ деган фикрни билдиради:

- Айни пайтда¸ тезроқ деганимиз бир неча ой ëки яна бир неча йилга чўзилиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча бирор аниқ маълумот йўқ. Ўтган ҳафта Le Temps газетасида чоп этилган мақолани¸ шахсан мен¸ прокуратура томонидан сиздирилган маълумот сифатида қабул қилдим ва ундан иш якунига етиб қолди¸ айблов хулосаси тайëр¸ деган мужда олдим¸ дейди бу молиявий таҳлилчи.

Музлатилган пуллардан умидворлар паради

19 октябрь куни Le Temps газетасида эълон қилинган “Швейцариядаги коррупция миллионлари хорижликлар ҳасадини қўзғамоқда” номли мақолада Каримованинг ҳали суд ҳукм чиқармаган 800 миллион франк музлатилган маблағи устида бир неча давлат ўртасида тортишув бораëтгани¸ асосий даъвогарларнинг¸ Ўзбекистон¸ АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари экани хабар қилинди.

Мақоладан англанишича¸ Ўзбекистон томони¸ музлатилган пулларнинг Ўзбекистондан ўғирланганини¸ АҚШ эса¸ Каримова ва шерикларининг молиявий жиноятларни АҚШ долларида¸ Америка банк тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширганини¸ Ҳолландия эса¸ бу пуллар ўз ҳудудидаги телеком ширкати берган пора бўлганини айтиб¸ уларнинг ўзига берилиши талаб қилмоқда.

Мазкур иш тафсилотларидан яхши хабардор аноним манбасига таянган газета¸ бу пулни олиш учун “кескин ва ўнғайсиз бир парад” бошлангани ва Швейцария ҳукумати билан бу борада махфий сўзлашувлар бораëтганини ëзди.

“Бернда ҳозирда бу пулларни қайтариш методи устида жиддий бош қотирилмоқда. Бу жараëнга Гулнора Каримова иши юзасидан текширув ўтказган Конфедерация Давлат вазирлиги¸ Федерал адлия бошқармаси¸ Ташқи ишлар департаменти ҳамда Тараққиëт ва ҳамкорлик департаменти жалб этилган”¸ дейди ўз манбасига таянган Швейцария нашри.

Жараëнга бевосита алоқадор Швейцария мулозими¸ Le Temps мухбирига пулларнинг Ўзбекистон халқидан ўғирланганидан келиб чиқиб¸ уларни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида қарор бериш энг тўғри мантиқий ечим бўлишини айтади.

Айни пайтда исми очиқланмаган бу мулозим¸ Ўзбекисондаги янги ҳукуматнинг ҳам аввалгисидан кам бўлмаган даражада коррупциялашгани¸ мамлакатда қонун устиворлигининг таъминланмагани¸ бу жараëнни ниҳоятда мураккаблаштиришини қўшимча қилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG