Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2024, Тошкент вақти: 04:02

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

17:17 29.1.2024

Байден АҚШнинг Иорданиядаги ҳарбий базасига ҳужум жавобсиз қолдирилмаслигини урғулади

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден АҚШ ҳарбий базасига ҳужумда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган жангари гуруҳларни айблади. Байден америкалик уч аскар ўлимига сабаб бўлган ҳужум 27 январь оқшомида содир бўлганини айтар экан, ҳодиса чоғида жабрланганлар сонига аниқлик киритмаган.

Бироқ кейинроқ АҚШ расмийси 34 нафар ходим бош мия жароҳати бўйича текширувдан ўтказилганини билдирган.

“Кеча Яқин Шарқда биз учун оғир кун бўлди. Ҳарбий базамизга қилинган ҳужумда уч жасур аскарни йўқотдик. Бунга албатта жавоб берамиз. Ҳужумга оид барча фактларни ўрганяпмиз, аммо бу ҳужумни Сурия ва Ироқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган радикал жангари гуруҳлар амалга оширганини биламиз”, дея билдирган АҚШ президенти Жо Байден.

Эрон бу айбловни рад этган. Расмий Теҳрон ҳужумга алоқадорлиги билан боғлиқ барча айбловларни “асоссиз” деб атади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананий минтақадаги “қаршилик гуруҳлари” Теҳрондан буйруқ олмаслигини айтган.

Ғазода ҲАМАС-Исроил уруши бошлангани ортидан Яқин Шарқ минтақасидаги АҚШ ҳарбий базаларига қатор ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабарлар берилган. Бироқ бу ҳужумларда жами қанча аскар ҳалок бўлгани очиқланган эмас.

17:09 29.1.2024

Исроил Ғазо жанубида шиддатли жанглар кетаётганини билдирди

АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Исроил, Миср ва Қатар расмийлари билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга киришган бир вақтда, Исроил қўшинлари Ғазо жанубида “шиддатли жанглар” давом этаётганини маълум қилди, дея хабар қилди France-Presse агентлиги.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигини (UNRWA) қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.

14:38 19.1.2024

Нетаняҳу Фаластин давлатини тузиш ғоясини рад этди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғарбий соҳил ва Ғазо бўлгасида мустақил Фаластин давлатини тузиш ғоясига қарши эканини билдирди. У 18 январда ўтган матбуот анжуманида ўз нуқтаи назарини АҚШ ҳукуматига ҳам еткизганини айтди.

АҚШ ҳам дунёнинг кўплаб давлатлари каби Фаластин давлати ташкил этилиши тарафдори. АҚШ Фаластин давлатининг ташкил этилиши Исроил хавфсизлигининг асосий кафолати бўлади, деган нуқтаи назарда.

Фаластин давлатининг ташкил этилиши юзасидан БМТ резолюциялари ҳам мавжуд. Ғарбий соҳил, Ғазо бўлгаси ва Шарқий Қуддус Фаластин давлати ҳудудлари бўлиши назарда тутилган.

Ғазо бўлгаси 15 йил давомида АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС назорати остида бўлган. Ғарбий соҳил қисман Исроил ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Фаластин мухторияти маъмурияти, қисман Исроил томонидан бошқарилади. Исроил Қуддусни ўзининг пойтахти деб ҳисоблайди.

Нетаняҳуга кўра, Исроил ҲАМАС устидан ғалаба қозонганидан сўнг ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан Ғазо ва Ғарбий соҳил назоратини ўз қўлида сақлаб қолиши шарт, бу эса «Фаластин суверенитети ғоясига зид келади».

«Нима қилиш керак? Мен бу ҳақда америкалик дўстларимизга айтдим ва хавфсизлигимизга зарар етказадиган реалликни бизга қабул олдириш учун қилинган ҳаракатларни тўхтатдим»,- деди у.

Би-би-сининг таъкидлашича, Ғазода уруш якунланганидан сўнг Фаластин муаммосини ҳал этиш юзасидан халқаро жамоатчиликнинг Исроилга босими кучайиб бормоқда.

Қатор Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Ғазо назорати урушдан сўнг Исроил қўлига ўтишига қарши ва уни «янгиланган Фаластин маъмурияти»га топшириш тарафдори. Бу эса Фаластин давлати ташкил этилиши учун қўйилган қадам бўлади.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби Нетаняҳунинг баёнотини шарҳлар экан, АҚШ ва Исроил ўртасида бу «масалада турлича нуқтаи назар мавжудлиги аниқ», деб айтди.

16:00 18.1.2024

АҚШ Ямандаги ҳусийларнинг ҳарбий объектларига яна зарба берди

АҚШ ҳарбий кемалари 17 январда Ямандаги ҳусий шиа қуролли гуруҳлари манзилларига зарба берди. Пентагоннинг билдиришича, ҳусийларга Tomahawk қанотли ракеталари отилган. Ҳусийларнинг 14 та ракетаси ва бир неча учириш мосламалари йўқ қилинган.

Пентагон бу зарба Аден кўрфазидаги АҚШ кемасига қилинган ҳужумга жавоб бўлганини билдирди. АҚШ зарба беришидан бир неча соат олдин ҳусий шиалар қуроли гуруҳи АҚШ юк кемасига дрон билан ҳужум қилган эди. Кема озроқ зарар кўрган. 16 январда ҳам АҚШ ҳарбий самолёт билан ҳусийлар объектига бомба ташлаган эди. Бу ҳужумда ҳусийларнинг тўртта ракетаси йўқ қилинган.

Ўтган ҳафтада АҚШ ва Британия самолётлари Яманда ҳусийлар назорат қилаётган ҳудудлардаги олтмишта ҳарбий объектни бомбардимон қилганди.

17 январда АҚШ ҳусийларни “Глобал террорчи гуруҳлар” рўйхатига киритди.

Эрон томонидан дастакланаётган ҳусийлар сўнгги бир ярим ойдан бери Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бунга жавобан 12 ва 13 январь кунлари АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусий шиа исёнчиларининг позицияларини илк бор бомбалаган эди.

Президент Байден ўз баёнотида бу ҳарбий амалиётни ҳусийларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига «мисли кўрилмаган даражада қилган ҳужумларига жавоб» деб атади.

Яманнинг катта қисмини назорат қилаётган ҳусий шиа қуролли гуруҳлари АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ҲАМАСни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужу қилмоқда. Бу ҳужумлар халқаро савдога салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб денгиз савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар бу йўналишдаги қатновларни тўхтатдилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG