Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:56

ИИВ академияси ўқитувчилари: "сохта спортчилар" имтиёз асосида ўқишга қабул қилинди


Ички ишлар академияси ҳовлиси
Ички ишлар академияси ҳовлиси

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академияси икки ўқитувчисининг иддао қилишича, ушбу ўқув юрти қабул комиссияси "айрим аъзоларинининг ноқонуний уринишлари" билан 2019-2020 ўқув йили учун имтиёзли асосда қабул қилинган 30 спортчининг камида 7 нафари "сохта спортчи"дир.

Бу ҳақда Озодликка Академиянинг икки ўқитувчиси таъқибга учрашидан қўрқиб, исмларини сир сақлаш ва овозларини ўзгартириш шарти билан гапирди.

Академия котибияти ходими Озодликка мазкур масала бўйича Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига боғланиш зарурлигини айтиш билан чекланди.

Имтиёзли номзодлар

Бу йил Ўзбекистон Ички ишлар Академиясига ҳужжат топширган 6000 дан зиёд абитурентдан жами 637 нафари ўқишга кирди.

Улардан 600 нафари махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат асосида, 37 нафари эса, давлат комиссияси қарорига мувофиқ, якка тартибдаги якуний суҳбатларсиз, имтиёзли асосда қабул қилинди.

Имтиёзли асосда қабул қилинган 37 номзоднинг (Озодликда рўйхати бор) 5 нафари бу йилдан “Темурбеклар мактаби” номини олган ҳарбий лицейлар битирувчилари, 2 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотини олган иқтидорли қизлар ҳамда 30 нафари республика ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорларидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 декабрдаги ИИВ Академиясига ўқишга қабул қилиш низомини тасдиқлаш ҳақидаги 958-сонли қарорига мувофиқ, Халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари ва совриндорлари “якка тартибдаги якуний суҳбатларсиз ўқишга қабул қилинадилар”.


"Сохта спортчилар"

Озодлик суҳбатлашган Академия ўқитувчилари ўқишга қабул қилинган 30 нафар спортчининг ҳаммаси ҳам амалда спортчи эмаслигига ё бўлмаса улар эгаллаган спорт турлари Олимпия спорт турларига кирмаслигига эътибор қаратдилар.

- Баъзи бир спорт турлари Олимпия спорт турларига кирмайди. Мана булар: армрестлинг, пенчак силат, жит кун до, жиу житсу, комбат айкидо кабилар Олимпия спорт турларига умуман мувофиқ келмаслигини кўришимиз мумкин. Лекин, энг ачинарлиси шундаки, баъзи бир номзодлар умуман бу спорт турлари билан шуғулланмаганлигини ва бу спортга умуман алоқадор эмаслигини кўришимиз мумкин, деди Академия ўқитувчиси.

У ўз ҳамкасби билан икки ҳафта давомида имтиёзли номзодлар рўйхатини спорт қўмиталари ўтказган турнирлар ғолиблари рўйхати ва расмий спорт вебсайтларда келтирилган маълумотлар билан солиштириб чиққанликларини билдирди.

Озодликнинг иккинчи суҳбатдоши даъвосига кўра, рўйхатга армрестлинг бўйича халқаро мукофот совриндорлари сифатида киритилган 4 нафаридан фақат 1 бир нафари 2018 йилда бўлиб ўтган Жаҳон ва Осиё чемпионатларида учинчи ўринни олган холос.

Озодлик, Академия ўқитувчисининг айтганларини текширар экан, 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида армрестлинг бўйича 2018 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Академияга ўқишга қабул қилинган фақат бир талаба бронза медалига сазовор бўлганини аниқлади.

Академия ўқитувчисига кўра, самбо бўйича 2018 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб сифатида имтиёзлилар рўйхатига киритилган 5 номзоддан бири чемпионатда умуман иштирок этмаган.

Коррупция иддаолари

Озодлик суҳбатлашган Академия ўқитувчилари Қабул комиссиясининг айрим аъзоларини порахўрликда айблади.

Ўқитувчилар ўзлари порахўрликда айблаётган комиссия аъзолари исмларини ҳам келтирди.

Аммо Озодлик, айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб, улар айблаган Академия мулозимлари исмларини ошкор этмайди.

Озодлик Академия ўқитувчиларининг иддаоларини ​мустақил манбалар орқали тасдиқлата олгани йўқ.

Шунингдек, Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академиясининг қабул комиссиясидан муносабат ололмади, хусусан, тилга олинган комиссия аъзолари билан боғлана олмади.

Академия котибияти ходими Озодликка мазкур масала бўйича Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига боғланиш зарурлигини айтди.

Аммо Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бошқармаси ўзининг Телеграм каналида 18 июль куни аккредитациядан ўтмаган хориж оммавий ахборот воситалари хабарларига муносабат билдирмаслигини маълум қилган.

2018 йилда ҳам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бошқа бир ўқитувчиси ўқув юрти қабул комиссияси аъзоларини 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари пайтида турли ҳийлалардан фойдаланганликда ва порахўрликда айблаб чиққанди.

XS
SM
MD
LG