Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:39

Истанбулдаги аэропортга ҳужум ортидан бугун Туркияда миллий мотам куни


Истанбулнинг Отатурк аэропортига бомба ҳужумлари ортидан Туркияда бир кунлик мотам эълон қилинди. Турк расмийлари учта худкушлик ҳужуми қандай қилиб содир этилганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳужумларда бомбачилардан ташқари камида 41 одам ўлган, 239 киши яраланган.

Интиҳорий ҳужумчилар, ҳукумат расмийлари талқинига кўра, Отатурк аэропортига таксида келиб, аввал автомат қуроллардан ўт очган ва сўнгра ўзларини портлатиб юборган.

Бир турк мулозимининг Reuters ахборот агентлигига маълум қилишича, хавфсизлик кучлари ҳужум вақти ва тафсилотини аниқлаш мақсадида видеокамера қайдларини кўздан кечирмоқда ва гувоҳлар билан суҳбатлашмоқда.

"Бу бир топишмоққа ўхшайди, " деб айтган турк мулозими.

Истанбул ҳокимиятига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 13 нафар хориж фуқароси, жумладан 1 нафар ўзбекистонлик бор.

Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг айтишича, "афтидан ҳужумни “Исломий давлат” амалга оширган".

Экстремист гуруҳ Туркияга давомли таҳдид қилиб келади.

Туркияда сўнгги вақтларда худкуш бомба ҳужумлари тез-тез юз бериб турибди.

Бундай ҳужумлар кўламининг кучайиб бораётгани туризмдан катта даромад кўрувчи Туркия иқтисодиётига кучли зарба бермоқда.

НАТО аъзоси бўлган Туркия “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган АҚШнинг асосий шерикларидан ҳисобланади.

Яқин Шарқдаги бу мамлакат йирик ҳудудлари “Исломий давлат” назорати остида бўлган Сурия ва Ироқ билан узун ва тўлиқ назорат қилинмайдиган умумий сарҳадларга эга.

Туркия ҳукумати ҳозиргача содир этилган қатор ҳужумлар учун “Исломий давлат”ни айблаган эди.

Истанбул ҳужуми: Бир ўзбекистонлик ўлди, яна тўрт ўзбек жароҳатланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Шу пайтгача амалга оширилган ҳужумлар ортидан Туркия ҳукумати аэропортлар ва чегараларда назоратни кучайтирган, жангариликда гумон қилинган минглаб хорижликларни депортация қилган, аммо экстремизм таҳдини бартараф эта олгани йўқ.

Туркия бош вазири терроризмга қарши мужодалада миллий бирлик ва “глобал ҳамкорлик”ка чақирди.

"Бу (ҳужумлар) терроризмнинг глобал таҳдид эканини яна бир бор кўрсатди, - деди Бенали Йилдирим. - Бу жирканч, режали ҳужум бегуноҳ инсонларни ҳадафга олди."

Истанбулдаги Отатурк аэропорти ўтган йили дунёнинг 11чи йирик аэропорти деб топилганди.

Халқаро Аэропортлар Кенгаши маълумотига кўра, Истанбул аэропортидан ўтган йили 61,8 миллион йўловчи фойдаланган.

У шунингдек дунёда тез ривожланаётган аэропортлардан бири ҳисобланади. Биргина ўтган йилнинг ўзида 2014 йилга қиёс қилинганда йўловчилар адади 9,2%га ортган.

XS
SM
MD
LG