Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2021, Тошкент вақти: 22:48

Андижонга Тошкентдан "ревизорлар" борди. Аҳолига шикоят қилмаслик буюрилди.


Андижон вилоятида Ўзбекистон суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари раҳбарлари иштирокида ўтган йилги қабул. ЎзА сурати.

Ўзбекистон президентининг кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси Умар Исмоилов бошчилигидаги махсус ҳукумат гуруҳи 2 апрель куни Андижон вилояти Бўз туманида аҳоли шикоятларини ўрганишни бошлади.

Гуруҳнинг Бўзга келиши арафасида - 30 март куни вилоят ҳокими ва ўринбосарлари Бўз туман фаоллари билан мажлис ўтказиб, унда бевосита қатнашганларнинг Озодликка билдиришича¸ аҳолидан шикоят кўламини сунъий равишда камайтиришни талаб қилган.

Мажлисда¸ хусусан¸ ички ишлар¸ прокуратура¸солиқ шунингдек газ ва свет идоралари вакилларига уйма-уй юриб, аҳолини текширувчиларга шикоят қилмаслик, акс ҳолда яқинларидан кимдир ишсиз қолиши ёки ўқишдан ҳайдалиши мумкинлигидан огоҳлантириш топширилган.

Андижонча ҳозирлик?

Бўз туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан бирининг 3 апрель куни Озодликка маълум қилишича¸ президент маслаҳатчиси бошчилигидаги текширувчилар гуруҳи 2 апрель куни Бўз туманида аҳоли шикоятларини ўрганишни бошлаган.

Шахси очиқланмаслигини сўраган оқсоқолга кўра¸ вазирликлар вакиллари, сенатор ва депутатлардан ташкил топган 80 кишилик махсус гуруҳга уйма-уй юриб, аҳоли билан суҳбатлашиш ва ўрганганлари хулосасини тўғридан-тўғри президентга етказиш топширилган.

Сайëр гуруҳнинг Бўз туманига келишига ҳозирликни олдиндан бошлаган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов¸ Озодликка айтилишича¸ 30 март куни ўз ўринбосарларига туманда зудлик билан мажлис ўтказиш топшириғини берган.

“Тошкентдан келадиган махсус гуруҳни Марҳамат туманида кутишган экан. Лекин улар Бўз туманига буриб юборишибди. Шунинг учун уч кундан буён Бўзда тўполон, вилоятдан ҳамма раҳбарлар келган. Жума куни эрталаб мажлис чақиришди. Мен ҳам бордим. Гап текширувчилар келиши ва унинг оқибатлари ҳақида борди. Раҳбарлар йиғилганларга, арзимаган нарсани ҳам муаммо қилиш керак эмас, бу бизнинг ўзимизга ёмон бўлади. Барибир улар муаммони ҳал қилиб бермайди. Шунинг учун улар келгунча аҳоли орасида юринглар, тушунтиринглар, ҳамма нарсани дастурхон қилмасин, деган мазмунда топшириқ берилди”, деди 30 март куни эрта тонгда Бўз туман ҳокимлиги биносида ўтказилган мажлисда қатнашган оқсоқол.

"Туман ҳокими ҳақорат қилиб топшириқ берди"

Суҳбатдошнинг айтишича, вилоятдан келган раҳбарлар мажлисдан чиқиб кетганидан сўнг туман ҳокими Абдурашид Мамиров ҳақоратли муомалага ўтган.

“Ҳоким тумангаз бошлиғи бўлиб ишлаётганига ҳали кўп бўлмаган мулозимни тварь, ифлос, ҳароми, эшак, ўғри деб, ёмон сўкди. Ўзингни ҳам қаматаман, бола-чақанг, авлодинггача қаматаман, деди. Ҳаммани газ баллон топиб таъминлайсан, деди. Маҳалла оқсоқолларига аризачи одамлар билан гаплашишни, шикоят қиладиганларга нисбатан “текширувчилар барибир кетади, бу ерда биз қоламиз, шунинг учун оғзига қараб гапиришни” маслаҳат берди, дейди Озодлик гаплашган Бўз туманидаги маҳаллалардан бирининг оқсоқоли.

Бўз туманидаги бошқа маҳалланинг исми сир қолишини сўраган фаоли жума кундан зудлик билан участка инспектори ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳамроҳлигида уйма-уй юришни бошлаганини билдирди.

Уйма-уй юриб одамлардан нима камчилиги борлигини сўраяпмиз. Мабодо текширувчилар келса, ҳар нарсани айтмаслик ҳақида маслаҳат берилаяпти. Текширувчилар келиб-кетадиган одамлар, сиз эса яна биз билан қоласиз, мана ўғлингиз ёки қизингиз ишлаяпти, деган шаъмали гаплар бўлаяпти”, деди вилоят ҳокимлиги топшириғи асосида ўзи ҳам бевосита уйма-уй юрган бўзлик маҳалла фаолларидан яна бири.

Бу суҳбатдош¸ айни шундай юришларнинг Бўз тумани марказидаги "Пиллакор"¸ "Сойбўйи"¸ "Халқобод" ва "Бобур" маҳаллаларида бораëтганини шахсан тасдиқлашини қўшимча қилди.

“Текширувчилар текширмасдан ўзгариш бошланди”

Озодлик боғланган бўзлик ўқитувчилардан бири¸ "тошкентлик ревизорлар" келиши олдидан¸ маҳаллий раҳбарлар бутун кучини Бўз туманидаги вазиятни боридан яхшироқ қилиб кўрсатиш уринишига сарфлаëтганини билдирди.

“Ҳозир ҳаммага давлат нархидаги арзон газ баллон тарқатилаяпти. Билмадим, бунча баллонни булар қаердан топиб келишаяпти экан. Ўйдим-чуқур кўчаларимизга машиналар ғизиллаб, шағал тўкиб кетишаяпти. Кўчалар текисланаяпти. Айтишларича, ҳозир вилоят ҳокими барча кучни Бўз туманига сафарбар этаяпти экан. Мана, бўлар эканку. Нега шу ишни аввал қилишмаган”, дейди зудликда бўлаëтган "косметик ўзгаришлар"га бевосита гувоҳ бўлган бўзлик ëш ўқитувчи.

“Шикояти кўп ногиронлар касалхоналарга олиб кетилди”

Бўз туманидаги маҳалла оқсоқолларидан яна бири, ўз ҳудудида яшовчи доимий қаровга муҳтож бўлган ногиронлар, “аризачи” тамғасини олган қариялар даволаниш баҳонасида Андижон шаҳрининг бир неча касалхонасига вақтинчалик жўнатилганини хабар қилди.

“Шикоятчи ногиронлар ва қарияларга ҳокимият ўзини гўёки алоҳида эътибор бераётгандай қилиб кўрсатаяпти. Бу одамлар тез тиббий ёрдам машиналарида касалхоналарга саломатлигини тиклаш учун олиб кетилди. Токи текширувчиларга шикоят камроқ бўлсин, деган мақсадда. Бизнинг маҳалладан ҳам тинмай ҳамма ерга ёзадиган бир отахон бор эди. Унинг текширувчилар келишидан хабари йўқ, хурсанд бўлиб касалхонага даволангани кетди”, дейди маҳалла оқсоқоли.

“Туман ҳокимининг олдига боришга одам қўрқади”

Озодлик айни мавзуда гаплашган маҳаллий фаоллардан бирининг айтишича, президентга ҳисоб берувчи махсус комиссия сафари арафасида Бўз тумани ҳокими ўзининг "халқ билан мулоқот"га очиқлигини намойиш қилишга киришган.

Бу суҳбатдош¸ туманнинг "Ғолиб" маҳалласида шикоят ва аризаси бор бўзликлар учун туман ҳокимининг расми туширилиб, ҳокимият ишонч телефони рақамларига қўнғироқ қилиш сўралган варақалар ёпиштириб чиқилганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади.

“Бу варақаларни кўриб¸ Тошкентдан келганлар туман ҳокими халқнинг дардини эшитадиган одам экан¸ деб ишониши керак¸ шекилли. Аслида, унинг ҳақоратли гапларини билган одам ҳокимнинг олдига боргани қўрқади, телефонда эса ҳоким оддий одамлар билан умуман гаплашмайди ҳам”, дейди бу оқсоқол.

Бўз туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган вакили туманга Тошкентдан Умар Исмоилов бошчилигида катта текширувчилар гуруҳи келгани ва ҳозирда оддий аҳоли билан суҳбатлашаётганини тасдиқлади.

Айни пайтда¸ бу мулозим аҳолининг маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан шикоят қилмаслик ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилишга уринди.

“Йўқ, ҳеч ким ҳеч кимнинг оғзини боғлаб қўйгани йўқ. Мана текширувчилар халқ қабулхонасида ҳам аҳолини қабул қилаяпти”, деди мулозим.

Президент Шавкат Мирзиëев халқ билан бевосита мулоқотни ижроия ҳокимияти вакилларининг асосий вазифаларидан қилиб белгилаганидан бери¸ Тошкентдан сайëр гуруҳларнинг вилоятларга сафар қилиши анъанага айланди.

Одатда президент маслаҳатчилари бошчилик қиладиган бундай сафарлар давомида¸ аҳолига ўз шикоят ва аризаларини бевосита марказий ҳукумат вакилларига билдириш имкони берилади.

Айни пайтда¸ бундай комиссия вакилларига бевосита мурожаат қилган оддий аҳоли вакиллари Озодликка бундай учрашувлардан сўнг муаммони ҳал қилиш яна маҳаллий идораларга топширилаëтгани ва ечимсиз қолаëтганини айтмоқда.

Шарҳларни кўринг (10)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG