Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:37

Форишда бир ҳафтада бир коллежнинг икки ўқувчиси осилган ҳолда топилди


Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Фориш туман ҳокимлиги мулозими "ёшлар орасида ўзининг жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини" айтар экан, бундай фожиаларнинг олдини олиш учун махсус комиссия тузилганини билдирди.

Фориш маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси 18 яшар Ш.У. 6 январь куни кечқурун уйининг молхонасида "ўзини осиб ўлдиргани" ҳақида шу коллежнинг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири Озодликка хабар берди:

“Ўша куни Ш. ўртоқларини уйига чақириб, ташқарида ўчоқда овқат қилишган. Овқат пишганидан сўнг ўртоқларига, сизлар овқатни сузиб туринглар, мен ҳожатга чиқиб келай деганда, молхона томонга ўтиб кетган. У ҳеч келавермагач, ўртоқларидан бири орқасидан борса, молхона тўсинига ўзини осиб қўйган экан”.

Ўқитувчининг айтишича, Янги йилдан уч кун олдин коллежнинг яна бир ўқувчи қизи ўз жонига қасд қилган эди:

“Шу кунларда коллеж ўқувчилари қишки таътилга чиққан. Биз Ш.нинг ўзини осиб ўлдирганини эшитиб, шокка тушдик. Чунки 28 декабрь куни яна бир 3-босқичда ўқийдиган 18 яшар Н.И. деган қизимиз ҳам уйида ўзини осиб ўлдирган эди. Бирданига балки бу ёшлар ўртасида қандайдир муносабат бўлган бўлса керак, деган хаёл келди. Марҳумларнинг ўртоқлари ва дугоналари билан гаплашганимиздан кейин улар орасида ҳеч қандай муносабат бўлмаганини, бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳодиса эканлиги аниқланди”.

Ўзини Фориш маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори Нўъмон деб таништирган мулозим, Озодлик билан худди маст одамдай тили чайналиб гапирди ва мухбирни сенлаб, дағдаға қилди:

- Мен сенга айтиб қўяй, мен осмадим уни, майлими. Сен менга звонит қима, майлими, - деб директор алоқани узди.

Фориш тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими коллеж икки ўқувчисининг ўлганини тасдиқлади ва бу ҳолатлар билан туман прокуратураси шуғулланаётганини айтди.

Фориш туманидаги исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, сўнгги пайтда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган:

“Бу ёшларга нима бўляпти ҳайронман. Бир ой олдин Фориш марказида яшайдиган оиланинг бир ўғли ўзини осиб ўлдирган эди. Орадан 3 кун ўтиб унинг худойиси куни ўша ўлган боланинг укаси ҳам ўзини куппа-кундуз куни осиб қўйди. Мана яна бир ой ўтмасдан яна иккита шундай воқеа бўляпти. Буни туман ҳокими ҳам кечаги селектор йиғилишида айтиб, маҳаллалар қон чиқариб, худойи қилиб юборинглар, деб топшириқ берди”, - дейди маҳалла оқсоқоли.

Фориш тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жаҳонгир Жиянов Озодлик билан суҳбатда туманда ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи ўтган йили аввалги йилга нисбатан 4 тага ошганини билдирди:

- Бир йил давомида 9 та ўз жонига қасд ҳолати бўлди. Бу аввалги йилга нисбатан 4 тага кўп. Албатта, бу ачинарли ҳол. Биз мутахассислар билан бундай фожиаларнинг сабабини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзини осган ўқувчи қиз ҳам ўзига тўқ оиладан, ижтимоий қийинчилиги йўқ. Ўзини осган ўғил боланинг отаси ҳам узоқ йиллар ички ишларда ишлаган, обрў-эътиборли оила. Ночор оила десак, қийналган оила десак балки бунга бир сабаб бўларди, лекин бу иккаласи ҳам ўзига тўқ оила. Биз бундай воқеаларни маҳаллаларда муҳокама қиляпмиз. Ҳамма маҳалла раисларини чақириб, бу соҳада қаттиқ ишламасак бўлмайди, деб келишиб олдик”, дейди ҳоким ўринбосари Жаҳонгир Жиянов.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йил 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG