Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Ироқлик курдлар Бағдод таҳдидига қарамай мустақиллик учун овоз бермоқда


Ироқнинг Курдистон мухтор минтақаси сайловчилари мустақиллик референдумида овоз бермоқда. Расмий Бағдод эса мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш учун курашиши ва нефть сотувидан тушаётган даромад ажратмаларини қисқартиришини айтиб таҳдид қилмоқда.

Курдистон минтақаси ҳукумати (КВҲ) раҳбари Маъсуд Барзоний 25 сентябрь куни ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга бўлмаган референдум мустақиллик учун узоқ муддатли музокараларнинг дастлабки босқичидир, деди. Ушбу минтақа 1991 йилдан бери мухторият мақомига эга ва Ироқдаги исломий экстремистларга қарши урушга кўп ҳисса қўшди.

Эрталаб соат 8 дан бошлаб рўйхатдан ўтган 5,3 миллион сайловчи овоз бериши учун 12 мингга яқин сайлов участкаси очилди. Овоз бериш кабиналарининг 12 соат очиқ туриши режалаштирилмоқда.

Референдум дастлабки натижаларининг овоз берилганидан 24 соат ўтиб маълум қилиниши кутилмоқда. Лекин унда асосий кўпчиликнинг “Ҳа” деб овоз беришига деярли ҳеч қим шубҳа қилмаяпти.

Маъсуд Барзоний ҳуқуқий қимматга эга бўлмаса-да¸ бу референдум Бағдод билан музокараларга асос бўлишига умид қилмоқда:

- Референдумдан мақсад чегараларни белгилаб олиш ёки бирор жойда қарор топган ҳолатни бировга тиқиштириш эмас. Биз референдумдан сўнг Бағдод билан батафсил мулоқот жараёнини бошлашга тайёр бўламиз¸ деди минтақа ҳукумати раҳбари жумладан.

БМТ билан Ғарб мамлакатлари хавотири

БМТ, АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатлари ушбу референдумнинг "Ислом давлати" (ИД) экстремистик гуруҳига қарши урушдан чалғитиши ва баҳсли ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаришидан хавотир билдирди.

Шунингдек, референдумга шиалар кўпчиликни ташкил қилувчи Ироқ ҳукумати, қўшни Туркия ва Эрон ҳам қарши чиқмоқда. Туркия ва Эрон мустақиллик референдуми ўз ҳудудидаги курдлар орасида ҳам сепаратчилик кайдиятини кучайтириб юборишидан чўчимоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги 25 сентябрь куни тарқатган баëнотда, Ироқ Курдистонида ўтказилаётган референдум Туркия миллий хавфсизлигига таҳдид қиладиган бўлса, халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, “барча чоралар” кўрилиши айтилди.

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абодий 24 сентябрь куни телевидение орқали мурожаатида референдумни “конституция ва фуқаролар тинчлигига зид” деб атади:

-Курд биродарларимиз бир нарсани аниқ билиб олиши керак: Ироқ Курдистонидаги муаммоларнинг аксарияти ички муаммолардир, уларга расмий Бағдоднинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бинобарин, Ироқдан ажралиб чиқиш даъватлари уларни муракаблаштиради. Курдистон минтақасидаги коррупция ва хўжасизлик оқибатида юзага келган иқтисодий ва молиявий қийинчиликлар чуқурлашади. Мен бу гапларни курдларга қарата айтаяпман: ўз минтақангиз раҳбарларидан нефть сотувидан келаётган пул қаёққа кетаятпи, деб сўраб кўринг”¸ деди Бағдод ҳукумати раҳбари.

Ал-Абодий девони тарқатган баёнотда айтилишича, Ироқ ҳукумати Курдистон ҳукумати олдига халқаро чегара постлари ва аэропортлар назоратини маркази ҳокимият идораларига топшириш талабини қўйди.

Анқара “бошбошдоқлик”дан огоҳлантирмоқда

Айни пайтда Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Кайвон Хусравий ўз мамлакати Ироқ ҳукумати илтимосига кўра Курдистон минтақаси билан барча халқаро парвозларни тўхтатганини маълум қилди.

Туркия президенти Тойиб Эрдўғон Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали референдум масаласини муҳокама қилгани ва у минтақада “бошбошдоқликни келтириб чиқариши” мумкинлигидан хавотир билдирганини айтди.

Барзоний халқаро ҳамжамиятнинг Курдистон мустақиллигига кескин қаршилиги референдумдан сўнг “узоқ давом этмаслиги”га умид қилаётганини билдирди.

У референдум минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигини истисно қилди ва минтақадаги чегараларни қайта қўриб чиқишни даъво қилмасликка ваъда берди.

Ироқ курдлари етакчилари референдум расман Курдистон ярим мухтор минтақаси деб аталадиган учта вилоят - Даҳук, Ирбил, Сулаймония ва айрим қўшни ҳудудларда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Ушбу ҳудудларга нефтга бой Киркук, Махмур, Ханақин ва Синжар шаҳарлари киради. Курдлардан таркиб топган Пешмерга жангчилари 2014 йили Ироқнинг аксарият қисмини босиб олган ИД жангариларига қарши жангларда бу ҳудудларни ўз назоратига олган эди.

XS
SM
MD
LG