Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:05

OzodTa'sir: "Ўзпахтасаноат" андижонлик фермерларга ҳосил пулини бера бошлади


Андижон вилоят, Пахтаобод тумани фермерларининг банкдаги ҳисоб рақамларига 15 январь куни пахта пули туша бошлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерларнинг айтишларича, "Андижон-1 пахта тозалаш" корхонасининг бухгалтери, "Ўзпахтасаноат"дан пул тушгани ва фермерлар ҳисобига ўтказилаётгани ҳақида хабар берган.

Озодлик 14 январь куни Андижон вилояти фермерлари давлатга сотган пахта пулини “Ўзпахтасаноат” корхоналаридан ололмаётгани, "Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси бу муаммо уч-тўрт куни орасида ҳал қилинишини айтгани ҳақида хабар берган эди.

15 январь куни Озодлик билан боғланган пахтаободлик фермерлардан бири, унинг банкдаги ҳисобига пахта пули 100 фоиз тушгани ҳақида хабар қилди:

"Тушди, ҳаммаси охирги сўмигача тушди. Пахта тозалаш заводи мулозимининг айтишича, 15 январь куни корхонага 7 миллиард сўм пул тушган. Қолган пул ҳам бугун эрта тушар экан. Фермерларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилмоқда. Оғзимиз ошга етди деб, ҳамма хурсанд".

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермер ҳам унинг банкдаги ҳисобига 50 миллион пахта пули тушганини айтди:

"Эшитишимча, Тошкентдан, "Ўзпахтасаноат"дан вилоятга комиссия келибди. Пул ўтказилибди ва фермерлар ўз ҳаққини олмоқда. Энди, хурсанд бўлиб, янги ҳосил учун тайёргарлик кўрамиз. Бўш қоп тик турмайди-да".

Озодликка 14 январь куни гапирган фермерлардан бири бу ҳақда шундай деган эди:

“Одатда, ҳар йили пахта терими тугаши билан, пул тушиш бошланиб, 20 декабрларгача бутунлай расчет қилишарди. Бу йил пахта планини октябрдаёқ бажариб бўлган эдик. Лекин, янги йил биринчи ойининг ярми ўтиб кетяпти ҳамки, пулдан дарак йўқ. Неча марта заводга бориб сўрасак, тушса берамиз, дейди холос. Бирор ташкилотдан бир сўм ҳам қарзим қолмаган, соф фойдам қарийб 80 миллион сўм бўлган. Қўлимизга тушадигани шу. Бир томонда кластерга ўтган ташкилотлар дод дейди, бир томонда давлатга пахта сотган бизлар дод деяпмиз”.

Озодлик суҳбатлашган “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқарувчи раиси Алишер Мақсудов Озодлик билан суҳбатда фермерлар билан уч-тўрт кун ичида тўла ҳисоб-қилинишини айтган эди:

- Бу ойнинг охиригача ёпиб юборамиз. Ҳозир фонддан пулни кутяпмиз. Чунки бу озгина 10-15 кунга тўхтаб қолди-да. Фондга пул тушиши масаласи оғир бўлиб қолди. Уч-тўрт йил олдин май-июнга бориб ёпиларди, фақат ўтган йили 31 декабрга ёпилди. Ўзи арзимаган пул қолган. Лекин, фермерларга 2019 йил ҳосил пули бериш республика бўйича 90 фоизга ёпилган. Уч-тўрт кун ичида ҳаммасини ёпамиз.

Озодлик Ўзбекистонда кластер тизимида ишлаётган фермерлар ҳам пахта пулини ололмаётгани ҳақида бир неча хабар берган.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган:

XS
SM
MD
LG