Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2024, Тошкент вақти: 06:02

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

15:05 18.1.2024

Германия Халқаро суднинг Исроилга нисбатан жараёнида учинчи томон сифатида қатнашади

Германия БМТ Халқаро судининг Исроил Ғазо аҳолисини геноцид қилгани юзасидан билдирилган айблов бўйича жараёнида учинчи томон сифатида иштирок этади. Даъво аризасини судга 29 декабрда Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) киритган эди. Суд 11 январда бошланган.

ЖАР Исроилни 1948 йилда қабул қилинган геноциднинг олдини олиш ва жазолашга оид халқаро конвенцияни бузганликда айбламоқда.

“Немис тўлқини” радиосининг хабар беришича, Германия ҳукумати 12 январда бу ишда иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Конвенция халқаро ҳужжат бўлгани ортидан уни имзолаган ҳар қандай давлат конвенция матнини талқин қилиш бўйича мунозараларда иштирок эта олади.

2022 йил апрелидаги маълумотга қараганда, конвенцияни 153 давлат имзолаган ва ратификация қилган. Улар орасида ЖАР, Исроил ва Германия ҳам бор.

Германия ҳукумати Исроилга нисбатан билдирилган айбловни асоссиз деб ҳисоблаши тўғрисида баёнот берди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Берлинга қўллов учун миннатдорчилик билдирди. Намибия эса Германия ҳукуматини кескин танқид қилди.

Ҳозирги кунда Бангладеш ва Иордания ҳам мазкур жараёнда иштирок этишини маълум қилди. Улар ЖАР билдирган айбловни қўллаб-қувватламоқда.

“Немис тўлқини”нинг хабар беришича, бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкин бўлган мазкур жараёнда учинчи томон сифатида иштирок этиш учун камида яна 30 давлат ариза бериши мумкин. Бу мамлакатларнинг асосий қисми ЖАР позициясини қувватлаши таҳмин қилинмоқда.

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 2023 йилнинг 7 октябрида Исроилга Холокост давридан бери илк маротаба энг кўп қурбон келтирган ҳужумни амалга оширган эди.

Исроил ҳукумати бунга жавобан 1973 йилдан бери илк маротаба ҳарбий ҳолат жорий этди ва Ғазо бўлгасида ҲАМАСга қарши уруш бошлади.

Ғарб давлатлари, Украина, Қозоғистон, Ҳиндистон, Сингапур, Япония ҲАМАС ҳужумини қоралади.

2023 йилнинг 31 октябрида ўтган ҳукумат мажлисида Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини ва БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам учун 1,5 миллион доллар ажратилишини билдирганди.

Деярли барча араб ва мусулмон давлатлари Исроилни айбламоқда. Бу давлатлар нуқтаи назарича Исроил Фаластин ҳудудларини оккупация қилгани ҲАМАС ҳужумига сабаб бўлган.

10:47 16.1.2024

ҲАМАС исроилликларга гаровда ўлдирилган икки кишининг жасадини кўрсатди

АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС 15 январда гаровда ушлаб турилганлардан икки киши ўлдирилганини маълум қилди ва уларнинг жасадлари акс этган видеони тарқатди. Аввалроқ ҲАМАС Исроил Ғазони бомбардимон қилишни тўхтатмаса, гаровдагилар ўлдирилиши тўғрисида баёнот берганди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, видеода 53 ёшли Иосси Шараби ва 38 ёшли Итаи Свирскининг жасадлари кўрсатилган. Улар 14 январда тарқатилган видеода тирик эдилар. ҲАМАС баёнотида айтилишича, улар (иқтибос) “Исроил армияси зарбалари оқибатида ўлган”.

Исроил Мудофаа вазирлиги ҲАМАСни руҳий босим кўрсатишда айблади.

Видеода кўрсатилган исроилликлар ҲАМАС 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум қилган пайтда гаровга олинган 240 киши орасида эди.

Гаровга олинганларнинг деярли ярми ўтган йилнинг ноябрида эришилган қисқа муддатли оташкесим пайтида озод этилган. Исроил яна 132 киши гаровда қолаётганини, гаровдагилардан 25 киши ҲАМАС қўлида ҳалок бўлганини билдирди.

10:44 16.1.2024

Ҳусийлар Қизил денгизда АҚШ савдо кемасига ҳужум қилди

Яманда 15 январь куни хусийлар Маршалл ороллари байроғи остида Қизил денгизда сузаётган АҚШнинг Gibraltar Eagle танкерига баллистик ракета билан ҳужум қилди.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кема жиддий зарар кўрмаганини ва йўлида давом этганини маълум қилди.

Ал Жазира телеканалининг хабар беришича, ҳусийлар АҚШ кемасига ҳужум қилганликларини тасдиқлаган.

Эрон томонидан дастакланаётган ҳусийлар сўнгги бир ярим ойдан бери Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бунга жавобан 12 ва 13 январь кунлари АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусий шиа исёнчиларининг позицияларига зарба берди.

Би-би-сининг хабар беришича, Худейда шаҳри Саада вилоятидаги Кахлан ҳарбий базаси, Ал Дайламий авиабазаси, Аббс шаҳридаги аэродром бомбардимон қилинган.

Президент Байден ўз баёнотида бу ҳарбий амалиётни ҳусийларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига «мисли кўрилмаган даражада қилган ҳужумларига жавоб» деб атади.

Яманнинг катта қисмини назорат қилаётган ҳусий шиа қуролли гуруҳлари АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ҲАМАСни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужу қилмоқда. Бу ҳужумлар халқаро савдога салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб денгиз савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар бу йўналишдаги қатновларни тўхтатдилар.

Ҳусийлар лидери Абдул Малик ал Хутий АҚШнинг ҳужумлари «жавобсиз қолмаслиги” тўғрисида баёнот берди.

12:02 15.1.2024

Нетаняҳу: Ғазонинг Миср билан чегарасини назоратга олмагунимизча ҲАМАС билан уруш тугамайди

Исроил Ғазо бўлгасининг Миср билан чегарасини ўз назоратига олмагунича, АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС билан урушни якунлай олмайди, деб баёнот берди бош вазир Бинямин Нетаняҳу.

The Times of Israel газетасининг ёзишича, Нетеняҳу бўлгани демилитаризациялашнинг ягона йўли Ғазо-Миср чегарасини Исроил назорати остига ўтказиш, деб ҳисоблайди.

Нетаняҳуга кўра, ҲАМАСни йўқ қилиш мумкин, аммо яхши қўриқланмайдиган чегарадан Ғазога яна қурол ва жангарилар ўтиб келаверади.

The Wall Street Journal Исроил Мисрни Ғазо бўлгаси билан 14 километрлик чегарасини ўз назоратига олиш режаси мавжудлигидан огоҳлантиргани ҳақида хабар берди. Ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилинган эмас ва масала Қоҳира билан музокаралар натижасига қараб ҳал этилади.

14 январь куни ҲАМАС Исроил жанубига ҳужум қилганига юз кун бўлди. Ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС ҳужумидан 1200 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС камида 200 кишини, жумладан, болаларни гаровга олган. Улардан 105 нафари Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги вақтинчалик оташкесим келишувига асосан озод қилинган. Исроил ҳозирла яна 136 киши ҲАМАС гаровида қолаётганини билдирган. Уларнинг тақдири номаълум.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳужумлари оқибатида 23 минг фаластинлик ҳалок бўлганини билдирди. Уларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир. Мустақил манбалардан бу маълумотни тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG