Линклар

Шошилинч хабар
17 июн 2024, Тошкент вақти: 14:29

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

01:17 8.10.2023

Шанба куни эрта тонгда Ғазо бўлгасини назорат қилувчи Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

Бирданига бир неча ерда Исроилнинг чегара нуқталарига ҳужумлар уюштирилди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Бир вақтнинг ўзида Исроил ҳудудида бўйлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

Сўнгги хабарларга кўра, камида 200 исроиллик ҳалок бўлган, 1000 дан ортиқ одам яраланган.

Исроилликлар гаровга олинган, улар орасида ҲАМАСнинг билдиришича, ўнлаб Исроил ҳарбийлари ҳам бор.

Исроилда расман уруш ҳолати ва фавқулодда вазият эълон қилинди. Исроил армияси “Темир қиличлар” амалиётини бошлаб, Ғазо бўлгасига қарата жавоб зарбалари йўлламоқда. Исроилнинг ўнлаб ҳарбийлари ва тинч фуқаролари ўлдирилган ва гаровга олинган, юзлаб ярадорлар бор.

ҲАМАС жангарилари Исроилнинг чегара шаҳарларига кириб олганлар: уруш бошланганидан бери орадан 7 соатдан кўп вақт ўтган бўлса-да, Исроил биронта ҳам йирик аҳоли маскани, жумладан Сдерот шаҳрини қайтадан тўлиқ назоратга олгани йўқ. Ғазо ҳудудидан бўлган босқин 1973 йилги Қиёмат куни урушига 50 йил тўлган кунга тўғри келди.

01:27 8.10.2023

Президент Жо Байден.
Президент Жо Байден.

Ғарб давлатлари ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қораламоқда. Туркия ва Россия томонларни босиқликка чақирди

Президент Байден Қўшма Штатлар Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлашини билдирди.

У Бош вазир Бенямин Нетаньяху билан телефонда суҳбатлашгани ва Исроил халқи ва ҳукуматиги дастаклаш учун барча зарур воситаларни тақдим қилишларини айтди.

"Қўшма Штатлар Ғазодаги ҲАМАС террорчилари томонидан Исроилга қилинган бу даҳшатли ҳужумни сўзсиз қоралайди", дейилади президент Байденнинг баёнотида.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррел, Брюссел Исроилда бўлаётган воқеаларни хавотир билан кузатиб турганини айтди. “Биз ҲАМАС ҳужумини мутлақо қоралаймиз”, деб ёзди Боррел Twitter'да. Мулозим ЕИ номидан Исроил билан бирдамлигини билдирди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ғазо бўлгаси томондан Исроилга бўлган ҳужумни қоралаб, тинч аҳолига нисбатан зўравонликларни дарҳол бас қилишга чақирди. “Биз тамомила Исроил билан бирдаммиз”, урғулади Бербок.

“Буюк Британия ҲАМАСнинг Исроил фуқароларига даҳшатлиҳужумларини сўзсиз қоралайди. Буюк Британия Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳамиша қўллаб-қувватлайди”, деб ёзди Twitter'да Буюк Британия ТИВ раҳбари Жеймс Клеверли.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Россия ТИВ қуролли можаро тарафларини босиқликка чақирди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова можарони фақат сиёсий-дипломатик воситалар билан бартараф этиш мумкинлигини таъкидлади.

01:32 8.10.2023

Зеленский исроилликларга ҳамдардлик билдирди

Президент Владимир Зеленский.
Президент Владимир Зеленский.

Украина президенти Владимир Зеленский исроилликлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

“Дунёнинг ҳеч қаерида террорга ҳеч бир имконият бермаслик керак, зеро террор шунчаки бир мамлакат ёки муайян қурбонларга қарши эмас, балки инсонийликка ва сиз билан биз яшаётган бутун оламга қарши жиноятдир”, деб ёзди Зеленский Telegram'да.

01:35 8.10.2023

Маҳмуд Аббос: "Фаластин халқининг ўзини ҳимоя қилишга ҳаққи бор"

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос “босқинчи қўшинлар”дан ўзини ҳимоя қилишга Фаластин халқининг ҳаққи борлигини айтди.

Ўз навбатида Саудия Арабистони ТИВ зудликда исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги можарони кескинлаштиришни бас қилишга чақирди. Мамлакат вазият ривожланишини диққат билан кузатиб турибди, дейилади маҳкама баёнотида.

Теҳрон Фаластин қуролли гуруҳларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Эрон олий раҳбарининг маслаҳатчиси Раҳим Сафавий маълум қилди.

Сурия президенти Башар Асаднинг Facebook'даги расмий саҳифасида Фаластин гуруҳларига хайрихоҳлик билдирилган пост эълон қилинди.

Қатар ТИВ барча томонларни можарони оловлантиришни бас қилишга чақириб, юз бераётган воқеалар учун Исроилни айблаб чиқди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG