Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:56

Конгрессга сайловлардан кейин АҚШ Украинага ёрдамини камайтирадими?


Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгрессида видеоконференция тарзида нутқ қилмоқда. Вашингтон, 16 март, 2022 йил
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгрессида видеоконференция тарзида нутқ қилмоқда. Вашингтон, 16 март, 2022 йил

АҚШдаги оралиқ сайловларда овозларни ҳисоблаш жараёни давом этмоқда. Овоз бериш натижаларига кўра, Вакиллар палатаси таркиби тўлиқ қайта сайланади, шунингдек, Сенат ҳамда кўпгина штатлардаги қонунчилик йиғинлари ва губернаторларнинг учдан бири янгиланади.

Ҳозирча Вакиллар палатасини ким назорат қилиши аниқ эмас, аммо республикачилар АҚШ конгрессининг бир ёки ҳар икки палатасида назоратни қўлга олишлари мумкин. Хўш, бу Киевни ҳарбий-сиёсий қўллаб-қувватлашга қанчалик таъсир қилади?

Сентябрда украин қўшинлари Харьков вилояти шимоли-шарқида русларни тор-мор этди – ушбу ҳайратомуз қарши ҳужум украинларнинг қатъияти, пухта ўйланган тактика ва Ғарбнинг қудратли қуроллари туфайли амалга ошди.

Уруш бошланганидан бери Қўшма Штатларнинг Украинага кўрсатган ҳарбий, молиявий ва бошқа кўмаклари қиймати 60 миллиард доллардан ошди: НАТОдаги бошқа барча иттифоқчилар жам бўлиб ҳам Киевга бунча ёрдам бера олган эмас.

Вашингтон партиялараро чуқур зиддиятларга қарамай Украинани дастаклашда давом этмоқда. Ички сиёсий зиддиятлар конгрессга сайлов олдидан бўлган кампания чоғида бор бўйи билан намоён бўлди. 8 ноябрдаги сайлов эса унинг кульминацияси бўлажак.

Конгрессда Украинага муддатсиз молиявий ёрдам кўрсатиш масаласида хавотир билдираётган республикачилар сони борган сари ортаётир, айрим демократлар ҳам бу борада улар билан ҳамфикр.

Сўровларга кўра, республикачилар 435 ўринли Вакиллар палатасида кўпчилик бўлиб оладилар. 100 ўриндан 35 таси тақсимланажак сенат кимнинг қўлида бўлиши эса ҳозирча номаълум. Натижани бир нечта ўрин ҳал қилади. Эслатиб ўтамиз, демократлар иккала палатани 2020 йилдан бери назорат қилиб келишмоқда.

Республикачиларнинг етакчилари АҚШнинг Украина олдидаги мажбуриятлари чек-чегарасиз бўлиши мумкин эмас, дейишади.

“Менимча, одамлар иқтисодий рецессия ҳолатида бўладилар ва Украинага у сўраган ҳамма нарсани бермайдилар”, деган эди бир интервьюсида Вакиллар палатасидаги республикачи Кевин Маккарти.

Вакиллар палатаси республикачилар назоратига ўтгач, унга айнан Маккарти бошчилик қилади. Спикерлик курсиси Маккартига катта эркин беради: у Украинага шубҳа билан қарайдиган қонун чиқарувчиларни бюджет қўмитасига ва ташқи ишлар қўмитасига раис қилиб тайинлаши мумкин, шунингдек унда қайси қонун лойиҳаларини овозга қўйиш масаласини ҳал қилиш ҳуқуқи ҳам бўлади.

Сайловолди сўровлар рекорд инфляция, бензин қимматлиги, жиноятчилик кўпайиши, бўсағадаги рецессия ва ҳоказо иқтисодий масалалар америкаликларни ташвишга солаётган муаммолар рўйхатининг бошида эканини кўрсатмоқда. Мазкур соҳалар ҳамиша республикачиларнинг эътиборида бўлган.

Сайловолди кампаниясида ва АҚШ телеканалларини тўлдириб юборган реклама роликларида Украинадаги уруш, Россиянинг ядровий шантажи ва бошқа ташқи сиёсий масалаларга кам ўрин берилди.

Шунга қарамай, конгрессда камсонли депутатлар президент Жо Байден маъмурияти томонидан Украинага қурол-аслаҳа етказиб берилаётганига очиқча шубҳа билдиришди.

Май ойида вакиллар палатаси Украинага 40 миллиард доллар ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонунни 368 га қарши 57 овоз билан қабул қилган эди. Қарши овоз берган 57 депутатнинг барчаси республикачилар.

Пировардида сенат ҳам қонун лойиҳасини маъқуллади, бироқ овоз бериш чоғида АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги урушларини ҳамиша танқид қилиб келган Республикачилар партияси қаноти бундан норози эканлиги ўртага чиқди.

АҚШнинг Киевдаги собиқ элчиси Жон Ҳёрбст Маккартининг кескин сўзларига қарамай, конгресс палаталаридан бири ёки иккаласи ҳам республикачилар назоратига ўтиши Украинага кўрсатилаётган ёрдам кўламига жиддий таъсир қилмайди, деган фикрда.

“Украинага салмоқли ёрдам беришда давом этишимизга аминман”, дейди ҳозирда Атлантика кенгаши таҳлилчиси бўлмиш Ҳёрбст.

“Эҳтимол, ёрдам салмоғи сал-пал камаяр, чунки жуда кўп беряпмиз, бироқ кескин камаймаса керак”, деди у Озодликка берган изоҳида.

Унинг айтишича, “ҳарбий ёрдам зарурлигини аксар республикачилар ичларида тушуниб туришибди”.

Республикачилар сенатда ҳам кўпчиликни ташкил этишган тақдирда палата лидери Митч Макконнелл бўлади. Кўпйиллик сенатор Украинани қўллаб-қувватлаб дадил чиқишлар қилган.

“Украинага ёрдам – бу қандайдир ёқимли рамзий ҳаракат эмас. Бу том маънода ўз миллий хавфсизлигимиз ва иттифоқчиларимиз хавфсизлигига киритган сармоямиздир”, деган эди у сентябрь ойида сенатда сўзлаган нутқида.

“Байден маъмурияти ва иттифоқчиларимиз Россия агрессиясини даф этиш учун Украинани кўпроқ дастаклаши керак”, деган яна Макконнелл.

Демократлар сафидаги шубҳалар

Шубҳа билдираётганлар барчаси республикачилар эмас.

Ўтган ойда Демократик партиянинг вакиллар палатасидаги 30 депутати (улар конгресснинг сўл прогрессив фракциясини ташкил қилишади) Байденга мактуб ёзиб, унинг маъмуриятини урушни тугатиш бўйича Кремль билан музокаралар бошлашга чақирган эди.

Украина Харьков вилоятида қарши ҳужумга ўтишидан олдин ёзилган ушбу мактуб, бошқа демократларнинг танқидларидан сўнг, йўлланганидан бир неча кун ўтиб қайтариб олинди.

Блинкен: Россия Украинага тажовузни давом эттирса, "мислсиз оқибатлар" билан юзлашади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:02 0:00

Шундай бўлса-да, республикачилар бўладими, демократларми – АҚШда Украинага кўпроқ ёрдам беришдан чўчийдиган сиёсатчилар борлиги Россия президенти Владимир Путинга далда бўлиши мумкин.

“АҚШдан келаётган муждалар Москванинг Украинадаги режаларида ҳад қилувчи аҳамиятга эга, – деб ёзди АҚШ армиясининг собиқ денгиз пиёдаси аскари ва Лондон Қироллик коллежи ҳарбий эксперти Роб Ли 24 октябрь куни “Твиттер”да. – Агарда Кремль АҚШ Украинани узоқ қўллаб-қувватлашга қатъий жазм қилган, деб ўйласа, катта эҳтимол билан, музокараларни эртароқ бошлайди”.

Вакиллар палатаси республикачилар назоратига ўтган тақдирда разведка қўмитаси раиси лавозимини эгаллаши кутилаётган Майк Тернер “республикачилар раҳбариятида ҳеч ким Украинага ёрдам беришни тўхтатишга чақиргани йўқ”, деб айтди.

Республикачи сенатор Роб Портман ҳамда демократ сенатор Крис Кунс 3 ноябрь куни Киевга ташриф чоғида Вашингтон президент Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлашда давом этажагини тасдиқлаб, сайлов натижасидан қатъий назар шундай бўлажагини айтишди.

“Конгрессда украин халқининг курашини қўллаб-қувватловчи икки палатали қудратли тизим сақланиб қолажагига ишончим комил”, деди Кунс кейинроқ журналистларга.

Бироқ америкаликларнинг Украинага муносабатига бағишланган ижтимоий сўровлар бошқача манзара чизади.

Pew Research маркази сентябрда ўтказган сўров натижаларига кўра, “Вашингтон Украинага ҳаддан ортиқ ёрдам кўрсатяпти” деб ҳисобловчи республикачилар ва уларга хайрихоҳ сайловчилар салмоғи 32 фоизга етган – март ойида улар 17 фоизни ташкил этарди. Демократлар орасида эса бу кўрсаткич 8 фоиздан 11 фоизга ортган.

Сўров “Вашингтон Киевга етарлича дастак бермаяпти”, деб ҳисобловчи америкаликлар улуши қарийб 18 фоиз эканлигини кўрсатди. Ҳолбуки, март ойида ушбу кўрсаткич 42 фоиз эди.

Айрим қонун чиқарувчилар Украина АҚШнинг кўмагидан оқилона фойдаланаётганига шубҳа билан қарашади. Бу Украинанинг коррупция гуллаб-яшнаган, қонунлар яхши ишламайдиган давлат ўлароқ танилгани оқибатидир.

Украинага лоббилик қилган Yorktown Solutions фирмаси (Вашингтон) соҳиби Даниэл Вайдич “Киев АҚШ ёрдамидан, айниқса ноҳарбий соҳалардаги ёрдамдан қандай фойдаланаётганини яхшироқ тушунтириши керак”, деб ҳисоблайди.

Унга кўра, Украина республикачилар ва демократлар кўнглини қозониш учун янада “нозикроқ” йўл тутишига тўғри келади.

Бўсағадаги рецессия

8 ноябрдаги сайлов “оралиқ сайлов” деб аталмоқда, чунки у демократ Байденнинг тўрт йиллик президентлик муддати ўртасига тўғри келди. Тарихан шундай шаклланганки, Оқ уйни назорат қилувчи партия оралиқ сайловда деярли ҳар доим конгрессдаги ўринларини йўқотади.

Шунингдек, иқтисодий муаммолар ҳам америкалик сайловчилар учун аввалдан ташқи сиёсатга нисбатан муҳимроқ бўлган.

АҚШ иқтисодиёти, кўплаб экспертлар кутаётгани каби, яқин ойларда рецессияга ботадиган бўлса, Украинани кенг кўламда қўллаб-қувватлаш тарафдорлари янада камайиши мумкин.

Бироқ Россия содир этаётган ҳарбий жиноятлар Ғарбнинг Украина мавзусидан чалғишига йўл қўймайди, дейди америкалик собиқ дипломат ва ҳозирда RAND Corporation таҳлилчиси бўлмиш Уильям Кортни.

“Украинлар янги-янги ҳудудларни Россия ишғолидан озод этиб, босқинчиларнинг навбатдаги ваҳшийликларини фош қилиб турса, бу Қўшма Штатлар ҳамда Европанинг Украинага сиёсий дастагини мустаҳкамлайди”, деди у Озодлик билан суҳбатда.

Унинг фикрича, Украина кучлари жанговар руҳини сақлаб турар экан, республикачилар вакиллар палатасини ўз назоратига олган тақдирда ҳам АҚШнинг ҳарбий-сиёсий ёрдами камайиши белгиларини кўрмаймиз.

Айрим украинапараст сиёсатчилар, конгрессни республикачилар эгаллагач Киевга ёрдам камайиши мумкинлигини ўйлаб, декабрь ойида, яъни конгресснинг янги таркиби тузилгунга қадар Украинага қурол-аслаҳа ва гуманитар ёрдам бериш 2023 йилда ҳам давом этишини кафолатлаш чораларини кўрмоқ зарурлигини таъкидлашмоқда.

АҚШдаги украин диаспораси ташкилоти бўлмиш Украина-АҚШ координация кенгаши аъзолари сиёсатчиларни жорий йилда Киевга қўшимча ёрдам беришга кўндириш мақсадида сайловдан сўнг Вашингтонга боришади.

Ташкилот матбуот котиби Андрей Добрянский Қўшма Штатларда истиқомат қилувчи бир миллион нафардан зиёд украинларни сайловдан сўнг ўзларининг конгрессдаги вакиллари билан учрашишга ва уларни Украинага ташриф буюришга даъват этишга чақирди.

“Биз нима бўлишидан қатъий назар Украинага ёрдам давом этишига амин бўлишни истаймиз. Ўз конгрессменларингизни Украинага жўнатинг. Бу мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг қулай воситасидир”, деди Добрянский.

Форум

XS
SM
MD
LG