Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2021, Тошкент вақти: 03:11

Ҳукумат соғлом овқатланиш, аҳоли эса етарли овқатланиш ҳақида бош қотирмоқда


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонни “соғлом овқатланишни миллий сиёсатнинг тамал унсурларидан бирига айлантираётгани” учун олқишлади.

12 январь куни эълон қилинган баёнотида ЖССТ бу борадаги тадбирлар ташкилотнинг техник йўриқномаси ҳамда кўмагида амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Шу муносабат билан Озодлик суҳбатлашган андижонлик врач “ўзбеклар соғлом овқатланиш нима эканлигини билмайди: камбағалларнинг пули йўқ, бойларнинг эса саводи”, деган фикрни билдирди.

Бир йилда қарийб беш минг оилага хайрия ёрдамлари етказиб бериш акцияларида иштирок этган фарғоналик блогернинг ҳамда ўзи яшайдиган маҳаллани яқиндан ўрганган қашқадарёлик ўқитувчининг айтишича, аҳолининг қалин қатлами соғлом овқатланишдан кўра, етарли овқатланиш масаласи устида бош қотиришга мажбур.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 январда эълон қилган баёноти “Ўзбекистон ЖССТнинг махсус тавсиялари ҳамда қувватловидан фойдаланиб, юқумли эмас касалликларнинг олдини олиш йўлида муҳим қадамларни ташламоқда”, деган ижобий баҳо билан бошланади.

Ташкилот фикрича, Ўзбекистон ҳукумати кейинги пайтларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ва овқатланиш сифатини ошириш учун бир қатор чораларни кўрган.

Айни пайтда ЖССТ баёнотида Ўзбекистонда қайд этилаётган барча ўлимларнинг тахминан 79%и юқумли эмас касалликлар эканлиги, бевақт ўлимларнинг бош сабаби эса, юрак қон-томир тизими касалликлари эканлиги қайд этилган. Ташкилот фикрича, бундай кўриниш кашандалик, спиртли ичимликлар ичиш ва носоғлом овқатланиш билан бевосита боғлиқдир.

Катта ёшдаги аҳолининг тахминан учдан бирида гипертензия кузатилади, бешдан бир қисми эса, инфаркт ёки инсультга чалиниш хавфи остида яшайди.

“Катта ёшдаги аҳолининг тахминан учдан бирида гипертензия кузатилади, бешдан бир қисми эса, инфаркт ёки инсультга чалиниш хавфи остида яшайди, - деган ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили доктор Lianne Kuppens. – Боз устига мамлакатдаги эркакларнинг тўртдан биридан кўпроғи чекади, катта ёшдаги аҳолининг тахминан ярми ортиқча вазнли ёки семизликдан азият чекади”.

ЖССТ Ўзбекистон президенти 2020 йилнинг 10 ноябрида имзолаган “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни бу соҳада қўйилган муҳим қадам сифатида баҳолади.

Врач: Бизда бойлар ҳам соғлом овқатланишни билмайди

Андижонлик врач Отабек Аҳлиддиннов соғлом овқатланиш нималигига таъриф берди:

Cоғлом овқатланиш ейилаётган овқатнинг меъёри ва сифатига риоя қилиш деганидир.

"Cоғлом овқатланиш ейилаётган овқатнинг меъёри ва сифатига риоя қилиш деганидир. Организмга керак бўладиган барча микроэлементлар, оқсил, углевод ва ёғларнинг мувозанати деганидир."

Врачнинг фикрича, ейилаётган овқатнинг миқдори - соғлом овқатланишнинг муҳим жиҳати:

"Бу соҳада ҳам аҳоли икки тоифага бўлиниб қолган: етарли овқатланмаётган кўпчилик ва меъёридан кўп овқатланадиган озчилик. Иккала тоифаниям соғлом овқатланяпти, деб бўлмайди. Биринчиси тушунарли: оз овқат еяпти ва натижада керакли моддаларни оз қабул қиляпти. Бироқ бойлар ҳам, кўп егани билан, нотўғри овқатлангани учун, емаги мувозанатли эмас. Бу саводсизлик оқибатидир".

Андижонлик врачнинг фикрича, ўзи умуман, ўзбекнинг анъанавий овқатланишини соғлом овқатланиш, деб бўлмайди ва бу соҳада жуда кўп маърифий ишларни амалга ошириш керак.

Ўқитувчи: Ҳомиладор организмидаги етишмовчиликни ҳукумат витамин билан тўлдиряпти

Қашқадарёлик ўқитувчи Феруза Саидованинг айтишича, у яшайдиган ҳудудда (Косон тумани) соғлом овқатланиш ҳақида гапириш ҳақида бироз эрта, чунки аҳолининг катта қисмида етарли овқатланмаслик муаммоси бор.

Бир ойда бир кило гўшт емайдиган қўшнилармиз бор

“Бир ойда бир кило гўшт емайдиган қўшнилармиз бор. Маҳалламиздаги 70 та хўжаликнинг 40 фоизи шундай”, - дейди ўқитувчи.

Оддий ўқитувчининг бу гапи, табиийки, “Сиз буни қаердан биласиз?” деган саволни пайдо қилди. Бу саволга жавобан Феруза Саидова кейинги пайтларда у “маҳалла мустақиллиги учун курашиб келётгани ва шу мақсадда маҳалласи аҳлининг ижтимоий ҳолатини махсус ўрганганини” айтди.

Феруза Саидованинг сўзларига кўра, унинг оиласи маҳалладаги энг бой оила ҳисобланади: 5 кишидан иборат оила бир ҳафтада 2 кило қўй гўшти истеъмол қилади. Шундай бўлса-да, унинг оиласи ҳам давлатнинг қўшимча ғамхўрлигига муҳтож:

“Аҳоли еяётган озиқ-овқатда керакли моддалар камлиги учун ҳам давлат ҳомиладор аёлларга ойма-ой витаминлар бериб келяпти. Ҳомиладорликнинг биринчи ойида берилган витаминни иккинчи ойида бермайди. Ҳар ой учун махсус витамин берилади. Буни ўз келиним мисолида биламан”.

Блогер: Кўпчилик оилалар бир ҳафтада ярим кило гўшт ейди

Фарғоналик блогер Дима Қаюмнинг айтишича, у 2020 йил давомида ўзи яшайдиган Риштон туманида қарийб 5000 оилада бўлиб, уларга хайрия ёрдамлари етказиш акцияларида иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, қишлоқда "гўшт кўрмайдиганлар" кўп.

Оч қолаётганлар йўқ. Лекин кўпчилик жуда арзон, демакки сифатсиз овқат ейди.

“Оч қолаётганлар йўқ. Лекин кўпчилик жуда арзон, демакки, сифатсиз овқат ейди. Қишлоқларда ярим кило гўштни бир ҳафта ейдиганлар бор. Фақат меҳмон келганида қозони гўшт кўрадиганлар бор. Ўрта ҳисобда қишлоқда 4-5 кишилик бир оила бир ҳафтада ярим кило гўшт ейди”.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б.К. Юсупалиев 17 декабрда имзолаган аҳолининг ёши, жинси ва касбига қараб соғлом овқатланишини таъминлашга оид ўртача кунлик рационал овқатланиш нормативлари тўғрисидаги қарорда бир киши бир кунда 60 гр. мол гўшти, 30 гр. қўй гўшти, 25 гр. қуён гўшти, 70 гр. парранда гўшти, 35 гр. балиқ ейиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Фарғоналик блогер масаланинг яна бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратишга чақирди:

“Сиз мендан соғлом овқатланиш ҳақида сўраяпсиз. Соғлиғимиз учун энг зиён бўлган энг арзон нарсаларни: шўр карам, шўр бодринг, қалампир еймиз. Касал халқмиз, десак ҳам бўлаверади. Сабаби битта туманда – бизнинг туманимизда 200 дан ортиқ аптека бор. Бас, шундай экан, туманимизни касал туман деса ҳам бўлаверади...”

Ўтган ой Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон аҳолиси учун кунлик рационал овқатланиш нормативларини белгилаган.

Вазирлик тавсия қилган рўйхатда жами 42 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти бор. Вазирлик бир киши бир кунда ейиши лозим, деб ҳисоблайдиган маҳсулотларнинг умумий нархи қарийб 30 минг сўмни ташкил қилади.

Озодлик суҳбатлашган таҳлилчиларга кўра, ҳукумат истеъмол меъёрларига оид тавсия билан бир қаторда истеъмол савати тўғрисида ҳам бош қотириши керак.

Ўтган йил ёзида президент Мирзиёев ҳукуматга 2020 йил 1 октябригача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганди.

Яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси президентнинг 2018 ва 2019 йилларда парламентга қилган мурожаатномаларида ҳам тилга олинганди.

Расмийлар истеъмол саватчасини белгилашдаги қийинчиликлардан биттаси бюджет харажатлари билан боғлиқлигини айтишган.

XS
SM
MD
LG