Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

"Қамоқда калтакланган". Ҳуқуқ фаоллари собиқ ўзбек дипломати тақдиридан хавотирда


Жосусликда айбланиб маҳкум этилган Қодир Юсупов шифохонада ўз жонига қасд қилишга уринган.
Жосусликда айбланиб маҳкум этилган Қодир Юсупов шифохонада ўз жонига қасд қилишга уринган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти собиқ ўзбек дипломати Қодир Юсупов қамоқхонада калтаклангани ва тиббий ёрдамсиз қолдирилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг унинг аҳволидан ташвишда эканини билдирди.

Қодир Юсупов ҳозирда Навоий шаҳридаги 4-сонли колонияда сақланмоқда. Собиқ дипломат давлатга хиёнат қилганликда айбланиб, 2020 йил январдаги ёпиқ суд мажлисида чиқарилган ҳукмга кўра, 5.5 йиллик қамоқ муддатини ўтамоқда.

69 ёшли Юсупов шизофрения касаллигига чалинган бўлиб, унинг айбини тан олиши ва суд жараёни билан боғлиқ жиҳатлар оиласи ва халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари тарафидан шубҳа остига олинган.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси (AHRCA) маълум қилишича, Юсупов бир маҳкум устидан шикоят қилгани учун 2021 йил сентябрь ва октябрь ойларида у томонидан икки марта калтакланган, ўша маҳкум “ўч олиш мақсадида уни барчанинг кўз ўнгида шафқатсизларча дўппослагани" айтилмоқда.

Хабарларга кўра, Юсуповнинг мияси чайқалиб, бадани моматалоқ бўлиб кетган.

Ўғли Бобурнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, отасини текширган шифокор унга мия чайқалганини исботловчи ҳолатлар йўқлигини айтган, гарчи собиқ дипломат ўша ҳужумдан бери бош оғриғидан азият чекиб келади.

Калтаклар зарбидан Қодир Юсуповнинг икки тиши тўкилган, бироқ қамоқхона маъмурияти унинг стоматология шифохонасига боришига рухсат бермаган.

Юсупов узоқ йиллар дипломат бўлиб хизмат қилган, Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Венгрия, Словакия ва Австриядаги, шунингдек қароргоҳи Венада жойлашган халқаро ташкилотлар, жумладан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги (ЕХҲТ) дипломатик миссияларида ишлаган. 2009 йилда нафақага чиққан.

2018 йил 3 декабрь куни эрталаб Юсупов ўзини ўлдиришга уринган – Тошкент метрополитени станцияларидан бирида поезд яқинлашиб қолган пайтда рельслар устига сакраб тушган. Уни касалхонага элтиб, тиббий ёрдам кўрсатганлар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар юз берган воқеани оқшом вақтига қадар оиласига билдирмаган.

Қариндошлари билан изма-из Юсупов ётган касалхонага Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари етиб боришган.

“Инсон ҳақлари кўп маротаба бузилган иш”

Юсупов қовурғалари синган, мияси чайқалган ҳолда касалхона тўшагида ётаркан, махсус хизматнинг икки ходими қариндошлари иштирокисиз уни сўроқ қилган. Бир соатлардан кейин улар палатадан чиқиб, Юсуповнинг қариндошларига у Ғарб фойдасига жосуслик қилганини тан олганини айтганлар.

10 декабрь куни ДХХ ходимлари касалхонага келишган ва қариндошларига хабар бермасдан Юсуповни қамоққа олишган.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти баёнотида шундай дейилган эди: “Ишни юритган хавфсизлик хизмати ходимлари Юсупов қамоққа олинганидан сўнг адвокати ва оила- аъзоларига қарийб беш ой давомида у билан учрашишга рухсат бермаган, шунингдек адвокатидан воз кечиши учун Юсуповга тазйиқ ўтказишган”.

Адвокат ниҳоят Юсупов билан учрашишга муваффақ бўлганида эса уни иш материалларини ошкор қилмаслик ҳақидаги конфиденциал ҳужжатга имзо чекишга мажбур этганлар.

HRWнинг қўшимча қилишича, “2018 йил декабрдан 2019 йилнинг март ойи охиригача ДХХнинг икки ходими унинг камерасига кунда икки-уч марта кириб, агар айбига иқрор бўлмаса, уни резина таёқ билан зўрлаш, хотини ва қизининг номусига тажовуз қилиш, икки ўғлини, жумладан чет элда яшовчи ўғлини ҳам мамлакатга олиб келиб, қамоққа олиш билан унга таҳдид қилишган”, дея қўшимча қилади.

Францияда рўйхатга олинган AHRCA ташкилоти Юсупов қамоқхонада Навоий вилояти прокурорига иккита шикоят аризаси ёзганини маълум қилди. Бири – унга маҳбус ҳужум қилгани муносабати билан 17 октябрда, иккинчиси эса 29 октябрда битилган.

AHRCAга кўра, биринчи шикоятни қамоқхона маъмурияти прокуратурага юборгани ёки юбормагани маълум эмас.

“Жисмоний ва руҳий аҳволи ёмонлиги яққол кўриниб турган, жиноят иши юритувида инсон ҳуқуқлари кўп марталаб бузилган 69 ёшли одамнинг нораво шарт-шароитда бу қадар узоқ сақланиши ва уни озод этишга чақириқлар ортидан қамоқхонада зўравонларча муомала-муносабатга дучор этилиши бизни хавотирга солмоқда”, дейди ҳуқуқбон ва Жанубий Калифорния университети доценти, Марказий Осиё бўйича кўп йиллик иш тажрибасига эга Стив Свердлов.

2020 йилда Юсупов барча маҳкумлар учун меҳнат шароитини яхшилашни, шунингдек хоҳловчиларга Рамазон рўзасини тутишга рухсат беришни илтимос қилган.

Шундан сўнг қамоқхона ходимлари Юсуповни алоҳида хонага (AHRCA таъбирича, карцерга) ўтказиб, “икки ҳафта якка ўзини қамаб қўйганлар”.

Бобур Юсупов Навоийдаги қамоқхонанинг бир кишилик камералари иккига бир ярим метр ўлчамли бўлиб, сичқон, бурга ва бошқа зараркунандаларга тўла эканини айтади.

Бобур кундуз кунлари соқчилар отасининг матрасини олиб қўйишганини, у ёта олмаганини айтади.

Юсупов иши АҚШ халқаро диний эркинлик комиссиясининг (USCIRF) яқинда эълон қилинган ҳисоботида ҳам тилга олинди.

Стив Свердлов ёзган мазкур ҳисоботда “сиёсий сабабларга кўра ватанга хиёнатда айбланган собиқ дипломат Қодир Юсуповни қамоқда сақлашда давом этиш”га зарурат борлиги шубҳа остига олинади, шунингдек у “диний тутқун” саналиши ва тақдири хавотир уйғотаётганлиги айтилади.

“Юсупов диний сабабларга кўра қамалган бўлмаса-да, ўз диндошларининг Рамазон ойи вақтида рўза тутиш ҳуқуқига эгалиги масаласини кўтариб чиқишга журъат этгани учун қамоқхона маъмурияти ундан ўч олди. Бунинг учун уни шафқатсизлик билан яккалик камерага тиқишди”, деб ёзади Свердлов.

“Янги тубанлик”

2021 йил май ойида Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Юсупов иши юзасидан ўз хулосасини эълон қиларкан, у адолатли суд муҳокамаси ҳуқуқидан маҳрум қилинганини ва тергов даврида ҳам адолатсиз ҳибсда тутилганини таъкидлади.

Комиссиянинг 2021 йил 4 июнь куни эълон қилинган хулосасида эса Юсуповни қўлга олиш, ҳибсда тутиш ва суд қилиш жараёнида кўпдан-кўп қонунбузарликларга йўл қўйилгани айтилади.

"Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган". Мирзиёевнинг VIP маҳкумлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:30 0:00

Хулосада Ўзбекистон ҳукумати “жаноб Юсуповнинг озодликка чиқишини таъминлаш учун ошиғич чоралар кўриш” ва “унинг ҳуқуқлари бузилишига жавобгар шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш”га чақирилган.

Аммо бу чақирувдан бирор наф бўлиши эҳтимоли жуда кам.

Қамоқдаги Юсуповнинг аҳволи тобора қайғули тус олиб, воқеалар Ўзбекистон учун жуда таниш суратда ривожланаётир.

Юсупов меҳнат шароитини яхшилашни ва маҳкумларнинг Рамазон рўзасини тутишларига рухсат беришни илтимос қилиши ортидан унинг манзил колонияга кўчиришни сўраб ёзган илтимосномаси қамоқхона маъмурияти томонидан рад этилди.

Унинг 2021 йил март ойида берган иккинчи илтимосномаси ҳам рад этилди: расмий сабаб, AHRCA маълумотига кўра, Юсуповнинг “белгиланмаган вақтда” қамоқхонадан уйига қўнғироқ қилганидир.

2021 йил октябрда расмийлар, олдинги рад этиш сабаби ҳамон ўз кучида қолаётганини айтиб, унинг учинчи илтимосномасини ҳам рад этишди.

Хабар қилинишича, қамоқхона мулозимларидан бири Юсуповга илтимоснома беришни бас қилиши кераклигини, чунки унинг манзил колонияга кўчирилиши даргумонлигини айтибди.

Бобур Юсупов қамоқхона маъмурияти қариндошлар ва адвокат Аллан Пашковскийлар билан фақат умумий учрашувга рухсат бераётганини билдирган. Бу – оила ва адвокат учрашув вақтини бўлишишга мажбур бўлади, деганидир.

Бобур қўшимча қилишича, қамоқхона маъмурияти отасининг ўз ҳимоячиси Пашковский билан телефон орқали сўзлашишига имкон бермай келмоқда.

“Қодир Юсуповни зудлик билан ва ҳеч бир шартларсиз озод этишга чорлаётган ташкилотлар сони йил сайин ортмоқда, рўйхатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир неча тузилмаси ҳам бор. Аммо бу янги бир жирканч воқеа – янги тубанликдир”, дейди Стив Свердлов.

XS
SM
MD
LG