Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2021, Тошкент вақти: 02:32

Дунёдаги энг сўнгги уч каркидоннинг эркаги ўлди, иккита урғочиси қолди


Кения. Дунёдаги энг сўнгги эркак каркидон Судан. 2017 йилнинг 18 июнида олинган сурат.

Кенияда Судан деган ном берилган Шимолий оқ каркидоннинг дунёдаги сўнгги эркак вакили ўлди. 45 йил яшаган Судан шимолий оқ каркидонлар кенжа турини сақлаб қолиш учун курашнинг рамзига айланган эди.

Жонивор 1973 йил Жанубий Суданда туғилган пайтда мазкур кенжа тур вакилларининг умумий сони тақрибан 700 бош бўлган.

Эндиликда дунёда ушбу кенжа турнинг фақат иккита урғочи вакили қолди. Олимлар эса, турни сақлаб қолиш учун сунъий қочириш амалиёти етарлича ривожланишига умид боғлаган эди.

45 йил яшаган Суданнинг соғлиғи кейинги пайтларда ёмонлашиб қолган эди. «Ол Пажета» қўриқхонаси расмийлари «Сўнгги 24 соат ичида унинг аҳволи анча оғирлашди. Ўрнидан тура олмади ва жуда қийналди. Ветеринарлар уни эвтаназия қилишга қарор қилди», деб билдирди.

Судан умрининг охирги йилларида марказий Кенияда 36,4 минг гектарли саваннада икки урғочи каркидон билан яшаган.

Каркидонлар жуда катта жониворлар бўлгани учун табиатда уларга йиртқич ҳайвонлар таҳдид сололмайди.

Аммо каркидон шохи анъанавий хитой тиббиётида ҳамда Яманда ханжар дастаси ясашда кенг қўлланилгани учун 1970-80 йилларда браконьерлар Уганда, Марказий Африка Республикаси, Судан ҳамда Чадда яшаган каркидонларни қириб ташлади.

Конго Демократик Республикасида қолган, 20-30 бошли сўнгги ёввойи тўда эса, 1990-2000 - йиллардаги уруш давомида қирғинга учради. 2008 йилга келиб, Шимолий оқ каркидон табиатда тухуми қуриб кетган ҳайвонлар сафига киритилди.

Замонавий каркидонлар Ер юзида 26 миллион йилдан бери яшаб келади. XIX асрда Африкада бир миллиондан ошиқ каркидон бўлган. 2011 йилда Ғарбий қора каркидон қирилиб кетган ҳайвонлар сафига киритилганди.

1970- йиллар охирида Судан Чехияга, ҳайвонот боғига олиб кетилган. Боғда ундан икки бола туғилган бўлиб, улар ҳозирда яшаётган икки урғочи каркидондир.

2009 йилда Судан яна бир эркак каркидон ва икки урғочи каркидон билан Кениядаги қўриқхонага юборилган. Аммо урғочи каркидонларни қочиришга қараталган ҳаракатлар натижа бермаган. Иккинчи эркак каркидон 2014 йили ўлган.

Аммо, олимлар Суданнинг генларини сақлаб қолган. Ҳозирда улар сунъий қочириш амалиётини бажариш устида бош қотирмоқда.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG