Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

UZ/Коронавирус: Касалланганлар 133, ўлганлар 2 нафар. Бемор билан мулоқотда бўлган шифокор вафот этди


Вазирлик хабарида таъкидланишича, шифокор ўзининг коронавирус юқтирганини билган ҳолда уйда даволанишга ҳаракат қилган.
Вазирлик хабарида таъкидланишича, шифокор ўзининг коронавирус юқтирганини билган ҳолда уйда даволанишга ҳаракат қилган.

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

27 март ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда беморлардан бири вафот этди, 88 кишида вирус аниқланди. Беморларнинг қарийб ҳаммаси хорижда бўлганлар ва уларнинг яқинларидир. Булар орасида хорижда бўлмаган 20 яшар қиз ҳам бор.

- ССВ: 7 беморнинг аҳволи оғир, жами 65 мингдан ортиқ одам шифохона ва уй карантинида. Илк беморлар тузалишни бошлади.

- 26 мартдан Наманган, Андижон, Бухоро ёпилди, 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланди, 24 мартдан Тошкентга кириш-чиқиш тўхтади, аксар вилоят марказларига кириш-чиқиш назоратда.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 549 мингдан ортиқ, ўлганлар сони эса 25 мингга яқин, тузалганлар 124 минг кишидан ошди.

ЎЗБЕКИСТОН: Яна 5 кишида коронавирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, яна 5 кишида касаллик аниқланган.

"Ушбу инфекцияни юқтириб олганларнинг 2 нафари Фарғона вилоятида, яна 2 нафари Хоразмда ва бир нафари Тошкент шаҳрида қайд қилингани тасдиқланди", дейилади вазирлик хабарида.

Covid-19 инфекцияси аниқланганлар жами 88 нафарга етди. Бугун эрталаб наманганлик 72 яшар аёл касаллик сабаб оламдан ўтди.

ЎЗБЕКИСТОН: Хонанда Муниса Ризаева ниқоб тақмагани учун жавобгарликка тортилди

Таниқли хонанда Муниса Ризаева карантин пайтида жамоат жойида тиббий ниқобсиз юргани учун жавобгарликка тортилди.

Бу ҳақда хабар қилган Маданият вазирлигига кўра, вазир Озодбек Назарбеков хонандага нисбатан қаттиқ огоҳлантириш бериб, жарима тўловини амалга оширишини уқтирган.

Ризаева томонидан 26 март куни Инстаграмдаги саҳифасига жойланган видеода хонанданинг Тошкентдаги қурилиш компаниясига ниқобсиз боргани акс этган.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлгач, вазир Назарбеков хонандани ўз қабулига чақирган ва унга огоҳлантириш берган.

«Муниса Ризаева бу ҳолат юзасидан изоҳ бериб, қайта такрорланмаслигига ваъда берди», дейилади вазирлик хабарида.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларига кўра, тиббий ниқобсиз кўчага чиққан одам 1115000 минг сўмлик жаримага тортилади.

ЎЗБЕКИСТОН: Кўчага сабабсиз чиқиш тақиқланади

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади.

Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш Республика махсус комиссияси ахборотида айтилади.

Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масафо сақлаши шарт.

Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.

Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Акс ҳолда 1 115000 минг сўмлик жаримага тортилади.

ЎЗБЕКИСТОН: Касаланганлардан 23 нафари хорижда бўлган, қолганлар улар билан мулоқотда бўлганлар

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган 83 беморнинг 35 нафари эркак, 48 нафари эса аёллар. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

Коронавирус аниқланган беморлар ёш жиҳатдан қуйидагича:

  • 0-9 ёшгача – 5 нафар,
  • 10-19 ёшгача – 2 нафар,
  • 20-29 ёшгача – 24 нафар,
  • 30-39 ёшгача – 17 нафар,
  • 40-49 ёшгача – 16 нафар,
  • 50-59 ёшгача – 11 нафар,
  • 60-69 ёшгача – 7 нафар,
  • 70 – 79 ёшгача - 1 нафар (миокард инфарктдан вафот этган бемор).

Вазирликка кўра, ҳозирга қадар Франция, Туркия, БАА, Россия, Саудия Арабистони ҳамда Швейцария давлатларида бўлиб қайтган 23 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, 60 нафар киши эса улар билан яқин мулоқотда бўлган пайти юқтирган.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 6 нафари Фарғона, 5 нафари Наманган ва 3 нафари эса Андижон вилоятларидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Шу йилнинг 22 март куни Истанбулдан чартер рейсида олиб келиниб, Бухородаги карантин марказига жойлаштирилганлар орасида 3 кишида ҳам инфекция аниқланган. Улардан иккиси тошкентлик, бири андижонлик.

ЎЗБЕКИСТОН: Карантиндагилар сони 65511, улардан 15335 нафари шифохонада

Бугунги кунга келиб карантинга олинган шахсларнинг сони 65 511 нафарни ташкил этади. Улардан 15 335 нафари шифохоналарда, 50 176 нафари уй шароитида сақланмоқда.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов АОКАда ўтказилган брифинг пайти маълум қилди.

Ғиёсовга кўра, 20 та авиа ва 14 та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 7 682 нафар фуқаролар мамлакатга эвакуация қилиниб, 38 та тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган.

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирусдан ўлганларни кўмишга оид қоидалар эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати коранавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш тўғрисидаги қоидаларни эълон қилди.

Майитни ювиш, кафанлаш, дафн қилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросими фақат яқин қариндошлари иштирокида қилинади.

“Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим”, дейилади Фатво ҳайъати хабарида.

Коронавирусга қарши кураш махсус комиссия қарорига кўра, дафн маросимлари қатъий чекланган таркибда ўтказилади.

Бугун коронавирусдан илк бемор вафот этди. Наманганлик 72 яшар онахон касалликни Истанбулдан келган қизидан юқтиргани аниқланган.

ҚИРҒИЗИСТОН: Халқаро валюта жамғармаси Қирғизистонга $121 миллион қарз берди

Халқаро валюта жамғармаси бошқарув кенгаши коронавирус пандемиясига қарши кураш учун Қирғизистон ҳукуматига
$121 миллион фавқулодда қарз ажратди.

Расмий баëнотга кўра¸ Қирғизистон коронавирус пандемияси боис оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган Марказий Осиë давлатлари орасида ХЖВдан қарз олган биринчи давлатдир.

Жон Ҳопкинс университети юритаëтган тадқиқотга кўра¸ 27 мартга келиб Қирғизистонда 44 одамнинг вирус юқтиргани расман қайд этилган¸ ҳозирча ўлим ҳолати кузатилмаган.

Аммо вирусга чалинганлар ҳақиқий сонининг бундан бир неча баравар кўплиги тахмин қилинмоқда.

ЎЗБЕКИСТОН: Карантин қоидаларини бузганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилaди

Кеча қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, эндиликда карантин қоидаларини бузганлик учун жазо кескинлаштирилди ва бундай қоидабузарлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўллаш кўзда тутилади.

Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали карантин билан боғлиқ жазо турлари ҳақида қуйидаги инфографикани эълон қилди:

ЎЗБЕКИСТОН: "Автобус қатнови тўхтагач, таксилар қимматлаб кетди"

Сирдарёлик муштарийнинг ёзишича, вилоятда жамаот траспорти тўхтатилгач, таксилар нархи ошиб кетган:

“Аҳолига қусилайлик яратиш учун “Газел” маршруткалари қатновини тиклашларини сўраймиз. Маршруткада одам камроқ бўлади. Қолаверса, ҳамма ниқоб тақмоқда-ку”.

Бугун соат 10:00дан бошлаб коронавирус инфекцияси кенг миқиёсда тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳам тўхтатилди.​

ЎЗБЕКИСТОН: Пенсионерлар нафақаси стерилланган пуллар билан тўланади

Пенсия ва нафақа тўловлари учун Марказий банкдан стерилланган нақд пуллар олинади.

Бу ҳақда бугунги брифингда маълум қилган Халқ банки бошқарув раиси ўринбосари Ҳасан Аҳмедовга кўра, ҳар бир пенсия ва нафақа олувчига бериладиган нақд пуллар стериланган пакетларда тарқатилади.

Пенсия ва нафақа пулларини фуқаролар уйларига етказиб бериш учун сайёр кассаларга қўшимча банк ходимлари жалб қилинади.

Барча сайёр кассалар ходимлари ва автомашина ҳайдовчилари тиббий ҳимоя маскаси ва қўлқоп, спиртли антисептик воситалар билан таъминланган.

Аввал пенсия пулларини олиш учун пенсионерлар маҳалла фуқаролар йиғини биноларига тўпланишган.

Аҳмедовга кўра, 26 март ҳолатига 2 трлн. 103,1 млрд. сўмлик ёки 98 фоиз пенсия маблағлари нақд пул шаклда тарқатиб берилган ва 405 мингга яқин пенсионерларга 252,8 млрд. сўм банк карталари орқали тўланган.

ЎЗБЕКИСТОН: Вилоятлараро барча турдаги автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилди

Бугун соат 10:00дан бошлаб коронавирус инфекцияси кенг миқиёсда тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабарида қайд қилинишича, ушбу чеклов юк ташувлари билан шуғулланаётган автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

Бироқ юк автотранспорт воситаларида ҳужжатларда қайд этилмаган шахсларнинг ҳаракатланишига ҳам йўл қўйилмайди.

Бугундан бошлаб Бухоро, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари кириш- чиқиш учун ёпилди.

ЎЗБЕКИСТОН: Имомлар ҳам коронавирусга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшмоқда

Самарқанд вилояти Нарпай туманидан жўнатилган видеода туман марказида имомларнинг овоз кучайтиргич (микрофон) орқали тиббий ниқоб тақишга даъват қилиб маъруза қилаётгани акс этган.

Видеода ниқоби йўқларга бепул ниқоб тарқатилаётгани ҳам кўринади.

АҚШ: Коронавирусга чалинганлар сони бўйича Америка дунёда биринчи ўринга чиқди

Қўшма Штатлар26 март оқшомида жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони бўйича биринчи ўринга чиқди. Бу пайтга келиб мамлакат вирус тарқалишни бошлаган Хитойни ҳам ортда қолдирди.

Жонс Хопкинс университетига қарашли сайт маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШда коронавирус инфекцияси 85 минг 505 кишида тасдиқланган.

АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси 27 март куни пандемия шароитида ватандошлар ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга оид қиймати 2 триллион долларга тенг бўлган қонун лойиҳасини маъқуллаши кутилмоқда.

ЎЗБЕКИСТОН: Илк бемор ўлди

Коронавирус инфекцияси ташхиси билан 26 март куни Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган 72 ёшли Р. бугун тонгги соат 4:30 да оламдан ўтган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Вафот этган беморга ушбу инфекция 12 март куни Туркия сафаридан қайтган ва касаллиги тасдиқланиб, карантинга олинган қизи М.дан юққани далилланган.

Наманганлик онахон узоқ йиллар давомида қандли диабет, сурункали ўткир юрак етишмовчилиги ва бошқа касалликлар билан даволаниб келган.

ССВ хабарномасида қайд этилишича, у “шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир миокард инфарктидан вафот этган”.

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирус яна 8 кишида тасдиқланди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 83 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида қайд этилишича, 27 март ҳолатига кўра яна 8 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Улардан беш нафари Тошкент шаҳрида, уч нафари эса Андижонда қайд қилинган.

Республика бўйлаб COVID-19 вирусини юқтириб олган беморлардан 7 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

ҚОЗОҒИСТОН: Коронавирус билан боғлиқ илк ўлим ҳолати қайд этилди

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар орасида илк ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 26 март оқшомида ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири Даурен Абаев маълум қилди.

Абаевга кўра, ҳаётдан кўз юмган бемор аёл киши бўлган.

Бу Марказий Осиёда COVID-19 вируси билан боғлиқ илк ўлим ҳолатидир.

Аввалроқ қозоқ расмийлари коронавирусга чалинганларнинг кўпида симптомлар кўринмаётгани ёки бемор ҳароратининг бироз ошганида акс этаётганини маълум қилгандилар. 26 март куни пойтахт Нур-Султон соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сауле Кисикова шаҳарда вирусга чалинган тўрт беморнинг аҳволи оғирлигини билдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда COVID-19 вирусини юқтириб олганлар сони 120 нафарга етган.

РАСМАН: беморлар орасида 11 шифокор бор

Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қарши чора-тадбирларни кучайтиришга бағишланган видеоселектор мажлисини ўтказди.

Йиғилишда маълум бўлишича:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига зудлик билан 30 мингта экспресс-тест харид қилиш топширилди.

- 2020 йил 1 ноябрга қадар пандемия оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган корхоналар банкротликка тортилмайди.

- Коронавирус инфекциясини юқтириб олган 65 нафар бемор орасида 11 нафар шифокор ҳам мавжуд.

ҚАРОР: бемор билан ишлаётганларга қўшимча ҳақ белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, зарарланган беморлар билан ишлаётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

ТОПШИРИҚ: 500 сунъий нафас олдириш қурилмаси олинади

Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига зудлик билан 300 мингта экспресс-тест ҳамда 500 та сунъий нафас олиш аппаратларини харид қилишни топширди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашдаги жиддий муаммолардан бири сифатида айнан сунъий нафас олдириш қурилмасининг жуда озлиги айтилган эди.

БОЖХОНА: омбордаги захира етарли

Жорий йилнинг 25 март ҳолатига кўра, божхона омборларида жами 45,9 млн. АҚШ долларига тенг озиқ-овқат маҳсулотлари сақланмоқда.

Ушбу маҳсулотлар божхона расмийлаштирувидан сўнг қисқа муддатларда ички бозорларга йўналтирилади.

СИРДАРЁ: 27 мартдан ёпилади

Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ҳар қандай транспорт воситалари учун тўхтатилади.

ЧЕГАРА: 2 минг одам ўтказилди

Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Авазбек Хаджиметов:

"23 мартдан эътиборан қўшни давлатлар билан чегара ўтказиш пунктлари ёпилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегараларида кўплаб фуқароларимиз тўпланиши кузатилмоқда.

Хусусан, ТИВга келиб тушган маълумотга асосан, 25 март соат 19:00 ҳолатига кўра, Қозоғистондан 1 450 дан ортиқ, Қирғизистондан 550 дан ортиқ фуқароларимизни уюшган ҳолда чегарадан ўтказиш масаласи ҳал қилинди".

Озодлик чегарада йиғилиб қолган ватандошлар ҳақида қилган эди:

БЛОГЕР ФИКРИ: ёлғон рақамлар учун амалдор жазоланиши керак

Таниқли блогер Муҳрим Аъзамхўжаев кейинги пайтда Ўзбекистондаги беморлар ҳақида берилаётган расмий рақамлар ва баёнотлардаги зиддиятлар ҳақида блог ёзди.

Блогерга кўра, вирусни юқтириб олган беморлар ҳақида турли расмийлар бераётган рақамлар орасида жуда катта фарқ бор:

"Қовунчилик"да Отабековнинг ҳамкасби, Ўзбекистондаги иккинчи (ёки биринчи — ўзи нега иккита?) санитария-эпидемиология ташкилоти раҳбари Баҳром Алматов ҳам қолишмайди. Тунов куни биринчи бемор касалликни қандай қилиб бошқаларга тарқатгани ҳақида гапира туриб, «У Ўзбекистонга 250 киши билан бирга учиб келган», деганди. У ҳолда бош вазир айтган «45 йўловчи», Алматов раҳбарлик қилаётган агентлик берган биринчи кундаги ахборотда кўрсатилган «48 йўловчи» ҳақидаги гаплар қаердан олинган? У билан бирга самолётда қанча йўловчи бўлган ўзи — 45, 48 ёки 250?"

ҚАРОР: Хусусий клиникалар ғам коронавирусдан даволайди

“Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

НАМАНГАН: вирус аниқланиши билан боғлиқ баёнот

САМАРҚАНД: 27 мартдан ёпилади

2020 йил 27 март куни соат 06:00дан бошлаб, Самарқанд шаҳрига барча ҳудудлардан кириш ҳар қандай транспорт воситалари (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) учун тўхтатилади.

Самарқанд шаҳрига киришдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда, шунингдек, Самарқанд шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, Самарқанд шаҳрида жойлашган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини олиб бораётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулотда комиссиясининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Шу билан бир қаторда, 27 март куни соат 06:00дан бошлаб Самарқанд шаҳри ҳудудида трамвай ва автобуслар ҳаракати тўхтатилади.

ЎЗБЕКИСТОН: 3 минг ҳарбий хонадонларга бириктирилди

Миллий гвардия юридик таъминот ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов:

- Республика бўйлаб 5 мингдан ортиқ уйлар ва хонадонлар Миллий гвардияга бириктирилган. Уларнинг қўриқлови учун 3 мингга яқин ҳарбий хизматчи ва ходимлар жалб этилган.

- Жорий йилнинг 22 мартига қадар ташқи периметр бўйлаб 70 дан ортиқ стационар объектлар, яъни санаториялар, касалхоналар, ётоқхоналар, меҳмонхоналар ва бошқа тиббий муассасалар қўриқловга олинган бўлиб, мазкур жараёнга жами 1000 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва ходимлар жалб этилган эди. Ҳозирда ушбу объектлар белгиланган тартибда Мудофаа вазирлиги тасарруфига топширилди.

ЎЗБЕКИСТОН: яна 5 кишида инфекция аниқланди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони яна беш нафарга ошди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, айни пайтда мамлакат бўйлаб COVID-19 вирусигачалинганлар сони 65 нафарни ташкил этмоқда.

САМАРҚАНД: 100 гектар ерда исириқ ўсиб ётибди

Самарқандлик журналист вилоятнинг Пахтачи туманидаги бир қишлоқда 100 гектар ерда ўсиб ётган исириқ даласидан репортаж қилибди.

Бозорларда эса исириқ нархи бир неча баробарга ошиб кетди.

ДУНЁ: иқтисодий бўҳрон жуда оғир бўлиши мумкин

Коронавирус ортидан келадиган иқтисодий танглик 2008 йилги молиявий инқироздан ҳам ёмон бўлиши мумкин.

ШИФОКОР: "Коронавирусни ҳаммамиз юқтириб оламиз!"

АҚШдаги шифокор дунё аҳолиси истисносиз коронавирусга чалинади ва ҳеч қандай вакцина ёрдам бермайди, деган кутилмаган баёнот билан чиқди.

ҚАШҚАДАРЁ: карантин постларида дезинфекция

ТЎЛОВЛАР: газ-свет учун карантин пайтида ҳам тўлайсиз!

Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шавкат Ҳайдаров:

"Мажбурий ижро бюроси ходимлари тўлов маданияти ва ижро интизомига риоя этувчи ва асосийси қарздор бўлмаган фуқароларни безовта қилмайди".

"Аҳолимизнинг асосий қисми бу даврда ўз уйларида бўлишлари сабабли энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж янада сезиларли даражада ортиб, тўловларнинг ўз вақтида, амалга оширилмаслиги қарздорликларнинг кўпайишига сабаб бўлади".

ҚОЗОҒИСТОН: беморлар 100 кишидан ошди

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 март куни тушга яқин пойтахт Нур-Султонда коронавирус юқтириб олиниши билан боғлиқ яна 9 та ҳолат қайд этилгани, шу билан инфекцияга чалинганлар сони 97 нафарга етганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, пойтахт Нур-Султонда шу пайтгача вирусга чалиниш билан боғлиқ55 та, Олмаотада 34 та, Қарағанда ва Чимкентда 2 тадан, Ақтўбе, Жамбил, Олмаота ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида эса биттадан ҳолат қайд этилган.

ЎЗБЕКИСТОН: жаримани ошириш ҳақидаги қонун имзоланди

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икрамов иштирокида онлайн брифинг ўтказилди.

Вазир ўринбосари президент «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунни имзолаганини маълум қилди.

Қонунга биноан:

- жамоат жойларида ниқобсиз бўлиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача жарима солинади;

- карантин қилинган шифохонада ички тартибга риоя этмаслик, мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача — 6 690 000 сўм, мансабдор шахсларга эса 50 бараваригача — 11 150 000 сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб берилди.

ТОШКЕНТ: боласини тоза ҳавога олиб чиққан она ҳикояси

Anhor.uz мухбири Тошкентда карантин вақтида ёш боласини тоза ҳавода сайр қилдириш учун олиб чиққан она билан содир бўлган воқеани ёритди.

Мухбирга кўра, она маҳалла фаолларининг уйга кириш ҳақидаги тавсиясига бўйсунмаган, кейин ишга профилактика инспектори аралашган:

"Якшанба, 22 март куни, Тошкентда истиқомат қилувчи Сабина Р. (қаҳрамонимизнинг исми ўзгартирилган) карантинни бузганлик учун огоҳлантириш олди.

Аёл кўчага боласи билан сайр қилишга чиққан. Маҳалла қўмитаси раисасининг уйга кириш ҳақидаги талабига рад жавобини берган ва буни уйни тарк этмаслик ҳақидаги расмий тақиқ ҳамма фуқаролар учун эмаслиги билан изоҳлаган.

Ярим соатдан кейин Сабина Р.га профилактика инспектори ва маҳалла қўмитаси раисасининг имзоси қўйилган қоғозни олиб келишган".

Ҳикоянинг давоми қўйидаги юкламада:

РОССИЯ: ҳамма парвозлар тўхтатилади

Россия ҳукумати шу йил 27 мартидан хорижий давлатларга чартер ва мунтазам парвозларни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Бундан фақат россияликларни хориждан қайтараётган рейслар ҳамда “ҳукуматнинг алоҳида қарорига кўра” амалга ошириладиган парвозлар мустасно, холос.

Россияда самолёт кутаётган минглаб ўзбекистонликлар тақдири нима бўлади - ҳозирча номаълум.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши қабатида Россия расмийлари аввалроқ бирин-кетин бошқа мамлакатлар билан чегараларини ёпган ва парвозларга чеклов киритган.

Бироқ сўнгги пайтгача қатор мамлакатлар пойтахтлари билан ҳаво қатнови бекор қилингани йўқ эди.

ЎЗБЕКИСТОН: 5 кунда янги шифохонани битказиш режаланмоқда

«Газета.uz» нашри аввалроқ Тошкентда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида учта янги касалхона қурилиши белгилангани ҳақида хабар қилган эди.

«Ўзбекистон 24» телеканали Тошкент ва бошқа вилоятларда ҳам тиббиёт муассасалари қурилаётгани ҳақида маълум қилди.

Уларнинг биринчисини беш кун ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

ЎЗБЕКИСТОН: 27 мартдан Андижон ёпилади

Тошкент ва Намангандан сўнг, 27 мартдан бошлаб, Андижон вилояти ҳам ёпилиши хабар қилинди.

СТАТИСТИКА: 980 киши жаримага тортилди

26 март соат 9:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 63 минг 853 киши карантинга олинди.

ИИВ матбуот хизмати хабар қилишича, буларнинг 50 минг 100 нафари уй шароитида тиббий кузатувга олинган,13 минг 753 нафари эса тиббиёт муассасаларида карантинда.

Шунингдек, карантин қоидаларига риоя қилмаган 980 кишига нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

СУРХОНДАРЁ: вилоятда ҳаракат кескин чекланди

Сурхондарёдаги «Дарбанд» мунтазам йўл-патрул хизмати маскани ёпилди.

Шунингдек, вилоятда 23 март кунидан бошлаб йўналишли йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган.

"Вилоятимиз ҳудудида айни вақтда бўлиб турган бошқа вилоятдан ташриф буюрган фуқароларимизнинг яшаш манзилларига етиб олишлари ва юк транспорт воситаларининг ҳаракатланишлари бундан мустаснодир", дейилади баёнотда.

ЎЗБЕКИСТОН: Наманган ёпилди

26 мартдан Наманган шаҳрига кириш ва чиқиш тўхтатилди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, икки ой давомида коммунал хизматлар ва телефон алоқаси учун қарздорлар хизматлардан узилмайди.

Наманган шаҳридаги «Чорсу» ва «Яшил» деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб кирилишида алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.

ЎЗБЕКИСТОН: коронавируснинг 40 дан ортиқ тури бор

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков 26 март куни АОКА ҳузуридаги штабда яна онлайн брифинг ўтказди.

Унинг маълум қилишича, эпидемия бошланган кундан, бугунги кунга қадар мазкур коронавируснинг 40 дан кўпроқ геномлари ўрганилган.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG