Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

Пахта пулини ололмаëтган юзга яқин сирдарëлик фермер "Агробанк"да тўполон кўтарди


Фермерлар Оқ олтин туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Шавкат Умматовдан ҳосил пулини тушириб беришни талаб қилаяпти.
Фермерлар Оқ олтин туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Шавкат Умматовдан ҳосил пулини тушириб беришни талаб қилаяпти.

23 январь куни Сирдарё вилоят, Оқ олтин туманида қарийб юз нафар фермер аввал туман ҳокимлиги, сўнгра "Агробанк"нинг туман бўлими раҳбариятига 2019 йил пахта пулини беришни талаб қилиб борди.

Бу фермерлар давлат билан тузилган шартномага мувофиқ¸ улар сотган пахта пули кечи билан 2019 йилнинг 31 декабрь кунигача банк ҳисобига ўтказилиши лозим эди.

Фермерлар иддаосича¸ "Сардоба" пахта тозалаш заводи бош бухгалтери ва банк бошқаувчиси фермерлардан туман марказида фонтан қурилиши учун 5-6 миллион сўмдан пул ўтказишга рози бўлсагина, пахта пули тўланишини айтган.

Бош бухгалтер ва банк бошқарувчиси бундай талабни туман ҳокими Дилмурод Фозилов буйруғи деб тақдим этган.

Фермерлар бундан норози бўлиб, банкда тўполон кўтарган ва банк қўриқчилари уларни ташқарига ҳайдаб чиқарган.

Пахта заводининг Озодлик гаплашган мулозими ҳокимдан шундай топшириқ бўлганини тасдиқлади.

“Агробанк”нинг Оқ олтин тумани филиали бошқарувчиси фермерлар пули тушгани, лекин пахта заводи қайси фермерга қанча пул ўтказиш ҳақидаги реестрни бермаётганини айтди.

Туман ҳокими Озодлик билан гаплашишни истамади.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган фермерлардан бирининг айтишича, юзга яқин фермер аввалига давлатга топширган пахтаси пулини сўраб ҳокимликка борган.

"Бугун эрталаб юзга яқин фермер ҳокимнинг олдига пулимизни талаб қилиб бордик. Ҳоким банк бошқарувчиси Умид Анваров ва заводнинг бош бухгалтери Шароф Раҳимовни чақириб, хонасида анча маслаҳат қилишди. Кейин улар чиқиб, кетдик, ишларинг ҳал бўлди, деди. Кейин "Агробанк"ка бордик."

Фермернинг айтишича, улар билан гаплашган банк бошқарувчиси ва бош бухгалтер уларнинг қонуний пули тўланиши учун "ноқонуний" талаб қўйган:

"Ҳокимнинг топшириғи шундай, 5-6 миллиондан фонтан қурилишига ўтказиб берасизлар, ёрдам бермасаларинг, фонтанни қурмасак бўлмайди, деди. Шунда ёши катта бир фермер, майли ёрдам берамиз, лекин буғдойнинг пулидан фонтанга деб олган эдиларинг у қаерга кетди, деди. Шунда банк бошқарувчиси у пулларинг пахтада автобуслар одам ташигани учун автобазага ўтказиб юборилди, фонтанни энди қурамиз, деди. Ярим одам кўнгандай бўлди, ярми кўнмади, тўполон бўлиб кетди. Кейин милиция ҳаммани банкдан чиқариб юборди".

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермер ҳам қарийб 100 миллион сўм ҳосил пулини ололмай, сарсон бўлаётганини айтди:

Ҳокимга яқин бўлган фермерлар ва фонтанга пул ўтказиб берганлар пулини олишди.


“Пахта заводи билан қилган шартномамиз муддатидан қарийб бир ой ўтди. Ҳоким пулни бергизмай ушлаб ўтирибди. Ҳокимга яқин бўлган фермерлар ва фонтанга пул ўтказиб берганлар пулини олишди. Ҳозир қарийб юзта фермер пулини ололмаган. Шартномага кўра, завод агар пулни кечиктириб берса, ҳар бир кунига умумий пулнинг 0,4 фоизи миқдорида устама(пеня) тўлаши керак. Бу менинг пулим ҳисобига 10 миллион сўмдан кўп бўлади. Энди заводни судга берамиз, деб маслаҳат қилаяпмиз”.

Озодлик “Агробанк”нинг Оқ олтин бўлими бошқарувчиси Умид Анваров билан боғланиб, фермерлар иддаоси бўйича изоҳ сўради:

Завод реестрни берган заҳоти пуллар ўтказилади.


“Пул тушаяпти. Пахта заводи бизга реестр, яъни қайси фермер ҳисобига қанча пул ўтказиш кераклиги ҳақида рўйхат бериши керак. Шуни бермай турибди. Завод реестрни берган заҳоти пуллар ўтказилади”, деди Умид Анваров.

“Сардоба” пахтани қайта ишлаш заводининг исми сир қолишини сўраган мулозими, ҳақиқатан ҳам фермерлар пули тушгани, лекин ҳокимнинг топшириғи билан тўхтатиб турилганини тасдиқлади:

Ҳоким тўхтаб туринглар дебди.


“Фермерларнинг пули тўлиқ тушган. Лекин нимагадир ҳоким тўхтаб туринглар дебди. Нима сабабдан бундай деганини билмайман”.

Озодлик гаплашган оқолтинлик фермерларнинг айтишича, ëз ойларида тумандаги 50 фоиз фермернинг буғдой пулидан 5-6 миллион сўми "фонтан қурилишига кўнгилли ëрдам" деган асосда номаълум шахснинг пластик картасига ўтказиб юборилган.

Озодлик ҳозирча фермерлар ҳисобидан хусусий шахснинг банк ҳисобига маблағ ўтказилганини тасдиқловчи расмий ҳужжатни кўрганича йўқ.

Бу иддаони айтган фермер¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари банкдаги ҳисоб-китобларни кўтарса, айнан кимнинг пластик картасига "фонтан" баҳонасида қайси фермердан қанча пул ўтказилгани аниқланишини айтди.

Фермерга кўра, ҳоким ёзда ўтказган мажлисларидан бирида, туман марказида қурилган кўп қаватли уйларнинг олдига фонтан қурилиши ҳақида гапирган.

"Бу фонтанни ким қуриши ва айнан қаерга қурилишини ҳеч ким аниқ билмайди. Ҳали бу ерда фонтан бўлади деб, тўртта чўп ҳам қоқилмаган. Йўқ нарсага пул йиғилаяпти. Банкда ҳам фермерлар, биламиз бу пуллар кимларнидир чўнтагига кириб кетади, йўқ нарсага икки мартадан пул тўламаймиз, деб жанжал қилишди".

Озодликда фонтан қаерда қурилиши, лойиҳа қиймати ва қайси қурувчи ташкилот уни қуриши ҳақида маълумот йўқ.

23 январь куни фермерлар иддаосига муносабат олиш учун Оқ олтин тумани ҳокимлигига қўнғироқ қилди.

Гўшакни кўтарган расмий ҳоким Дилмурод Фозиловнинг мажлисда эканлигини айтиб, алоқани узди.

Озодлик қўнғироқ қилган пайтда ҳокимлик биносида бўлган фермерлардан бири ҳоким ҳеч қандай мажлис ўтказмаётганини айтди.

Сўнгги бир ой ичида фермерларга 2019 йил учун пахта пулини бермаётган пахта тозалаш заводлари ва кластер корхоналари ҳақида Озодликка шикоятлар оқими кўпайди.

Озодлик 14 январь куни Андижон вилояти фермерлари давлатга сотган пахта пулини “Ўзпахтасаноат” корхоналаридан ололмаётгани, "Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси бу муаммо уч-тўрт куни орасида ҳал қилинишини айтгани ҳақида хабар берган ва 15 январдан бошлаб фермерлар ҳисобларига пул тушган эди.

Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтганидан Озодликка арз қилди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG