Линклар

Шошилинч хабар
09 апрел 2020, Тошкент вақти: 21:13

Бортида коронавирусда гумонланган шахс бўлган Сеул-Тошкент рейси йўловчилари карантинга олинмади


Коронавирус тарқаган Хитойдан январь ойида олиб келинган ўзбек талабалари Тошкент аэропортида махсус тиббий гуруҳ томонидан қарши олинган эди.

27 февраль куни Жанубий Корея пойтахти Сеулдан Тошкентга учиб келган ва бортида коронавирусга чалингани гумон қилинган шахс бўлган самолётнинг 232 нафар йўловчиси ва 12 нафар экипаж аъзоси бир неча соат изоляцияда ушлаб турилганидан сўнг уйларига қўйиб юборилди.

28 февраль куни Озодлик боғланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси¸ Сеулда қолдирилган йўловчининг коронавирусга чалингани ҳозирча тасдиғини топмагани¸ рейснинг 250 ка яқин йўловчиси ўз яшаш манзили кесимида тиббий назоратга олинганини билдирди.

Айни шу куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида расмийлар аҳолини коронавирусдан хавотирга тушмасдан, огоҳ бўлишга чақирди.​

Бортида коронавирусда гумонланган шахс бўлган Сеул-Тошкент рейси йўловчилари карантинга олинмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:11 0:00


"Сеулда қолдирилган одамнинг коронавирусга чалингани аниқланса, биз ҳам чора кўрамиз..."

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 28 февраль куни Озодлик боғланган мутасаддиси¸ бир кун олдин Сеулдан Тошкентга келган самолёт йўловчиларида ўткир респираторли вирус инфекцияси аниқланмагани ортидан уларнинг уйларига қўйиб юборилганини билдирди.

- Сеулда қолдирилган беморнинг коронавирусга чалингани ҳали тасдиқланмади. Муайян вақт ўтганидан кейингина унга аниқ ташхис қўйиш мумкин бўлади. У ҳозирча вирус юқтирганликда гумонланмоқда. Шунинг учун Тошкент аэропортида изоляция қилинган йўловчилар қўйиб юборилди. Агар Сеулда қолдирилган бемор коронавирусга чалингани аниқланса, кейин чоралар кўрилади, -деди 28 февраль куни Озодлик билан суҳбатда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийси.

Бизда изолятор йўқ. 700-800 одамни изоляция қилиш имконияти бор, холос.

Суҳбатдошнинг айтишича, Сеулдан келган самолёт бортида бўлган 232 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси Тошкент аэропортининг алоҳида терминалида тиббий кўрикдан ўтказилганидан сўнг уйига юборилган.

- Ҳозирча бу самолётда келган йўловчилар ўз яшаш жойларидаги поликлиникаларда кўрикдан ўтиб турадилар. Агар касаллик аломатлари аниқланса, касалхонага ётқизилади. Самолет йўловчилари ва экипажининг яшаш манзиллари, паспорт маълумотларини рўйхатга олганмиз.

27 февраль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирус таҳдидига бағишланган махсус селектор йиғилиши ўтказди.

Селектор қатнашчиларидан бири томонидан Озодликка тақдим этилган аудиоëзувдан тиббиëт тизими мутасаддиларининг Ўзбекистонга коронавирус кириши олдини олиш чора-тадбирларидан қониқмаëтгани англашилади.

Шодмонов ўз чиқишида хусусан¸ 27 февраль куни бортида коронавирусга чалингани гумон қилинган йўловчи ўтирган Сеул-Тошкент рейсининг уч соатдан сўнг Сеулга қайтарилгани¸ беморни Кореяда қолдириб¸ қолган йўловчилар билан Тошкентга учиб келгани воқеасини Ўзбекистоннинг коронавирусни “кутиб олишга тиббий жиҳатдан тайёр эмас”лигига мисол сифатида тилга олди.

Мутахассис: "Йўловчиларнинг аэропортдан чиқариб юборилгани қўпол хато бўлди!"

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган тиббиëт мутахассиси “27 февраль кунги Сеул рейси йўловчиларини изоляция қилмай, шаҳарга чиқариб юборилгани қўпол хато бўлгани"га ишонишини айтади.

Карантин даврини 14 кун эмас, камида 28 кун қилиб белгилаш лозим

“Бошқа рейслардаги йўловчиларни шу тарзда текшириб, чиқариб юборишса хавотирга ўрин қолмасди. Аммо бу самолётда коронавирусга чалинганликда гумонланган бемор бевосита бошқа йўловчилар билан муносабатда бўлган. Бундай ҳолатда тасдиқланган қоида бўйича уларни 14 кун карантинда сақлаш керак эди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган сўнгги маълумотларга қараганда, коронавируснинг яширин даври 28 кунгача чўзилиши мумкин. Яширин даврни 38 кун бошидан кечирган бемор ҳам аниқланган. Вирус аломатлари ҳали кўринмай туриб¸ бошқаларга юқади. Ҳозир карантин даврини 14 кун эмас, камида 28 кун қилиб белгилаш кўриб чиқилаяпти".

Мутахассиснинг бу танқидига муносабат билдирган Санитария-эпидемиололгик осойишталик агентлиги расмийси¸ инфекция ўчоғи деб кўрилаëтган Жанубий Кореядан учиб келганларнинг белгиланган тартибда карантинга олинмаганини¸ Ўзбекистонда бунинг учун шароит йўқлиги билан изоҳлади.

- Ҳа, тушунамиз, Жанубий Корея Хитойдан кейин коронавируснинг энг йирик ўчоқларидан бири. Аммо Тошкентга ҳар куни Сеулдан учта рейс келади. Улардаги барча йўловчиларни изоляция қилишнинг иложиси йўқ. Бизда изолятор йўқ. 700-800 одамни изоляция қилиш имконияти бор, холос. Шунинг учун "Ўзбекистон ҳаво йўллари"га Сеулга парвозларни камайтиришни таклиф қилганмиз.

Жума намозига келувчилар сонини чеклаш таклиф этилди

28 февралга келиб коронавирусдан ўлганлар сони кескин ошиб бораëтган Эрон ислом жумҳурияти аксар жамоат тадбирлари¸ хусусан¸ жума намозларини тақиқлади. Саудия Арабистони эса¸ мамлакатга зиëратчиларнинг келишини тақиқлади ва вирус тарқаган давлат фуқароларига виза беришни тўхтатди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида тузилган коронавирусга қарши марказий штаб вакили Ўзбекистонда ҳам коронавирусдан ҳимояланиш учун шундай чоралар жорий этилиши эҳтимолини инкор қилмади.

Штаб вакили Вазирлар Маҳкамасига оммавий тадбирларни бекор қилиш ёки бу каби тадбирларда қатнашадиганлар сонини чеклаш таклифи киритилганини билдирди:

Жумладан, жума намозларини ҳам чеклаш таклифини киритдик.

- Жумладан, жума намозларини ҳам чеклаш таклифини киритдик. Албатта, жума намозни тақиқлай олмаймиз, лекин аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориб, намозга келувчилар сонини озайтиришни тавсия қилмоқдамиз. Ҳозир бу таклиф Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилинмоқда. Бундан ташқари 3 март куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган футбол ўйинини ҳам бекор қилдик.

Санитария-эпидемиололгик осойишталик агентлиги расмийсининг Озодликка айтишича, ҳозиргача Хитойдан келган 4 724 нафар одам уй кузатувига олинган. Улардан 4 218 нафарининг 14 кунлик тиббий кузатув даври 26 февраль куни якунланган. Ҳозирда яна 506 нафар фуқаронинг соғлиғи устидан тиббий назорат давом эттирилмоқда.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG