Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:04

Тошкентдаги ИҲТ саммити: Эрдўғон Исроилни танқид қилди, Мирзиёев томонларни муросага чақирди


Тошкентда ўтган ИТҲ саммитига келган давлат раҳбарлари.
Тошкентда ўтган ИТҲ саммитига келган давлат раҳбарлари.

Тошкентда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида ҲАМАС-Исроил уруши ҳам диққат марказида бўлди. Саммитга мезбонлик қилган президент Шавкат Мирзиёев урушаётган томонларни оташкесимга чақирган бўлса, Туркия раҳбари Эрдўғон Ғарбни “Исроил жиноятларини қўллаётганлик”да айблади.

Айни пайтда “Катта еттилик” урушаётган томонларни халқаро меъёрларга риоя қилиш ҳамда гуманитар ёрдам етказишни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга чақирган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса 8 ноябрда Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги ҳарбий амалиётини яна бир бор танқид қилди.

Шавкат Мирзиёев нима деди?

Тошкентда 9 ноябрда ўтган ИТҲ йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ҲАМАС-Исроил урушида бегуноҳ инсонлар қурбон бўлаётганидан таассуф билдирди.

"Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда.

Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз.

Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз", -
деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти бундан аввал 31 октябрь куни энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлашга бағишланган ҳукумат йиғилишида Ғазо муаммосига ҲАМАС-Исроил уруши бошланган 7 октябрдан бери илк бор эътибор қаратган эди.

Ўшанда Мирзиёев Ғазо бўлгаси “аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилгани”ни таъкидлаган.

“Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, - деб айтган Мирзиёев.

Эрдўғон нима деди?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Тошкент саммитида сўзлаган нутқида Исроил Ғазода “инсоний қадриятларни топтаётгани”нини иддао қилди.

TRT рус хизматининг хабар беришича, Эрдўғон Ғазода ҳалок бўлган деярли 11 минг кишининг “73 фоизи аёллар ва болалар” бўлганини айтган.

Унга кўра, Исроил ҳукумати Ғарб давлатларининг қўллови ортидан “мактаблар, масжидлар, черковлар, касалхоналар, университетлар ва тураржой биноларини инсоний қадриятлартни топтаган ҳолда бомбардимон қилишда давом этмоқда”.

“Биз хаттоки болалар ўлимини оқловчи фанатизм билан дуч келмоқдамиз”,- деган Эрдўғон.

Туркия президенти сўзида давом этар экан: “Агар биз ИТҲ ўлароқ, шунингдек, мусулмон сифатида овозимизни бугун баланд кўтармасак, яна қачон баланд кўтарамиз?”- деб айтган.

Ғарб нима дейди?

Бундан аввалроқ Япония пойтахти Токиода 7-8 ноябрда ўтган саммитда “Катта еттилик” мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ҲАМАС-Исроил уруши бўйича ягона позицияларини илк бор умумий ҳужжатда акс эттирган эди.

Мазкур ҳужжатда ҲАМАСнинг 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужуми қораланган, ўзаро урушаётган томонлар халқаро меъёрларга риоя қилишга ҳамда гуманитар ёрдам етказишни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга чақирилган.

БМТ бош котиби ва тузилмаларининг нуқтаи назари

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса 8 ноябрда Исроилнинг Ғазо бўлгасидаги ҳарбий амалиётини яна бир бор танқид қилди.

“Исроил фуқаровий аҳолини бомбалаб, ўлдиришда, касалхоналарни, қочқинлар лагерларини, масжидларни, черковларни ҳамда бомбапаноҳлар дохил фуқаровий инфратузилмани вайрон қилишда давом этяпти. Ғазо болалар қабристонига айланиб бормоқда”, - деб айтган Гутерриш.

БМТ бош котиби бундан аввал ҳам Исроилнинг Ғазодаги амалиётини танқид қилган эди. Бунинг ортидан Исроил Гутерришнинг истеъфога чиқишини талаб қилган.

Бу орада БМТнинг энг йирик гуманитар агентликлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўшма баёнот билан чиқишиб, Ғазо секторида гуманитар мақсадлар учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақиришган.

Орасида БМТ бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитс, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари (OHCHR) Фолькер Тюрк, Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) директори Эми Поуп, БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кэтрин Рассел, ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус ва бошқалар бўлган баёнот муаллифлари тўқнашувнинг барча томонларини “халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги меъёрларга мувофиқ ўз мажбуриятларига риоя қилиш”га чақиришларини урғулашган.

Ғазо - 33-кун. Украина - 623-кун. Путин МДҲ ҳукуматларини “беқарорлаштириш уринишлари”дан огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:57 0:00

Айни пайтда БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) сўнгги икки кун ичида UNRWA’нинг беш нафар ходими ҳалок бўлганини билдирган. “7 октябрдан буён умумий ҳисобда 79 нафар ходим ҳалок бўлиб, камида 24 ходим жароҳатланган”, дея қайд этишган агентликдан. Уруш чоғида жами БМТнинг 88 нафар ходими ҳалок бўлган – халқаро ташкилот тарихида битта урушда бунча ходим ҳеч қачон ўлган эмас.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, сектор ҳудудида 10 мингдан зиёд одам ўлган, уларнинг 4800 нафардан зиёди болалардир. Бу рақамларни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.

Исроил томони урушда 1400 дан зиёд одам йўқотган. 241 нафар исроиллик жиҳодчилар томонидан асоратда ушлаб турилибди.

ИТҲ саммитида кимлар қатнашди ва у қандай ташкилот?

Тошкентда 9 ноябрда ўтган ИҲТнинг 16-саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этди.

Саммитда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилиши айтилганди.

1985 йилда асос солинган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон 1992 йилда аъзо бўлган. Ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи котибияти Эрон пойтахти Теҳронда жойлашган.

Саммит муносабати билан 8-9 ноябрь кунлари Тошкент марказий кўчаларида транспорт ҳаракати чекланган.

Форум

XS
SM
MD
LG