Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:21

Америкада тутқаноқни даволаш учун нашадан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин


Марихуана ўсимлиги
Марихуана ўсимлиги

АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (Food and Drug Administration, FDA) эксперт гуруҳи тутқаноқнинг оз учрайдиган турларини даволаш учун нашадан олинган доридан фойдаланишга рухсат беришни тавсия қилди.

Агар ташкилот гуруҳ тавсиясига амал қилса, Epidiolex дориси федерал идора маъқуллаган наша ўсимлигидан тайёрланадиган илк дори бўлади.

Epidiolex препарати каннабидиол кимёвий бирикмасидан тайёрланади. Бу бирикма наша ўсимлигида мажвуд бўлган 100 дан ошиқ бирикманинг биридир.

Дори Драве синдроми, Леннокс-Гасто синдроми, эпилойя ҳамда болалар тутқаноғи каби эрта бошланадиган кучли эпилепсияси синдромларига қарши восита ўлароқ ишлаб чиқилган. Бу хасталиклар одатда ёш болаларда учрайди ва кучли спазмаларга сабаб бўлади.

Scientific American журналида ёзилишича, 1 миллионга яқин одам бошқариб бўлмайдиган тутқаноқдан азият чекади. Аммо ҳозирда бу симптомларни бошқариш учун дори йўқ.

Epidiolex дориси таҳлилига бағишланган йиғинда 16 ёшли калифорниялик Сам Фогельштейн:

- 10 йил давомида тутқаноқ билан яшадим. ... Бир кунда 100 марта эпилепсия тутиб қолган кунлар ҳам бўлган, - деди.

Фогельштейн икки йил аввал Epidiolex препаратини ича бошлаганини, шу кунгача бирор марта тутқаноғи тутмаганини айтар экан, дори унинг ҳаётини ўзгартирганини қўшимча қилди.

Ҳозирги кунда АҚШнинг бир неча штатида айрим касалликларни даволашда наша қўлланиш мумкин. Аммо Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси ўсимликдан тиббий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон рухсат бермаган. Агар ташкилот экспертлар гуруҳи тавсиясига амал қилса, АҚШ тарихида илк маротаба нашадан тайёрланган дорига федерал миқёсда рухсат берилган бўлади.

Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси Epidiolex препаратини маъқуллайдиган бўлса, ундан фақат тутқаноғи бор беморларни даволашда фойдаланиш мумкин бўлади. Аммо шифохоналарга доридан бошқа тиббий мақсадларда фойдаланишга ҳам рухсат берилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG