Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:13

Тошкент Толибонни ҳозирча тан олмайди, аммо у билан "тил топишади"


Толибон делегацияси Тошкентдаги анжуманда. 26 июль, 2022
Толибон делегацияси Тошкентдаги анжуманда. 26 июль, 2022

Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон ҳукуматини тан олиш масаласини кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов баёнот берди.

26 июль куни Тошкентда Афғонистонга бағишланган халқаро анжуманда гапирган Комиловга кўра, Толибон ҳукуматини тан олиш масаласи ҳозирча “кун тартибида йўқ”. Айни пайтда Абдулазиз Комилов “Толибон ва жаҳон ҳамжамияти умумий тил топишга ҳаракат қилаётгани”ни ижобий тенденция деб баҳолаган.

«Бугун тан олиш билан боғлиқ кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Афғонистон делегацияси раҳбари [Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини важарувчи Амир Хон] Муттақий очиқчасига айтди: Мен барча саволларни, ҳатто бу ерда айтилган барча шикоятларни ҳам ёзиб олдим, буни раҳбариятим билан муҳокама қиламан» , — деди махсус вакил.

Ва, албатта, биз умумий тил топишга ҳаракат қиламиз. Бу ўзаро ишончни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан катта қадам бўлиб, бусиз тан олиш масаласи ҳам бўлмайди», — дея Комиловнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Газета.уз нашри.

Абдулазиз Комилов
Абдулазиз Комилов

Мирзиёев Толибонга: Террорчилар билан алоқани узинг!

Толибон вакиллари иштирок этган анжуманда президент Шавкат Мирзиёев толибларни халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узишга чақирди.

Анжуман қатнашчиларига йўллаган мурожаатида Толибон ҳукуматини “терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўриш”га чақирган.

Ўтган йил августида қўшни Афғонистонда Толибон ҳокимиятни босиб олганидан буён расмий Тошкент толибларннинг террорчи ташкилот сифатидаги ўтмишига илк бор очиқ ишора қилмоқда.

Шу йилнинг 5 июль куни Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига 5 та реактив снаряд отилган. Толибон снаряд отган шахсларни қўлга олгани, ҳужумдан мақсад икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказиш бўлганини айтган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий хабарида айтилишича, Тошкентдаги анжуманда Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Афғонистон бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига хавф солмаслигини таъкидлаган

Музлатилган захиралар

Президент Мирзиёев шунингдек, Афғонистонни халқаро майдонда яккалаб қўйиш мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада кучайтиришини айтиб, “бунга йўл қўйиб бўлмаслигини” таъкидлаган.

Ўзбекистон президенти халқаро ҳамжамиятни “афғон халқи билан бирдамликни намоён этиш”га чақирган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун мамлакатнинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш муҳимлигини қайд этган.

Тошкентдаги анжуман АҚШ ва Толибон расмийлари Афғонистон марказий банкининг хориждаги захираларидан мақсадли фойдаланиш учун маблағ ажратиш бўйича музокаралари фонида ўтмоқда.

Reuters агентлигининг 26 июль куни ўз манбаларига таяниб ёзишича, томонлар ўртасида жиддий тафовутлар сақланиб қолмоқда. Жумладан, Толибон марказий банкнинг юқори сиёсий амалдорларини алмаштиришдан бош тортган. Улардан бир АҚШ санкциялар рўйхатига ҳам тушган.

Reuters нинг қайд этишича музлатилган пулларни қайтариш Афғонистоннинг барча молиявий муаммоларини ҳал қилмаслиги мумкин, аммо бу ташқи ёрдамнинг пасайиши, давомли қурғоқчилик ва июнь ойида 1000 кишининг ҳаётига зомин бўлган зилзиладан жабр кўрган мамлакатга кўмак беради. Бу йил миллионлаб афғонлар иккинчи қишни очарчилик билан кутиб олиш таҳдидига юз тутмоқда.

Афғонистон марказий банкининг юқори кенгашида ўтирган афғон-америкалик иқтисодиёт профессори Шоҳ Меҳробий “ҳали келишувга эришилмагани”ни айтган.

Афғонистондан ташқарида 9 миллиард долларга яқин, жумладан, АҚШнинг ўзида 7 миллиард доллар заҳира активлар сақланмоқда.

Музокаралар дастлабки 3,5 миллиард долларлик активларни ажратишга қаратилган. Президент Жо Байден Нью-Йорк Федерал захира банкидаги 7 миллиард долларлик афғон заҳираларини “афғон халқи манфаати учун” ажратишга буйруқ берган.

Қолган 3,5 миллиард доллар тақдири эса Толибонга қарши 11 сентябрь воқеасига алоқадор суд ишида кўриб чиқилади. Суд маблағларни қайтаришга қарор қилиши мумкин.

Хорижий ҳукуматлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Толибонни инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ва судсиз қотилликларда айблаб келади. Толибон ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан буён аёллар эркинлигини чеклаб келаётир.

Халқаро ҳамжамият Толибон ҳокимиятини расман тан олишдан олдин инсон ҳуқуқлар бўйича ўз сиёсатини яхшилашини талаб қилган.

ЭКСКЛЮЗИВ: Толибон билан гаплашаётган Мирзиёев Афғонистон ўзбеклари дардини ҳам эшитадими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:37 0:00

Толибон қотилликларни текширишга ваъда берган ва афғонларнинг таълим олиш ва сўз эркинлигини ислом қонунлари доирасида таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, афғон маблағларини қайтариш вақтинчалик енгиллик олиб келади. Толибондан олдин ҳукумат бюджетининг 70 фоизини молиялаштирган тўғридан-тўғри хорижий ёрдам ўрнини тўлдириш учун янги даромад манбалари зарур.

Қурғоқчилик, COVID-19 пандемияси ва Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган юқори ишсизлик ва нархларнинг кўтарилиши Афғонистонда гуманитар инқирозни янада кучайтирди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чет элдаги маблағларни марказий банкка қайтариш инқирозни тўхтатишга ёрдам беради.

Форум

XS
SM
MD
LG