Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:17

Имон Каримова онаси тақдирини ҳал қилиш Саида Мирзиëевага топширилганини иддао қилди


Айни кунларда Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан янги тергов бормоқда.

Бу ҳақда ўтган ҳафта Бош прокуратура ва Каримова командаси маълум қилди.

Ҳозиргача бир неча марта судланиб¸ Зангиота колониясида қамоқ жазосини ўтаëтган Гулнора Каримова янги ишда 255 та жиноят эпизодини содир этганликда айбланаëтган уюшган гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.

Бораëтган янги терговни Бош прокуратура қошидаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Расул Йўлдошев олиб бормоқда.

12 декабрь куни Гулнора Каримованинг қизи Имон номига очилган Instagram саҳифасида (бу саҳифани жорий ойдан бошлаб профессионал адвокатлар гуруҳи юритмоқда – таҳр.) терговчи Йўлдошевнинг мазкур ишга оид 1 ноябрь куни чиқарган қарори нусхаси эълон қилинди.

Фақат икки бети тақдим этилган бу ҳужжатда Гулнора Каримова устидан бораëтган терговнинг жиноят иши доирасидан каттароқ экани эътироф қилинган.

Озодлик ҳозирча бу ҳужжатнинг асли ëки унинг тўлиқ матни нусхасини кўргани йўқ.

Прокурор хулосаси

Ўзбекистон прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Расул Йўлдошевнинг 1 ноябрь кунги қарори “эксперт муассасасидан ташқарида комплекс экспертиза ўтказиш ва бу ишга мутахассисларни жалб қилиш ҳақида”.

Имон Каримованинг Instagram саҳифасига қўйилган прокурор қароридан олингани айтилган нусха.
Имон Каримованинг Instagram саҳифасига қўйилган прокурор қароридан олингани айтилган нусха.

"Комплекс экспертиза" тайинлашдан мақсад эса¸ ҳужжатда ëзилишича¸ Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупция жанжалининг Ўзбекистонга етказган ахлоқий ва иқтисодий зарарини ўрганиб чиқишдир.

Бугунга келиб¸ АҚШ¸ Ҳолландия¸ Швейцария каби давлат органлари Гулнора Каримова билан боғлиқ иш доирасида турли компанияларга 6 миллиард АҚШ долларига яқин жарима солди¸ бу компаниялар имижи ва бошқа манфаатларига жиддий шикаст етди.

Бу ҳолатларнинг Ўзбекистон Республикасига ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисида ахлоқий ва иқтисодий зарар етказгани¸ жумладан хориж инвесторлари ва ишбилармонлари муҳитида инвестициялар киритиш ва тадбиркорликни амалга ошириш борасида негатив фикрлар (қўрқув¸ишончсизлик ва ҳоказо)¸ турли халқаро рейтинглар ва муҳокамаларда эса бирëқлама баҳо ва прогнозлар шаклланишига таъсир қилганини инкор этиб бўлмайди”¸ дейилади Йўлдошев қарорида.

Ўзбекистон Республикасига Гулнора Каримова томонидан етказилган ахлоқий ва иқтисодий зарар кўламини “тўлиқ ва объектив” аниқлаш учун¸ Йўлдошев¸ прокуратура ташқарисидаги экспертлар фикрига эҳтиëж борлигини айтади.

Гулнора Каримова жиноят иши бўйича “комплекс экспертиза”ни АОКА уюштиради

Гулнора Каримова устидан бораëтган янги тергов гуруҳи раҳбари Расул Йўлдошев 1 ноябрь кунги ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан “жиноят иши бўйича комплекс экспертиза ўтказиш” ҳақида қарор чиқаради.

АОКА раҳбарларидан бири президент Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëевадир.

Имон Каримованинг Instagram саҳифасига қўйилган прокурор қароридан олингани айтилган нусха.
Имон Каримованинг Instagram саҳифасига қўйилган прокурор қароридан олингани айтилган нусха.

Қарорда ëзилишича¸ Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга етказган зарари бўйича АОКА уюштирадиган “комплекс экспертиза”га Иқтисодиëт ва саноат вазирлиги¸ Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги¸ Ташқи ишлар вазирлиги қаторида Ëзувчилар союзи¸ “Ижтимоий фикр” сўров маркази¸ Маънавият ва маърифат маркази ҳам жалб қилинади.

Бу вазирлик ва муассасалар “эксперт”лари Гулнора Каримованинг жиноий фаолиятида Ўзбекистонга зарар ва унинг ижтимоий имижи¸ иқтисодий манфаатларига шикаст етказган омиллар борми¸ бу зиëн қандай кўриниш ва қайси кўламда бўлган¸ деган мазмундаги саволларга жавоб беришлари керак.

Бу "экспертлар"га¸терговчи қарорида ëзилишича¸ Гулнора Каримовага оид жиноят иши материаллари тақдим этилади.

1 ноябрь куни чиқарилган қарордан сўнг мазкур вазирлик ва муассасалар "экспертлари"нинг Гулнора Каримова иши бўйича ўз хулосасини берган-бермаганига оид маълумот ҳозирча Озодлик ихтиëрида йўқ.

Каримова командаси изоҳи

Имон Каримованинг Instagram саҳифасида қўйилган изоҳда¸ Гулнора Каримова ишининг адолат ва қонун устуворлиги принциплари асосида ўтказилмаëтгани Ўзбекистон имижига ўнлаб марта кўпроқ зиëн етказаëтгани айтилади.

Энг садоқатли масхарабозлар иштирокида ўтказилиши режаланган бу циркнинг ягона сабаби¸ Гулнора Каримовани сиëсий мотивлардаги тутқунликда ушлаш учун қўядиган модда (Жиноят кодексидаги моддалар назарда тутилмоқда – таҳр.) қолмаганидир”¸ дейилади терговчи Йўлдошев қарорига берилган Каримова томони изоҳида.

“Марҳум президентнинг қизи тақдирини жорий президентнинг қизи ҳал қилади”

"Ҳукумат экспертизасидаги энг қизиқ жиҳат¸ унда директор ўринбосари президентнинг қизи Саида Мирзиëева бўлган АОКАнинг иштирокидир.

Гулнора Каримова тақдири ва унинг айнан қайси омиллар бўйича айбланишини тўғридан-тўғри янги президентнинг қизи ҳал қилади. Тараққий қилган давлатларда бундай ишлар манфаатлар тўқнашуви боис судда ҳатто кўриб ҳам чиқилмайди. Бу жиҳат Гулнора Каримовага қарши ишнинг мутлақ ва шак-шубҳасиз СИËСИЙ МОТИВЛАРГА АСОСЛАНГАНИ ва пировард мақсад Гулнорани йўқ қилиш экани исботидир”¸ дейилади Имон Каримова саҳифасида эълон қилинган баëнотда.

Имон Каримова саҳифасида эълон қилинган баëнотдан парча.
Имон Каримова саҳифасида эълон қилинган баëнотдан парча.

Имон Каримова ва Гулнора Каримова адвокатлари гуруҳи бундай хулосага асос берувчи тафсилотларни очиқламаган.

Отасининг 27 йиллик ҳукмронлиги даврида “Ўзбекистон маликаси” деб аталган Гулнора Каримова билан Ислом Каримовга 13 йил Бош вазирлик қилган Шавкат Мирзиëев қизлари ўртасидаги муносабатлар тафсилоти Озодликка маълум эмас.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG