Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 09:17

Бекободда кесак кўтартирилганлардан бири ҳибсда сақланмоқда


Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаевнинг Тошкент вилоятига сафари пайтида кесак кўтартириб, жазоланган мулозимлардан бири ҳибсда сақланаётгани хабар қилинди.

​Kun.uz нашрининг ёзишича, изза қилинган 6 кишидан бири бўлган туман Қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбари 26 октябрь куни ҳибсга олинган ва терговга тортилган.

Кесак кўтартиришга "алоқаси бўлмаган" ҳибс

Kun.uz нашрининг 4 ноябрь куни берган хабарига кўра, Бекобод тумани Қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиғи кесак кўтариб изза қилинган куни - 26 октябрда уйига қайтмаган.

Оиласи бу мулозимнинг қаерда эканини 2 кун ўтиб билганини айтмоқда.

"Туман прокуратурасидан қўнғироқ бўлиб, эримнинг иссиқ кийимларини келтиришимизни сўрашди. Шундан сўнг, биз унинг қаерда эканидан хабар топдик. Иссиқ уст-бош бераётганимда эримнинг эгнидаги костюм тупроқ аралаш кир бўлиб қолганидан шубҳаландим. Кейинроқ, интернетда тарқаган сурат орқали аслида нима бўлганини билиб олдим", дея иқтибос келтирди мулозимнинг рафиқасидан ушбу нашр.

Нашрнинг туман прокуратурасига таяниб ёзишича, ҳозирда мулозим ЖК 167-моддаси 3 қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 211- (Пора бериш) моддаларида кўзда тутилган жиноятни содир этганлик гумони билан терговга тортилган ва эҳтиёт чораси ўлароқ, тергов давомида ҳибсга олинган.

Аммо, туман прокуратураси, мулозимнинг ҳибсга олиниши унинг кесак кўтартириб, изза қилиниши билан боғлиқ эмаслигини айтган.

Озодликнинг Тошкент вилояти ҳукумат идораларидан биридаги манбаси, бу ҳолатдан хабари борлигини айтаркан, ҳозирда бош вазир собиқ ўринбосарининг вилоятга сафари пайтида сувга бўктириб, кесак кўтартириб ёки калтаклаб жазоланган қатор мулозимларга ЖКнинг 205-моддаси билан иш очилишига ҳозирлик кўрилаётгани ҳақдаги хавотирлар борлигини билдирди.

Исмини сир сақлаган мулозимга кўра, изза қилинган ёки калтакланган фермер, оқсоқол ва бошқа мулозим бўлмаган шахслардан эса "ҳеч кимга давоим йўқ" мазмунида тилхат ёздириб олинган.

Зойир Мирзаев кимларга кесак кўтартирган эди?

6 кишининг пахта даласида кесак кўтариб тургани акс этган сурат, бошқа 6 кишининг сувга бўктирилгани акс этган сурат билан бир кунда - 27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Суратда буғдой ўсаётган далада 6 киши боши бараварида кесак кўтариб тургани тасвирланган. Суратдагилардан икки нафари иккитадан катта кесак кўтариб олган. Қўлидаги кесаги катта бўлгани учун чапдан учинчи одам уни майишиб кўтариб тургани кўринади.

Озодлик суриштируви давомида, кесак кўтарган олтовлон Тошкент вилоятининг Бекобод туманидан бўлган мулозимларнинг исм-фамилияларини аниқлаш, улардан иккиси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган.

Уларнинг айтишларича, буғдой экилган майдоннинг кесаги майдаланмагани учун Бош вазир ўринбосари 26 октябрь куни 6 мулозимни шу тариқа жазолаган.

Мулозимлардан 5 нафари Бекобод тумани ҳокимлигида турли раҳбарлик вазифаларни бажараётган шахслар ва бири Тошкент вилояти Сув хўжалиги бошқармаси бошлиғидир.

Бекобод тумани ҳокимлиги мулозимига кўра, суратдаги олти кишидан бир нафари ўз аризасига кўра ишдан бўшаган.

"Кесак майдаланмаган бўлса, ўзинг кўтариб тур"

Воқеани ўз кўзи билан кўрган, аммо жазоланиш эҳтимолидан қўрқиб исми сир қолишини сўраган Бекобод тумани ҳокимлиги мулозимига кўра, Бош вазир собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев ғалла экилган майдонларни кузата туриб, далада кесакнинг кўплигидан ғазабга келган:

“Нега, шудгордан кейин кесагини майдаламай буғдой экдиларинг, ҳамманг анақасан, бунақасан, деб бақириб, сўкди. Кейин туман қишлоқ хўжалик бўйича ўринбосари Фарҳод Ҳотамовни, туман фермерлар кенгаши раиси Улуғбек Худойбердиевни, қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Қосим Бозорбоевни, кадастр бошлиғи Абдулла Умаровни, туман сув хўжалиги бошлиғи Иброҳим Бердиқуловни, вилоят сув хўжалиги бошлиғи Бахтиёр Қурбоновни ғаллазордан катта кесакларни териб боши баравар кўтариб туришни буюрди, дейди мулозим.

Унинг маълум қилишича, Зойир Мирзаев "ёнидаги одамга бошқаларга ўрнак бўлиши учун" уларни суратга олиб тарқатишни буюрган.

Унинг айтишича, бу воқеа Бекобод туманининг "Ботир Малик" фермер хўжалиги даласида содир бўлган.

Озодлик кесак кўтаришга мажбурланган Бекобод тумани Сув хўжалиги бўлими бошлиғи Иброҳим Бердиқулов билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

У ғаллазордаги кесакларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам, асоссиз жазоланганини айтди:

- Буғдой экиш учун дала яхши тайёрланмаган, кесаклар майдаланмаган экан. Биз сув хўжалиги бўлсак, шуниси алам қиляптида, сув етмай қолганда эди бошқа гап эди. Бизни ҳам ўша ерда бўлганимиз учун тушиб қолдикда, кимсан деб ҳам сўрамай, кесак кўтаргизиб қўйди. Замминистр ёрдамчиси суратга олиб бўлганидан кейин кесакларни ташладик, дейди Иброҳим Бердиқулов.

Бекобод тумани Ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи Абдулла Умаров кесак кўтаришга мажбурлангач ўз ихтиёри билан ишдан бўшаганини Озодликка айтди.

Туман ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, қолган мулозимлар ҳозирда ўз ишини давом эттирмоқда.

Буғдойга сув қўймаган айбдорлар сувга бўктирилган эди

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувда тиззасигача бўкиб тургани акс этган сурат 27 октябрда ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамаларни қўзғатганди.

Uzbekistan - Punishment for farmers, Cotton 2018
Uzbekistan - Punishment for farmers, Cotton 2018

Айни куни Озодлик бу сурат ортидан ҳодисани ўрганган ҳамда сувга бўктирилган мулозимлар шахси, воқеа тафсилотларини аниқлаган эди.

Кўзларида норозилик аломатлари сезилган ва сувнинг совуқлигига зўрға чидаб турган 6 кишининг сурати, маълум бўлишича, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олинган.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг Озодликка айтишича, буғдойга сув қўйилмагани учун бош вазир ўринбосари ҳокимлик мулозимлари, фермер, маҳалла оқсоқоли ва фермер ишчисини шу тариқа жазолаган.

Сувдан шалаббо бўлиб чиққанлар яна машина олдига солиб бир километр югуртирилган

28 октябрь куни Озодликка ушбу ҳодисага бевосита гувоҳ бўлганини айтган ва шахсини сир сақлашни сўрган оққўрғонликлардан бири боғланди.

Унинг иддаосича, 6 киши сувда 40-45 дақиқа ушлаб турилгач, кейин автомобиль олдига солиниб, шалаббо ҳолида югуртирилган.

"Битта менмас, кўпчилик кўриб турди буни - уларни сувда 40-45 минут ушлаб туришди-да, кейин сувдан чиқариб, машинани олдига солиб, югуртириб олиб кетишди. Қаерга олиб кетди - билмадим, лекин. Бунақасини мен умримда кўрмаганман. Жуда даҳшат бўлди", деди исмини сир сақлаган оққўрғонлик.

Зойир Мирзаев ва бу жазога томошабин бўлиб турган мулозимлар жазоланди

Зойир Мирзаев
Зойир Мирзаев

​Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувга тушириб, таҳқирланиши ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинди.

Ўзбекистон президенти расмий сайти 29 октябрда тарқатган хабарга кўра, Зойир Мирзаев "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис" ишдан олинган. ​

29 октябрда Абдула Арипов раислик қилган ҳукумат видеоселектрида Оққўрғон ҳодисасига гувоҳ бўлган Тошкент вилояти прокурори ўринбосари ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳам ўз лавозимларидан озод этилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG