Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2018, Тошкент вақти: 13:56

Саҳрои Кабирда ёши 1,1 миллиард йиллик бўёқлар топилди


Австралиялик олимлар Саҳрои Кабирда дунёдаги энг кўҳна биологик бўёқларни топди. Олимлар фикрича, бу топилма Ер юзида мураккаб жонзотлар нима учун яқиндагина юзага келганини англашга ёрдам беради. Бу ҳақда New Straits Times сайти хабар қилди.

Сайтнинг Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган мақолага таяниб ёзишича, топилган пигментлар бундан тақрибан 1,1 миллиард йил олдин содда микроскопик организмлар томонидан ишлаб чиқилган пушти пигментлар бўлиб, уларнинг ёши шу кунгача топилган энг эски пигментлардан 500 миллион йилга каттадир.

Австралия Миллий университетининг тадқиқотчиси Йохен Брокс янги аниқланган қадимий пигментларнинг ёши тираннозаврлар ёшидан 15 маротаба катта эканлигини айтди.

Ер сайёраси тахминан бундан 4,5 миллиард йил муқаддам пайдо бўлган. Олимларнинг айтишича, Саҳрои Кабирда аниқланган пигментлар нима учун сайёрамизда мураккаб ўсимликлар ва жониворлар яқин ўтмишда – бундан атиги 600 миллион йил олдин юзага келганини аниқлашга ёрдам беради.

Бундан олдинги илмий ишларда кислород кўламининг оз бўлгани мураккаб жонзотлар эволюциясига тўсқинлик қилган, дея хулоса қилинган. Аммо цианобактериялар (эски номи кўк-яшил сув ўтлари) бундан 1,1 миллиард йил олдин мавжуд бўлгани улар сув ўтларини сиқиб чиқарганини кўрсатади.

Брокс AFP агентлиги билан суҳбатда:

- Сув ўтлари, микроскопик бўлса-да, цианобактериялардан минглаб марта катта ҳажмга эга ва анча бой озуқа манбаи ҳисобланади, - деди.

Цианобактериялар океанлари тахминан 650 миллион йил олдин йўқ бўла бошлаган. Ўшанда сув ўтлари тез суръатда кўпайиб, Ерда йирик жониворлар, жумладан, одамлар кўпайишига шароит яратувчи комплекс экотизимлар эволюцияси учун лозим бўлган энергияни таъминлай бошлаган.

Қадимий пигментлар нефть ширкати Ғарбий Африкада қазиб олинган тошларни лабораторияга юбориши ортидан тасодифан аниқланган.

Қадимий пигментлар ёруғлик энергиясини органик моддаларнинг кимёвий энергиясига айлантирувчи хлорофилларнинг тошга айланган қолдиқлари шаклида сақланиб қолган.

XS
SM
MD
LG